date

"Барселона" ва қашшоқ Конго шартномаси ортидаги реал драма

"Барселона" ва қашшоқ Конго шартномаси ортидаги реал драма
Европа футболида ҳамиша ғалабалар ва муваффақиятлар ортида турли молиявий манфаатлар яширинган бўлади. Шу кунларда «Барселона» футбол клуби шундай ноодатий ва баҳсларга сабаб бўладиган келишув арафасида турибди, деб хабар берди mundodeportivo.com.

Маълумотларга кўра, каталонияликлар Конго Демократик Республикаси билан 44 миллион евро қийматдаги тўрт йиллик ҳомийлик шартномаси устида иш олиб бормоқда. Шу асосда клуб ҳар йили 11 миллион евро миқдорида даромад олади. Бу маблағлар молиявий фейр-плей қоидалари билан боғлиқ муаммоларни енгиллаштиришга ёрдам бериши кутиляпти.

Ушбу шартнома бўйича "Барса" асосий жамоа футболкаларида «Демократик Конго Африканинг юраги» логотипини акс эттиради. Ҳамон муҳокамалар марказида турган масала шундаки, бу ҳаракат ортида туризмни ривожлантириш ғоясидан кўра, бошқа, теран манфаатлар ётади.

Қизиғи, «Монако» клуби ҳам яқинда худди шундай келишувни амалга оширганди. Лекин бу каби ҳомийлик шартномалари ортидаги Конго ДРнинг ҳақиқий аҳволи кўпчиликни ўйга толдиради.

Бу мамлакат расман дунёдаги энг кўп кобалт ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади. Аммо бу бойликлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилмаяпти. Расмий ва норасмий манбаларга кўра, кобалтнинг 20 фоиздан ортиғи қўл меҳнати билан олинади. Бу эса, кўпинча, болалар меҳнати билан боғлиқ ҳолатларни англатади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, 2024 йилда ёши 4–10 орасида бўлган 7,5 миллион бола конларда мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Уларнинг аниқ рўйхати мавжуд эмас — чунки улар давлат ҳисобида турмайди.

UNICEF эса янада даҳшатли ҳолатларни очиқлаяпти: қуролли тўқнашувлар фонида кўплаб болалар юк ташиш, жосуслик ва ҳатто қуролли гуруҳларга хизмат қилиш каби ишларга жалб қилинган. 2024 йилда бундай "фойдаланиш" қурбонига айланган болалар сони 1 миллиондан ошгани таъкидланган.

Бу мамлакат — мис, уран ва кобалтга бой бўлса-да — дунёдаги энг қашшоқ 5 давлатдан бири. Конго ДРдаги аҳолининг тахминан 65 фоизи — яъни 100 миллион кишига яқин инсонлар — кунига 2,15 доллардан кам маблағга кун кечирмоқда.

Бу ҳолатда, катта футбол клубининг молиявий юкини енгиллаштириш учун бундай ҳомийлик шартномалари тузилиши, кўпчилик томонидан норасолик ва этик саволлар уйғотиши табиий. "Барселона" бундай шартномадан фойда оладими? Ёки бу клуб учун айбловлар ва танқидлар эшигини очиб берадими?

Томошабин ва мухлис сифатида, футбол ортидаги ҳақиқий воқеликни тушуниш муҳим. Зеро, майдондаги ғалаба ортида баъзан жуда оғир ва таърифга сиғмайдиган ҳақиқатлар ётиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Барселона" ва қашшоқ Конго шартномаси ортидаги реал драма