
Яқин Шарқ осмони яна ҳавф билан тўлди — Исроил армияси Дамашқ марказига янги зарбалар йўллагани ортидан АҚШ маъмурияти хавотир билдириб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди, деб хабар берди axios.com.
16 июль куни Трамп маъмурияти Исроил ҳукуматига мурожаат қилиб, Сурияга нисбатан ҳаво ҳужумларини тўхтатишни ва Дамашқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишни тавсия этди. Бу ҳақда журналист Барак Равид ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унга кўра, мазкур талаб Исроил томонидан амалга оширилган сўнгги зарбалардан олдин ёки кейин билдирилгани аниқ эмас.
Айни пайтдаги вазият анча кескин. 15 июль куни Исроил армияси Суриядаги зирҳли техникаларга ҳужум қилган бўлса, 16 июль куни бу зарбалар янада жиддий тус олди — Сурия Қуролли Кучлари Бош штаби биноси ва президент саройи яқинида жойлашган ҳарбий иншоотлар нишонга олинди.
Бу ҳаракатлар фонида, Ас-Сувайда вилоятида Сурия ҳукумат кучларининг киритилиши ва у ердаги друз жамоаси ҳимоясининг кучайтирилиши турли таҳлилларга сабаб бўлмоқда. Исроил расмийлари ушбу ҳарбий зарбаларни айнан шу ҳимояни нейтраллаштириш ҳаракати сифатида изоҳлашмоқда.
Бу ҳолат Вашингтонда ҳам жиддий хавотир уйғотган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио берган баёнотга кўра, Америка томони можаро томонлари билан фаол дипломатик мулоқот олиб бормоқда. Унинг таъкидлашича, вазият назоратдан чиқиши мумкин ва икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотнинг йўлга қўйилиши — бугунги кундаги энг ақлли йўлдир.
Таҳлилчилар фикрича, агар ҳарбий тўқнашувлар шиддати пасайтирилмаса, бутун минтақада янги можаро алангаланиши мумкин. Чунки ҳар бир янги ҳужум нафақат икки давлат, балки уларнинг халқаро иттифоқчилари ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Яқин кунларда минтақа атрофидаги дипломатик фаоллик янада ортмоқда. Масалан, БМТ ва Европа Иттифоқи дипломатлари ҳам бу можарони бартараф этиш бўйича шахсий мулоқотларга тайёр эканини билдиришди.
Бир нарса аниқ: Яқин Шарқ осмонидаги ҳар бир ракета, ҳар бир зарба ортида нафақат ҳарбий, балки геосиёсий мувозанатлар ҳам силкинаётгани сезиляпти. Энди эса барча диққат — Исроилнинг кейинги қадами ва Вашингтоннинг дипломатик босим даражасида бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар