Фото: Sven Simon / Scanpix / LETA
Meduza Der Spiegel журналининг «Қайта топилган 1991 йилги ҳужжатлар Россия томонидан қўйилган айбловларини тасдиқлайди» сарлавҳали мақоласи бўйича Кардифф университети тарихчиси Сергей Радченкога бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. «Дарё» бу суҳбатни ўзбек тилига ўгирди.
24 февраль куни Украинага уруш эълон қилган Владимир Путин НАТО шарқ томонга бир дюйм ҳам кенгаймаслиги тўғрисида Россияга ваъда берилгани, лекин бу ваъда бузилгани, халқона тилда айтганда, шунчаки аҳмоқ қилишганини яна бир бор таъкидлади.
Бундан бир ҳафта олдин Германиянинг Der Spiegel нашри «Қайта топилган 1991 йилги ҳужжатлар Россия томонидан қўйилган айбловларини тасдиқлайди» сарлавҳаси остида мақола чоп этганди. Мақола муаллифи НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг ташкилот, Путин баёнотларидан фарқли ўлароқ, кенгаймасликка ҳеч қачон ваъда бермагани ҳақидаги сўзларини шубҳа остига олади. Spiegel’даги мақолада, жумладан, шундай дейилади:
Америкалик тарихчи ва совуқ уруш тадқиқотчиси Жошуа Шифринсон Британия миллий архивидан топиб олган ҳужжатда бу ваъда очиқ-ойдин баён этилган.
Гап 1991 йилнинг март ойида Бонн шаҳрида АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи сиёсати раҳбарларининг Шарқий Европадаги хавфсизлик масалалари, хусусан, Польша ҳамда Венгриянинг НАТОга аъзо бўлиши мумкинлиги борасидаги учрашуви ҳақида кетмоқда. Ўшанда Германия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда АҚШ вакиллари Юрген Ҳробог ва Раймонд Зетс НАТО шарқ томон кенгаймаслиги, шу сабабли Польша ва бошқа Шарқий Европа давлатларини ташкилотга аъзо бўлишга ундамаслик кераклигини таъкидлаган.
Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишга бағишланган йиғилишида сўзлаган нутқида Spiegel’да чиққан мақолани тилга олган. Немис журналида чоп этилган ҳужжат Россияда Ғарб хиёнати ҳақидаги тезиснинг ишончли исботи сифатида қабул қилинди.
Лекин аслида ҳам шундайми?
Биринчидан, Совуқ уруш тадқиқотчиси Мери Саротт Германиянинг Welt am Sonntag газетасига берган интервьюсида ҳужжат тамоман эски эканлигини қайд этган: у бир неча йиллардан бери жамоатчилик учун очиқ ахборот ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассислар ҳам ундан хабардор. Иккинчидан, Кардифф университети тарихчиси ва халқаро сиёсат бўйича профессори Сергей Радченко барибир бу ҳужжатга юридик кучга эга бўлган ваъда сифатида қараб бўлмаслигини Meduza’га тушунтирган. Нашр ушбу ҳужжатдаги сўзлар қандай шароитда айтилгани ва халқаро муносабатлар соҳасида бу каби ваъдалар қандай стандартларга кўра баҳоланиши кераклиги ҳақида Сергей Радченко билан суҳбат уюштирди.
— Бу ҳақиқатан ҳам Путиннинг ҳақлигини исботловчи янги ҳужжатми?
— Spiegel тилга олган ушбу ҳужжат ҳамкасбим, тадқиқотчи Жошуа Шифринсон томонидан 2019 йил Британия архивларидан топилган ва бунга икки йилдан ошди. Архив ҳужжатлари топилиб туриши одатий ҳол, лекин улар ҳақида йирик ОАВлар ёзмагунича бу шунчаки мутахассислар ўртасидаги суҳбатнинг бир қисмилигича қолади. Бир дона ҳужжат билан бутун вазиятга баҳо бериш мушкул. Бироқ Путин тарих бўйича мутахассис эмас, шунинг учун у сиёсатчи сифатида ҳужжатлардан ўзининг айрим сиёсий мақсадларига эришишда фойдаланди. Менимча, у нима қилаётганини жуда яхши билади.
