date

АҚШ хавотирда: BRICS Ғарб гегемонлигига чек қўядими?

АҚШ хавотирда: BRICS Ғарб гегемонлигига чек қўядими?
6-7 июл кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида BRICS-плюс ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммит фонида АҚШ президенти Трамп BRICSга аъзо давлатларга таҳдид қилиб, уларга нисбатан катта санкциялар ва тарифлар жорий қилиш ҳақида гапирди.

Биламизки, Трамп – изоляционист сиёсатчи, у АҚШнинг глобал масъулияти ва харажатларини қисқартириш тарафдори. Унда савол туғилади: агар Трамп маъмурияти изоляция, иҳоталаниш тарафдори бўлса, унда нега у BRICSдан норози, нимадан қўрқяпти?

Трампга қадар ҳам, АҚШнинг олдинги президентлари ҳам BRICSга салбий муносабатда бўлган эди. Хўш, нега АҚШ ва Ғарб давлатлари BRICS+ ташкилотидан қўрқмоқда? Қўрқувнинг сабаби нимада?

Кейинги асрлар Ғарб цивилизациясининг асри бўлди. Тахминан кейинги беш асрда Ғарбий Европа ва бироз сўнгра Шимолий Америка давлатлари дунёдаги энг қудратли давлатларга айланишди. Дунёнинг бу қисмини бирлаштириб, “Шимолий Атлантика” дейиш мумкин. Энг аввало, Англияда, сўнгра Ғарбий Европа ва Шимолий Америкада саноат инқилоби юз берди. Дунёдаги энг катта инқилобий ўзгаришлар, ихтиролар ушбу минтақада амалга оширилди. Электр токи ўйлаб топилди, паровоз ва поездлар ихтиро қилинди, автомобил саноати барпо бўлди, кўплаб бошқа технологик янгиликлар яратилди.

16-18 асрларга келиб, мисли кўрилмаган қудрат ва бойлик тўплагач, Ғарбий Европа давлатлари дунёни ўзига бўйсундириш учун юриш бошлашди. Колониализм даври юзага келди. 19-асрда дунёнинг Ғарб томонидан босиб олинмаган сарҳади деярли қолмади. Фақатгина 20-асрнинг биринчи ярмида, икки жаҳон уруши сабаб, Ғарбий Европа ҳолсизланди ва ўзининг колониал ерларини ушлаб қолишга қийнала бошлади. Шу сабаб ҳам, 20-асрнинг иккинчи ярми колониал империяларнинг парчаланиш даври бўлиб тарихда қолди.

Бугун Ғарб заифлашаётгани йўқ, у сўнаётгани йўқ, ривожланишдан тўхтагани йўқ. Ҳали ҳам Ғарб давлатлари энг саноатлашган, катта ва қудратли иқтисодий ва ҳарбий машинага эга давлатлар ҳисобланади. Унда нима ўзгаряпти? Ўзгараётган нарса шуки, Ғарб бўлмаган минтақалар ва давлатлар ҳам ривожланиб бошлади, улар ҳам саноатлашиш борасида катта муваффақиятларга эришмоқда. Бугун Ғарб заифлашаётгани йўқ, балки Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари ҳам ривожланиб бошлади.

Мисол учун, BRICSнинг асосчиларидан бири Хитой Халқ Республикаси саноатлашувда, ишлаб чиқаришда АҚШдан анча ўзиб кетди. Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси ёки Бразилия ҳам иқтисодий ўсишда, салоҳиятда шиддат билан ўсиб бормоқда. Бу давлатлар кеча жуда заиф эди. Бугун эса, улар шаклланган ўйин қоидасини кўриб чиқиш тарафдори.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин дутун дунё хонавайрон бўлган эди. Фақат АҚШ иқтисодий ва ҳарбий қудрат маркази эди. Шунинг учун ҳам кейинги 80 йил ичида шакллантирилган халқаро муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, савдо-иқтисодий алоқалар, воситалар, институтлар ва инструментлар марказида АҚШнинг қоидалари ва инструментлари туради. Бу эса ривожланиб бораётган дунёда жиддий хавотирларга сабаб бўлади. Мисол учун, дунёдаги энг катта резерв валюта – АҚШ доллари, бироқ бу валюта ҳеч бир нарсага боғланмаган. Ёки, SWIFT тизимини ишлаб чиқишда ҳам АҚШ асосий рол ўйнаган ва Вашингтон истаган вақтда Европадаги иттифоқчилари билан бирга бу тизим орқали қолганларга бевосита ёки билвосита таъсир қила олади.

