21:52 / 18.08.2021
2 016

Толибларнинг ҳокимиятга келиши. Кобул нима учун бунча тез қулади?

Толибларнинг ҳокимиятга келиши. Кобул нима учун бунча тез қулади?
Толиблар кўплаб вилоятларни жангсиз эгаллади / EPA
Толибларнинг яшин тезлигидаги ҳужумлари афғон ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятни доғда қолдирди. Ҳеч ким Кобул америкалик ҳарбийлар ва унинг иттифоқчилари олиб чиқилиши жараёни якунланишидан олдин қулашини кутмаганди.

«Толибон» бир неча ой ичида қандай қилиб бутун Афғонистонни эгаллади, НАТО томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган маҳаллий армия уни тўхтата олмади? BBC рус хизмати рўй берган ҳодисаларнинг сабабларини санади.

Коррупция ва жанговар руҳнинг йўқлиги
«Биз 20 йил ичида уч триллион доллардан ортиқ маблағ сарфладик. Биз афғон хавфсизлик кучлари учун 300 мингдан ортиқ кишини ўқитдик ва замонавий техникалар билан қуроллантирдик», деди АҚШ президенти Жо Байден ўтган ҳафтада.

20 йилликда биргина америкаликларнинг Афғонистон армияси учун сарфлаган маблағи 83 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган.

300 минг киши - Афғонистон ҳукуматининг куч ишлатар тузилмалардаги шахсий таркиби бўйича расмий рақам: армия, ҳарбий-ҳаво кучлари ва полиция.

Толибларнинг асосий кучлари эса, АҚШнинг Вест-Пойнтдаги ҳарбий академияси ҳисобларига кўра, 60 минг киши атрофида; турли манбалар 75-80 минггача рақамларни келтиради.

Фото: АР/ТАСС
Аммо Бирлашган Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти вакили Жек Уотлингнинг фикрича, аслида афғон армияси раҳбарияти ҳам ўз ихтиёридаги барча ҳарбийларнинг аниқ сонини била олмаган.

Ҳукумат армияси учун хизматга чақирув жараёни ҳеч қачон маромига етказилмаган, армия ҳамиша дезертирлик, коррупция, улкан йўқотишлар ва жанговар руҳнинг жуда паст даражада бўлишидан азият чеккан. Айрим қўмондонлар фақат ҳужжатларда қайд этилган «арвоҳ аскарлар» учун маошларни ўзлаштириб келишган.

Foreign Policy журнали корреспонденти Линн О’Доннелл мамлакат мудофаа вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги коррупция ботқоғига ботгани ҳақида ёзган. Унинг маълумотларига кўра, полициячилар ойлар давомида маош олишмаган, ҳарбийлар доимий равишда маошлар тўланиши кечикишидан шикоят қилиб келишган.

Newsnight манбаси ҳам Кобулдаги ҳукумат тезда қулашининг асосий сабаби сифатида Афғонистон армиясидаги ҳарбийлар сони рақамлардагидан олти баробар кам бўлгани, «Толибон» жангарилари сони эса ҳисоб-китоблардагидан икки баробар кўплигини айтган.

Вазиятдан хабардор бўлган икки манба афғон армияси ҳарбийлари сони аслида 50 минг киши атрофида бўлганини тасдиқлаган. BBC билан суҳбатда бўлган юқори мартабали амалдорлардан бири мамлакат мудофаа вазири ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири ўртасидаги суҳбатда шундай рақамлар келтирилганини айтган.

Яна бир манба, халқаро терроризм бўйича эксперт Сажан Гоэл ҳам 50 минглик рақам ҳаётга яқинроқ деб ҳисоблайди.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги адмирали Майк Маллен CNN телеканалига берган интервьюсида америкаликлар ва унинг иттифоқчилари коррупциянинг мамлакат мудофаа қобилиятига таъсирига етарлича баҳо бера олмаганини айтган. Унинг ҳисоблашича, коррупция афғон армиясининг мағлубиятидаги ягона омил бўлмаса-да, асосийси бўлган.

Президент Байден Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиш қарорини бир неча бор ҳимоя қилди / POOL
Афғон ҳарбийлари аксар ҳолларда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида, қариндош ва танишлари йўқ бўлган жойларга хизмат қилиш учун юборилган ва бу ҳам улар позицияларини жангсиз бой бериши омилларидан бири бўлиб хизмат қилган - аскарлар тезроқ ўз юртига етиб олиш ва оиласини ҳимоя қилишга интилган.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги яна бир адмирали Жеймс Ставридис ўз интервьюсида америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистонда ғарб намунасидаги доимий армияни тузишга уриниб, хато қилганини қайд этади. Унинг ҳисоблашича, бунинг ўрнига толибларникига ўхшаш, замонавий техникалар ва ҳаводан қўллаб-қувватловга муҳтож бўлмаган мобил отрядлар тузиш керак эди.

