16:42 / 14.10.2021
1 632

КХДР раҳбари «енгилмас армия» тузишни ваъда қилди

КХДР раҳбари «енгилмас армия» тузишни ваъда қилди
Фото: Reuters
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Қўшма Штатларнинг душманона сиёсатига қарши кураш учун енгилмас армия тузишни ваъда қилди. У шунингдек КХДР янги қурол турларини уруш бошлаш учун эмас, фақат мудофаа учун ишлаб чиқараётганини қўшимча қилган.

Ким Чен Иннинг бу баёноти Шимолий Корея учун янгилик бўлган мудофаа саноати кўргазмасида, турли ракеталар фонида турган ҳолда берилди.

Шимолий Корея махсус кучлари Пхеньяндаги ҳарбий кўргазмада мушти билан ғишт синдириш ва темир панжараларни букиш маҳоратини намойиш этди. Тегишли видео мамлакат марказий телевидениеси томонидан намойиш этилган.

Сентябрь ойи охирида Шимолий Корея мамлакат тарихида илк марта гипертовушли ракета учирганди. Ҳукуматнинг маълум қилишича, «Ҳвасон-8» деб номланган ушбу турдаги ракета синовлари муваффақиятли ўтган. Шунингдек, КХДР Мудофаа фанлари академияси томонидан янги турдаги бошқарилувчи зенит ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Янги ракеталар учирилиши жараёни телевизор орқали намойиш этилган. Бу нафақат мудофаа учун, балки қашшоқлашган аҳолида ватанпарварлик руҳини кўтариш учун ҳам қилинмоқда / GETTY IMAGES
Бу вақтда Жанубий Корея ҳам сувости кемаларидан янги қанотли ракеталарини учириб синов ўтказганди.

Жанубдагиларнинг ҳарбий тайёргарлиги кучайтирилишига жавобан Шимол етакчиси КХДР қўшнилар билан уруш қилишни истамаслигини айтиб ўтди. «Биз уруш бошлашни истамаймиз, аммо урушнинг олдини олишни истаймиз, шу туфайли ўз суверенитетимизни ҳимоялаш учун мудофаа салоҳиятимизни оширамиз», деди Ким Чен Ин.

Турли-туман ҳарбий техникалар қуршовида турганча у АҚШни Шимол ва Жануб ўртасидаги зиддиятга олов қалашда айблади ва шу пайтгача Қўшма Штатлар КХДРга душман кўзи билан қарамаётганининг белгиларини кўрмаётганини қайд этди.

Жо Байден маъмурияти бир неча марта Шимолий Корея билан музокаралар ўтказиш ҳамда санкцияларни юмшатишга тайёрлигини айтган, аммо бунинг учун Пхеньян ядро қуроли ишлаб чиқариш бўйича ҳаракатларини тўхтатиши талаб этилади. Ҳозирча КХДР бундай шартга рози эмас.

Ўз вақтида БМТ Шимолий Кореяга баллистик ракеталари ва ядро қуроли синовини ўтказишни тақиқлаганди. КХДР эса бу тақиқларни эътиборсиз қолдирди, натижада бу давлатга нисбатан қатъий санкциялар жорий этилди .

Сентябрь ойида Атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЭ)Шимолий Корея Ёнбендаги 2018 йил декабрь ойида тўхтаб қолган қурол учун плутоний ишлаб чиқарадиган атом реактори лойиҳасини қайта ишга туширгани ҳақида хабар қилди. Мазкур воқеа Ким Чен Иннинг АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп билан учрашувидан олти ой ўтгач тўхтатиб қўйилганди.

КХДР 2009 йилда инспекторларини ҳайдаб чиқарган МАГАТЭ ушбу ҳодисалар ўта хавотирлилиги ва БМТ хавфсизлик кенгашининг резолюциясига зид эканлигини билдирган.

Шимолий Корея ҳамиша ўз мудофааси учун янги қурол турларини ишлаб чиқаришда давом этиши зарурлигини айтиб келади.

Шимолий Кореядаги ҳақиқий вазият ҳақида гапириш қийин. Ташвиқот плакатларига қаралса, барчаси жойида.
​​​​ERIC LAFFORGUE/ART IN ALL OF US/CORBIS VIA GETTY

Аммо кузатувчиларнинг тасдиқлашича, ҳарбий дастурлардан аслида қашшоқ аҳолининг руҳини кўтаришда фойдаланилади. Ҳукумат Covid-19 пандемияси туфайли мамлакат чегараларини бутунлай ёпиб олгач, айни вақтда КХДРда ўта оғир иқтисодий вазият юзага келган деб айтишга асослар бор.

Ўтган давр мобайнида Хитойдан биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотлар - ёнилғи ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши ҳам тўхтаб қолган.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, Ким Чен Ин кўргазмага анънавий тўқ рангли костюмда ташриф буюрган, аммо унинг оёғида ботинка эмас, пайпоқ ва шиппак бўлган, бу эса яна бир бор унинг соғлиги ҳолати тўғрисидаги саволларни юзага келтирди.

Подагра одатда бўғимлар шиши билан бирга кечади. Бу касалликнинг юнончадан таржимаси «оёқ учун қопқон» маъносини беради.
Аниғини ҳеч ким билмайди, аммо кўпчиликнинг ҳисоблашича, унинг соғлигидаги муаммолар ортиқча вазн тўплагани, шунингдек, подагра (моддалар алмашинуви туфайли юз берадиган, бўғинларни қизишгандай зирқиратиб оғритадиган касаллик) билан боғлиқ. Унинг ташрифларига оид расмий видеоёзувларда ортиқча вазндан азият чекаётгани билиниб турган КХДР етакчиси бироз оқсоқланиб юрганини сезиш мумкин. Унинг кенг шимлари ҳам юришнинг нотекислигини билдирмаслик учун махсус тикилгани айтилади.

Сеулдаги NK News агентлиги таҳлилчиси Колина Звирконинг сўзларига кўра, май ойида шимолий кореяликлар етакчиси жуда тезлик билан озиб кетган, сентябрь ойида ўзига хос бўлмаган тарзда юмшоқ гилам устида жуда узоқ нутқ сўзлаганди.

Ҳарбий парад муқобили
Лора Бикон, BBC’нинг Сеулдаги корреспонденти

Пхеньян ҳамиша парадларда ҳарбий техникаларни намойиш этиб келади. Ўтган йили парад Сеулда ҳам намойиш этилганди.
Ким Чен Ин нафақат ўз ҳарбий қудрати бўйича баёнот берди, балки уни бизга кўрсатди ҳам.

Айтиш мумкинки, бу кўргазма ҳарбий параднинг муқобили бўлди. Бу Ким Чен Ин ҳокимиятга келганидан буён шу каби биринчи кўргазмадир.

Қитъалараро ҳаракатланувчи ракеталар ҳамда ўзининг ҳарбий формадаги портретлари қуршовида туриб у ўзининг «чексиз мағрурлиги» ҳақида гапирди.

Ким Чен Ин рафиқаси билан курсантлар қуршовида. Кимларнинг уч авлоди ҳам армияга муҳаббатини ва ҳамиша улар билан биргалигини очиқчасига намойиш этиб келган
У шунингдек мамлакат ҳарбий арсеналини ривожлантириш давом этиши ва бундан мақсад фақат бошқаларни тийиб туриш ҳисобланишини айтиб ўтган.

У ўз армияси ихтиёридаги қуроллар рўйхатини кенгайтиришга ваъда қилиб, сўнгги йилларда Жанубий Корея ҳам айнан шу иш билан шуғулланаётганини қайд этган.

Ким Чен Ин ўзининг ҳарбий дастурларига қарши чиқаётганларни икки хил стандартларда айблади. У Пхеньян ҳам Сеулдаги каби мудофаани мустаҳкамлаш ҳуқуқига эга бўлишни исташини айтиб ўтди.

Шимолий Корея қишлоғида олинган ноёб кадрлардан бири - туристларга кўрсатиш учун эмас. КХДРнинг маблағлари ҳам мудофаани мустаҳкамлаш учун, ҳам аҳолига ёрдам кўрсатиш учун етиши даргумон.
EXITHAMSTER / BARCROFT MEDIA VIA GETTY IMAGES

Аммо бир неча кун муқаддам Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси тузилганининг 76 йиллиги муносабати билан қилган чиқишида ўз атрофидаги амалдорларни «қайғули реаллик» қаршисида қолган КХДР аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш билан шуғулланишга чақирганди.

КХДРнинг молиявий имкониятлари жуда чегараланган, мамлакат қатъий иқтисодий санкциялар шароитида яшамоқда, бундай шароитларда қандай қилиб енгилмас армия тузиш ва шу билан бирга халққа ҳам ёрдам бериш мумкин?

Агар КХДР «армия ёки халқ» деган қатъий танлов қаршисида қоладиган бўлса, қайси томон тарози палласини босиши ҳозирча номаълум.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » КХДР раҳбари «енгилмас армия» тузишни ваъда қилди