Лос-Анжелесдаги Калифорния университети архивида сақланаётган 1991 йил 6 мартда Бонн шаҳрида бўлиб ўтган учрашув якуни ҳақидаги ҳужжат
Фото: University of California
— Умуман олганда, Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилини бундай баёнот билан чиқишга ундаган музокаралар мазмуни қандай эди?
— Бу вақтга келиб (1991 йилнинг март ойида), 1990 йил октябрь ойида Германияга нисбатан якуний келишув тўғрисида шартнома тузилишига сабаб бўлган «2+4» форматидаги музокаралар аллақачон тугаганди. Ушбу жараён тарихи Берлин девори қулашига бориб тақалади. Шарқий Германия Ғарбий Германия билан бирлашгач, олдинда бир савол турарди — у НАТОга автоматик равишда қўшиладими? Горбачёв бунга тиш-тирноғи билан қарши эди ва ушбу 1990 йил 9 февралдаги контекстда АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер унга агар бирлашган Германия НАТОга қўшилса, ташкилот юрисдиксияси шарқ томонга бир дюйм ҳам кенгаймаслиги ҳақида ваъда беради. Яъни бунда Германиянинг шарқий қисми назарда тутилган.
Лекин бу учрашувдан сўнг НАТО шарқ томонга умуман кенгайтирилмаслиги ҳақида гап-сўзлар бошланди. Ҳробог имзо қўйган ушбу ҳужжат Совет раҳбарияти ташкилотни кенгайтиришга қандай муносабатда экани борасида НАТО етакчилари фикрида кечган ўзгаришни аниқ акс эттиради.
— Бейкер ва Ҳробогда бутун ташкилот номидан шундай ваъда беришга ваколат бормиди?
— Албатта. Ахир, Ҳробог музокараларни Германия ташқи ишлар вазирлиги номидан олиб борган. Бейкер ҳам Горбачёвга НАТО шарқ томонга бир қарич ҳам ўтмаслиги ҳақида айтган вақтда АҚШ давлат котиби ҳисобланарди яъни Горбачёв наздида музокаралар олиб бориш ва шу каби ваъдаларни бериш учун тўлақонли ваколатга эга шахс мақомида эди. Бошқа томондан, Бейкер Вашингтонга қайтгач, АҚШ президенти катта Жорж Буш НАТО шарқ томонга кенгайтирмаслик ҳақидаги ушбу позицияни қўллаб-қувватламаслиги маълум бўлди.
Нима бўлганда ҳам, бу каби ваъдалар зиммага ҳеч қандай масъулият юкламайди. Юридик мажбуриятлар икки томон розилиги ва улар имзолаган ҳужжатни талаб қилади. Ҳробог сўзлари ёзилган ҳужжатни топиб олган Жошуа Шифринсоннинг ўзи ҳам шундай фикрда. Унга кўра, бу каби ваъда орал cонтраcт — оғзаки келишув тушунчасига мос тушади. Бироқ ўйлашимча халқаро муносабатларда бундай тушунчани қўллаш мумкин эмас.
Ҳатто давлатлараро шартномалар имзолангандан кейин ҳам уларни ратификация қилиш керак. Баъзида томонлардан бири имзоланган шартномани худди «Стратегик қуролларни чеклаш II»да бўлгани каби ратификация қилмайди. Картер ва Брежнев тугал келишувга келиб, имзо чеккан бўлса-да, АҚШ бу шартномани ратификация қилмаган. Бунга мисоллар кўп: 1919 йилда АҚШ Сенати Миллатлар Лигаси низомини ратификация қилишдан ҳам бош тортган.
— Шунга қарамай, Путин кўп йиллардан бери такрорлаб келадиган қараш Россияда жуда машҳур — «ваъда беришди, лекин алдашди», дейди. НАТО бунга жавобан ушбу гапларни рад этиб, ҳеч нима қилмаганини айтади. Бироқ умуман олганда ҳеч қандай ваъда берилмаган деб бўлмайди, шундай эмасми?