Амалдаги ҳокимият легитимлиги масаласи

Президент Ашраф Ғани коррупцияда ва сайловдаги қоидабузарликларда айбланади / Reuters
Кенг тарқалган коррупция - америкаликлар кириб келгач сайланган президентлар - Ҳамид Карзай ва Ашраф Ғани ҳукумати афғон жамоатчилигининг катта қисми томонидан легитим деб ҳисобламаслиги омилларидан биридир.

Ғани 2019-2020 йиллардаги сайлов жараёни якунига кўра иккинчи муддатга сайланади, бу сайлов бир неча ой давом этиб, сайловдаги қоидабузарликлар бўйича айбловлар билан кечади.

Овоз бериш жараёнида 40 миллионлик аҳолидан 2 миллиондан камроғи қатнашади. Ғанидан аввалги президент Карзай унинг инаугурациясига келмайди.

CNN таҳлилчиси Фарид Закариёнинг фикрича, афғон ҳукумати хорижий кучлар ҳисобига яшаб тургани учун ҳам легитимликка эриша олмаган.

Америкалик истеъфодаги дипломат Картер Малкасян Афғонистонда, бошқа давлатларда бўлгани каби, маҳаллий аҳоли ўз ерида хориж аскарлари, айниқса бошқа диндагилар бўлишини исташмаслиги ҳақида фикр билдирган.

Афғонлар кўплаб хорижий босқинчиларни қувиб юборишгани билан фахрланиб келишади, “Толибон” эса бундан ўз ташвиқоти учун унумли фойдаланган, Вашингтонга қарам ҳукумат эса - йўқ.

“Афғонистондаги кўплаб эркаклар ва аёллар учун АҚШнинг мамлакатдаги мавжудлиги муаммо эди. Бу эса “Толибон”га амалдаги ҳукумат - хорижликларнинг қўғирчоғи экани ҳақида гапиришга имкон берарди”, дейди Малкасян.

Unherd нашри таҳлилчиси Арис Руссинос Америка генераллари ва уларнинг британиялик иттифоқчилари "партизанларга қарши урушлар" бўйича доктринага (COIN) таянишгани ҳақида ёзади, унга кўра, интервентлар инфратузилмалар лойиҳалари ва инвестициялари орқали ҳукуматнинг қонунийлигини таъминлашга эришишлари мумкин.

Публицист бу ҳал қилувчи хато бўлган деб ҳисоблайди - айнан афғон ҳукумати хорижий державаларга ўта қарам бўлгани уни кенг халқ оммаси қўллаб-қувватловидан маҳрум қилган.

Толибларнинг ташвиқоти

Жангарилар маҳаллий аҳолини қўрқитишган ва ҳамкорлик қилишга кўндиришган / EPA
Толиблар сўнгги йиллар мобайнида маҳаллий аҳоли билан методик ишлар олиб боришган ва оқсоқолларнинг қўллаб-қувватловига, улар эса ҳукумат аскарларини таслим бўлишга кўндиришига эришишга уринган.

International Crisis Group экспертлари ёзишича, жангарилар чекка ҳудудларда дезинформация, таҳдидлар, зўравонликлар ҳамда ҳамкорлик эвазига афв этиш ваъдалари билан жамоаларни ўз таъсирига оғдиришган.

Толиблар томонидан иккинчи вилоят маркази бўлган Шибирғоннинг юқори мартабали амалдорларидан бири "Франс пресс" агентлигига берган интервьюсида ҳукумат ҳарбийлари эса "Толибон"нинг кенг ташвиқот кампанияси туфайли жанговар руҳини йўқотгани ҳақида айтади.

У шаҳар ҳимоячиларининг асосий қисми толиблар келишидан олдинроқ қуролларни ташлаб қочиб кетганини қўшимча қилган.

Толибларнинг даромадлари - наркосавдодан солиқларгача

Экспертлар жангарилар контрабанда ва наркотиклар орқали катта маблағ ишлашини айтишади / AFP
Толибларнинг ресурслари АҚШнинг миллиардлаб инвестициялари билан тенглаша олмаса-да, ҳаракатнинг ҳам ўз даромад манбалари бўлиб келган. Newlines Institute тадқиқот маркази вакили Комрон Боҳарийнинг айтишича, улар гиёҳвандлик моддалари савдосидан, хусусан опиумдан, контрабанда орқали катта пул топишган, шунингдек, ўз назоратидаги ҳудудларда ер солиғи йиғишган, фермерлар ва бошқа тадбиркорлар ҳам уларга улуш бериб фаолият олиб боришган.

НАТО томонидан буюртма қилинган ёпиқ ҳисоботда айтилишича, 2020 йилда толиблар тоғ-кон саноати орқали 464 млн доллар, гиёҳванд моддалар савдоси орқали 416 млн доллар ишлаб олишган, 240 млн доллар хорижий донорлардан, яна 240 млн доллар - маҳсулотлар экспортидан келган, шунингдек, солиқлар орқали 160 млн доллар йиғилган (“Озодлик Радиоси” маълумоти).

Афғонистонда советлар босқинидан кейин жуда кўп ўқотар қуроллар қолган. Бу йил эса ҳукумат қўшинлари устидан ҳар бир ғалабадан кейин толиблар америкаликлар томонидан берилган кўплаб замонавий қуроллар, “Ҳамви” русумли зирҳли техникалар, тунги кўриш мосламалари ва артиллерия қуролларини қўлга киритишди.

Ақлли дипломатия

Бу сафар толиблар мамлакатни фақатгина ҳарбий юришлар билан эмас, балки дипломатик саъй-ҳаракатлар билан ҳам назоратга олди. Ҳаракатда ягона раҳбар мавжуд эмас - уни сиёсий етакчилар гуруҳи бошқаради, уларнинг асосий қисми Қатар пойтахтидаги қароргоҳдан туриб ишлайди.

Доҳадаги учрашувларда улар америкалик дипломатларни бундан буён “Ал-Қоида” раҳбарларини яширмасликлари, бешафқат жазо усулларидан воз кечишлари ҳамда зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканликларига ишонтиришди.

Толиблар ўз сўзларида туришмади - аммо бу маълум бўлганида америкалик ҳарбийлар олиб чиқиб бўлинганди ва Байден бу жараённи тўхтатишни истамади.

“Бугунги “Толибон” ўзини халқаро миқёсда ҳам, маҳаллий даражада ҳам чиниққан ва лаёқатли дипломатик ўйинчи сифатида намойиш этмоқда”, деб ҳисоблайди журналист Арис Руссинос.

Ҳаракатнинг сиёсий раҳбарияти Россия ва Хитой билан музокаралар олиб борди ҳамда ўз курашини Афғонистон чегараларидан ташқарига чиқармасликни ваъда қилди. Толиблар делегацияси Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирликлари томонидан қабул қилинди.

"Толибон" Хитойни халқаро легитимлик манбайи, бўлғуси иқтисодий ҳомий ва иттифоқчиси Покистонга таъсир кўрсатиш воситаси сифатида кўради”, дея ёзади Wall Street Journal газетаси корреспонденти Чао Дэн.

Покистон ва Форс кўрфази мамлакатлари кўмаги
Айнан Покистоннинг қўллаб-қувватлови “Толибон” муваффақиятларидаги асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Расмий Исломобод Афғонистондаги фуқаролик уруши масаласида бетараф эканини айтиб келади, аммо экспертлар Покистон ўзининг шимолдаги тоғли ҳудудларида "Толибон"нинг дала қўмондонларини яшириб келиши ҳамда уларга ўз куч ишлатар тузилмалари орқали доимий ёрдам кўрсатиб келади, деб ҳисоблайди.

Толиблар ҳаракати 1990-йилларда айнан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида, СССР томонидан қўллаб-қувватланган коммунистик ҳукуматга мухолиф куч сифатида пайдо бўлган.

Карнеги маркази эксперти Оқил Шоҳнинг фикрича, аввалбошдан толибларга Покистон разведка хизмати (ISI) ёрдам кўрсатган.

Вазиристон вилояти - Покистондаги толибларнинг асосий таянчларидан бири / Getty Images
Ҳозирда толибларнинг ҳарбий-сиёсий кенгаши бўлмиш “шўро”нинг қароргоҳи Покистоннинг Белужистон вилоятида жойлашган.

Оқил Шоҳ Покистон армияси ва разведкаси ҳамон “Толибон”га ёрдам кўрсатиб келади деб ҳисоблайди, жангарилар ва қуроллар чегара орқали эркин ўтиши, жароҳатланган жангарилар Покистондаги шифохоналарда даволаниши, улар Покистон паспорти билан саёҳат қилишлари ҳамда йирик шаҳарларда бизнесларини йўлга қўйиш имкониятига эгаликлари бунга далил сифатида келтирилади.

Толибларнинг ҳокимиятга келиши муносабати билан Покистон хавфсизлик хизмати афғон разведкаси устидан тўлиқ назорат ўрнатиши мумкин бўлади, олдинги ҳукумат разведка хизмати покистонликларнинг азалий душмани ҳисобланган Ҳиндистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишда гумонланган.

New York Times газетаси Покистон толибларга ҳомийлик қилишини Саудия Арабистони ҳам норасман қўллаб-қувватлайди, саудиялик шайхлар ва бизнесменлар толибларни молиялаштиради.

Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари 1990-йилларда толибларнинг амирлигини тан олган уч давлат бўлганди.

Форс кўрфазидаги яна бир бадавлат давлат Қатар эса "Толибон"нинг сиёсий раҳбариятига Доҳадан бошпана берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толибларнинг ҳокимиятга келиши. Кобул нима учун бунча тез қулади?