Бугун BRICS-плюс аъзоларининг стратегик мақсади – Ғарбнинг иқтисодий ва геоиқтисодий гегемониясидан ташқарига чиқиш. Яъни иқтисодий ва геоиқтисодий муносабатларда Вашингтон иродасидан ташқари бўлган, АҚШ тизимига муқобил бўлган тизим яратиш ҳисобланади. Лекин, BRICS-плюснинг мақсади – ғарбни иқтисодий ва геоиқтисодий қулатиш, сўндириш эмас, балки ўзларининг иқтисодий ва геоиқтисодий мустақиллигини таъминлашдир.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио кўп қутблиликка Американинг муносабати ижобий экани ҳақида вақти-вақти билан гапириб туриши мумкин, лекин Трамп ҳаммага кўрсатма бериш ҳуқуқи борлигига ишонади, жумладан, Бразилияга, ЖАРга, Хитой ёки Россияга ҳам. Трамп бир томондан изоляционист, яъни у АҚШ ресурсларини тежаш мақсадида ташқи дунёдаги масъулият ва мажбуриятларни қисқартирмоқчи. Лекин Трамп айни пайтда империалист, чунки у “дунёни мен бошқаришим керак” деб ҳисоблайди.

BRICS декларацияларида эркин савдо, БМТ ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари урғуланади, лекин АҚШ буни “бизга қарши ташкилот” деб қабул қилади. Чунки бугун АҚШнинг ўзи БМТ ва ЖСТ қоидаларига қарши иш кўрмоқда. Трампнинг савдо-иқтисодий урушлари, тарифлари ва санкциялари ЖСТ қадриятлари ва қоидаларини ер билан яксон қилди, қадрсизлади.

BRICS-плюс борасида АҚШ олдида иккита йўл турган эди. Биринчиси, кўп қутбли дунёни қабул қилиш ва ўйин қоидаларини, тўғри рақобат ва ҳамкорлик қоидаларини қолганлар билан келишиб олиш эди.

Иккинчи йўл, ўз гегемонлигини сақлаб қолиш учун, бор ресурсларни ишга солиб бошқаларнинг ривожланиишини ортга суриш, бошқаларнинг ривожланишини издан чиқариш, санкциялар, тарифлар қўллаш, савдо-иқтисодий урушлар йўли эди. Ҳозирча АҚШ фақат иккинчи йўлдан кетяпти.

Дунёга кўп қутблилик керак. Қолаверса, бу – объектив жараён. Бу жараённи ҳеч ким тўхтата олмайди, жумладан, АҚШ ва коллектив Ғарб ҳам. Ўзбекистон, Марказий Осиё учун BRICS-плюс каби иқтисодий кўп қутблилик шамолини олиб келувчи ташкилотлар, лойиҳалар – албатта фойдали. Лекин бу борада маълум чақириқлар ва вазифалар ҳам бор. BRICSнинг асосчиларидан бири ҳисобланмиш Россия – биз учун кечаги колониал империя, бугун эса – ревизионист. ХХР ҳам демократик бўлмаган, яқин қўшнимиз.

Демак, дунёда кўп қутблилик шаклланиб борар экан, биз – Марказий Осиё, туркий дунё, мусулмон дунёси ўзимизнинг сиёсий, геосиёсий мустақиллигимизни, субъектлигимизни ошириш учун ўзаро ҳамкорлик, бирдамлик, интеграция лойиҳалари борасида ҳар доимгидан кучлироқ ўйланишимиз ва саъй-ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ хавотирда: BRICS Ғарб гегемонлигига чек қўядими?