— Тўғри, музокараларнинг қайсидир босқичида нимадир янграган, лекин бунинг аҳамияти йўқдай эди. Эҳтимол, қандайдир ваъдалар ҳам бўлган, лекин Совет Иттифоқи ўз тушунчасига кўра иш юритишда давом этган. Агар қандайдир битим имзоланганида, Горбачёвнинг кўнгли жойига тушиб, бирлашган Германия НАТОга қўшиб олинмаслиги кераклигини талаб қилишдан тўхтарди, лекин у 1990 йил февраль ойидан кейин ҳам талаб қилишда давом этади (демак, ҳеч қандай келишувга эришилмаган). Албатта, НАТО ҳеч қаёққа кенгайиши шарт эмас деган тушунча бор эди, чунки ҳаммаси яхши томонга ўзгаргандай эди: Совуқ урушдан кейин дунё гуллаб-яшнайди ва Совет Иттифоқи, Россия ҳам янги дунёнинг бир қисмига айланади.
— Бу ваъдани мажбуриятга айлантирувчи ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас демоқчимисиз?
— Мутлақо ҳақсиз. Ўшанда ҳар нима айтиб ташланаверган. Кейин Ельцин ҳам кўп нарсаларни гапирган. Лекин бу ерда Совет томоннинг ваъдалар берилганидан кейинги хатти-ҳаракатини кузатиш кифоя. Ғарб НАТОни кенгайтирмасликка ваъда бергани учун Горбачёв ўз қўшинларини ГДРдан олиб чиққанини асословчи бирорта Совет ҳужжати бўлганида, бошқа гап эди. Лекин бундай ҳужжат ҳам, шу ваъдадан сўнг қандайдир қарорга келиб, кейин америкаликлар томонидан алданган Горбачёв муносабати ҳам йўқ. У ўзига нимадир ваъда қилингани учун эмас, балки бошқа танлови йўқлиги учун Германиянинг бирлашишига рози бўлган. СССР Германияда қололмасди, чунки у аллақачон ҳалокат ёқасига келиб, парчалана бошлаганди. Лавров ва Путин бундан бехабар деб ўйламайман. Лекин улар ҳужжатни ўзича талқин қилиб, сиёсий мақсад йўлида фойдаланмоқда.
— Лекин Бейкер ва Ҳробог НАТОни шарқ томон кенгайтирмаслик ҳақида ваъда берган учрашувдан кейин нима ўзгарди?
— Билл Клинтон президентлиги давридаёқ Шарқий Европа давлатлари НАТОга мурожаат қила бошлаган, Клинтон эса бу масалада қандайдир позицияни эгаллаши зарур эди. Унинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Энтони Лейк бу каби илтимосларга ижобий жавоб бериш кераклигини айтади, чунки Россия билан дўстлик қандай тугаши номаълум ва умуман олганда, у яна тўсатдан авторитар давлатга айланиб қолмаслигига кафолат йўқ эди. Дарҳақиқат, 1993 йил декабрь ойида бўлиб ўтган биринчи Дума сайловлари натижаси Россияга нисбатан салбий муносабатни ҳар томонлама асослаб берган. Биринчи ўринда Либерал-демократик партия, учинчи ўринда коммунистлар — «қизил ва жигарранглар»нинг реванш тўлқини бошланади, унга Чеченистондаги уруш уланиб кетади, бу ҳам Россиянинг либерал имижига кескин таъсир қилади.
Шу сабабли ўша вақтда Шарқий Европа мамлакатлари Россия айиқ каби кутилмаганда ўрмондан яна чиқиб келиши мумкинлигини таъкидлай бошлайди. Польша президенти Лех Валеса 1993 йилнинг ўзидаёқ Россиядан империализм таҳдидини тўхтатишни талаб қилган. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Энтони Лейк ва мамлакат давлат котиби маслаҳатчиси Строуб Телботт НАТОга аъзо бўлиш Шарқий Европа мамлакатлари учун хавфсизликнинг ишончли кафолати эканига ишонган ҳолда бу позицияни қўллаб-қувватлаган. Бу қарорга бугунги кун нуқтаи назари билан қараб, уларни айблаш қийин. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш