09:00 / 18.04.2022
1 237

Британияда қимматбаҳо кўчмас мулкларга эгалик қилувчи рус олигархлари

Британияда қимматбаҳо кўчмас мулкларга эгалик қилувчи рус олигархлари
Фото: BBCRussian
Сўнгги йигирма йил ичида Кремлга яқин ҳисобланган олигархлар Россиядан ташқаридаги ҳашаматли мулкларга катта миқдорда сармоя киритган. Хусусан, халқаро санкциялар остидаги ўнга яқин россиялик Буюк Британияда тахминан 800 миллион фунт стерлинг қийматидаги кўчмас мулкларга эгалик қилади.

BBC суриштирувларига кўра, рус олигархлари томонидан сотиб олинган мулклар орасида Англия жанубидаги кўп миллион фунт стерлинглик дала ҳовлилар ва Лондоннинг энг қиммат жойларида жойлашган ҳашаматли квартиралар бор.

Умуман олганда, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлар бошлаши фонида АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мингдан ортиқ россиялик жисмоний ва юридик шахсларга санкция қўйди.

Жамоатчиликка очиқ бўлган офшор ҳужжатлар, Буюк Британия ер реестри ва суд ҳужжатлари ҳамда бу борада аввалги ҳисоботларда қайд этилган маълумотлар асосида кимнинг нимага эгалик қилиши бўйича суриштирув натижалари эълон қилинди.

Март ойи бошида Буюк Британия ҳукумати «Челси» футбол клубининг эгаси ҳисобланган Роман Абрамовичга нисбатан санкциялар киритди.

Қайд этилишича, 55 ёшли миллиардер Буюк Британияда 50 дан ортиқ ҳашаматли турар жойлардан таркиб топган катта мулк портфелига эга, уларнинг аксарияти Лондон ғарбида жойлашган. Бундан ташқари, у Британиянинг Fordstam Limited компанияси ёрдамида Chelsea Village мавзесидаги ўнлаб квартираларга, шунингдек, «Стэмфорд Бридж» стадиони атрофидаги меҳмонхона ва турар жой мажмуасига эгалик қилади.

Унинг Лондондаги энг қиммат мулки сифатида Billionaires Row кўчасида жойлашган 15 хонали уй кўрсатилган. Абрамович ғарбий Лондонда жойлашган ушбу ҳашаматли бинони 2011 йилда офшор компания орқали 90 миллион фунт стерлинг эвазига сотиб олган. 2016 йилда эса ерости сузиш ҳавзасини қуришни ўз ичига олган 28 миллион фунт стерлинг қийматидаги реконструкция қилиш ишлари учун рухсат ҳам олади, бироқ лойиҳа амалга ошмай қолган. Маҳаллий кенгашга тақдим этилган ҳужжатларда саройнинг мавжуд сузиш ҳавзаси «кичкина» ва «ноқулай» дея таърифланган.

Абрамович 2017 йилда King’s Road’да жойлашган ва баҳоси 8,7 миллион фунт стерлинг бўлган квартирани сотиб олишда ҳам Fordstam Limited компанияси хизматларидан фойдаланади. Мультимиллиардер 2019 йилда Lots Road кўчасидаги уч қаватли пентҳаус учун ҳам 22,3 миллион фунт стерлинг тўлайди.

Роман Абрамович ушбу кўчмас мулклар ҳақида BBC сўровига жавоб беришдан бош тортган.

3 март куни Буюк Британия ҳукумати «Кремль билан яқин алоқаси» туфайли Алишер Усмоновнинг мамлакатдаги активларини бутунлай музлатиб қўйди ва Бирлашган қиролликка киришига чеклов ўрнатди. Аввалроқ, Европа Иттифоқи ҳам россиялик олигархга қарши худди шундай санкциялар киритганди.

Ўзбекистонда туғилган тадбиркор «Арсенал» клубининг собиқ акциядори ҳисобланади. Шунингдек, «Эвертон»нинг асосий сармоядори Фарҳод Моширининг яқин шериги ҳамдир. Санкциялар сабаб «Эвертон» клуби Усмоновнинг компаниялари билан барча битимларни тўхтатди, хусусан, клуб машғулот майдончалари USM ҳомийлигидан воз кечди.

Усмоновнинг умумий бойлиги 18,4 миллиард доллар (14 миллиард фунт стерлинг)га баҳоланган. Британия ҳукумати маълумотларига кўра, миллиардер Лондон шимолидаги Beechwood House ва Суррейдаги 16-асрда қурилган Sutton Place мажмуасига эгалик қилади.

Бироқ Усмоновнинг матбуот котиби миллиардернинг Буюк Британиядаги мулкларининг катта қисми, шунингдек, 600 миллион долларлик (456 миллион фунт стерлинг) яхтаси аввалроқ бошқа шахсларга «ишончли бошқарув» учун берилганини маълум қилган.

Британия ҳукуматининг нишонига тушган иккита уйнинг эгалик ҳуқуқини аниқлаш жуда қийин кечган. Бу ушбу кўчмас мулкларнинг Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган трестлар ва компанияларнинг мураккаб тармоғи орқали харид қилингани билан боғлиқ.

Лондон шимолидаги Ҳайгейтда жойлашган Бичвуд-ҳаус. Фото: SHUTTERSTOCK
Хусусан, Beechwood House 2008 йилда офшор ширкат ёрдамида 48 миллион фунт стерлингга сотиб олинган. Sutton Place харидида эса Кипрда рўйхатдан ўтган икки фирма фаол иштирок этган.

Британия ҳукумати Олег Дерипаскага қарши санкциялар қўллашда уни 2 миллиард фунт стерлинг бойлик эгаси ва Роман Абрамовичнинг «бир пайтлардаги бизнес шериги» дея таърифлаган.

Март ойи бошидаги суд мажлисида Дерипаска Вейбриждаги Hamstone House саройининг эгаси сифатида тилга олинган. Саккиз гектар ерда жойлашган ушбу бино 2001 йилда Кипрнинг Edenfield Investments Limited компанияси томонидан 7,1 миллион фунт стерлинг эвазига харид қилинган.

Дерипасканинг Belgrave майдонида уйи Украинадаги урушга қарши намойишчилар томонидан эгаллаб олинган.

Миллиардернинг Букингем саройи яқинида ҳам мулки борлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд. 17 асрда қурилган террасали уй 2004 йилда Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Atibe Limited офшор компанияси томонидан 4,7 миллион фунт стерлингга сотиб олинган. Ушбу офшор фирма EN+ (Дерипаска улуши бўлган энергетика ва металлургия гуруҳи) йиллик молиявий ҳисоботида ҳам кўрсатилган.

Миллиардернинг матбуот котиби қўлланилаётган санкциялар «жуда нотўғри» ва «асоссиз» эканлигини маълум қилган.

«Жаноб Дерипаска ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаган. Уни Россия ҳукумати ёки Владимир Путинга яқин, деб тахмин қилиш нотўғри», - дейилади унинг баёнотида.

Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатларни бошлаши ортидан Буюк Британияда яшовчи миллиардер Михаил Фридман ҳам санкцияга учраганлар рўйхатига киритилди. Унинг LetterOne инвестиция компаниясидаги акциялари музлатиб қўйилди. Бу миллиардернинг «президент Владимир Путин билан яқин алоқаларга эгалиги» билан изоҳланган.

Фридман BBC’га Буюк Британия ҳукумати томонидан санкциялар жорий этилганидан ҳайратда эканлигини ва унинг Владимир Путин билан чамбарчас боғлиқлиги ҳақидаги даъво «мутлақо нотўғри»лигини маълум қилган.

Умумий бойлиги 12 миллиард долларга баҳоланган Фридман 2016 йилда 65 миллион фунт стерлинг эвазига Лондон шимолидаги Athlone House номли улкан кўчмас мулк мажмуасини сотиб олган.

Athlone House, Лондон. Фото: SWNS
Петр Авен Европа Иттифоқининг санкция ҳужжатларида «Президент рухсатисиз мустақил ишламайдиган» Владимир Путиннинг энг яқин олигархларидан бири сифатида қайд этилган. Унинг Британиядаги актив ва акциялари музлатиб қўйилди.

Британия ер реестридаги маълумотларга кўра, Авен Кипрда рўйхатдан ўтган компания ёрдамида Суррейдаги Ingliston House учун 8 миллион фунт стерлинг тўлаган.

Шунингдек, миллиардер Кандинский, Луиза Буржуа ва Генри Мур асарларини ўз ичига олган шахсий санъат коллекциясига ҳам эга.

Петр Авееннинг коллекцияси. Фото: RICK PUSHINSKY
У ўзига нисбатан қўлланилаётган санкцияларни «тушунарли, аммо адолатсиз» дея таърифлаб, санкция қўлланилиши учун асосли сабаб кўрмаганини ва ҳеч қачон Владимир Путин талаблари остида ишламаганини айтган.

Буюк Британия ҳукумати томонидан «Владимир Путиннинг Украинани беқарорлаштиришда иштирок этган яқин шериги» дея аталган Герман Хон ҳам март ойининг бошида санкцияга учради.

Киевда туғилган Хон ва унинг рафиқаси Анжелика Англияда бир нечта мулкка эгалик қилади. Панама ҳужжатларида эр-хотиннинг Сейшел оролларидаги Apilosa корпорациясида улуши борлиги келтириб ўтилган.

Ҳужжатларда қайд этилишича, Герман Хон 2008 йилда Букингҳэм саройи яқинида 62 миллион фунт стерлингга иккита квартира сотиб олган.

Шунингдек, эр-хотин 2014 йилда 26 миллион фунт стерлингга қаср харид қилишган. Маълумотларга кўра, уй 2021 йил 24 декабрда Ravenmorrow Limited компаниясига 31 миллион фунт стерлингга сотилган. Ҳозирда мулк кимга тегишли эканлиги номаълум. Чунки ўтган йилнинг декабрь ойида ташкил этилган Ravenmorrow Limited’нинг бенефициари кўрсатилмаган.

Шунингдек, Игор Шувалов 11 миллион фунт стерлингга баҳоланган иккита ҳашаматли квартирага, Беларус президенти Александр Лукашенко билан яқин муносабатлари сабаб санкцияга тушганлар рўйхатига киритилган Михаил Гуцериев Лондондаги 40 миллион фунт стерлингга баҳоланган офис биносига, ВТБ банкининг раҳбарларидан бири Юрий Соловёв Ҳэмпстед ва Вестминстердаги иккита пентҳаусга, «Владимир Путин режимининг энг муҳим молиячиларидан бири» сифатида таърифланган «Газпромбанк» бошқаруви раиси Андрей Акимов ҳам Лондонда кўчмас мулклар ва фирмаларга эгалик қилади, дейилади BBC суриштирув маълумотларида.




Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ўгай қизи сифатида келтирилган Полина Ковалева Лондонда жойлашган 4 миллион фунт стерлинг қийматидаги мулкка ва Кенсингтон шаҳридаги квартирага эга.

2012 йилда Upper Ribsden саройи Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Ravendark Holdings Limited компанияси томонидан 27,5 миллион фунт стерлингга сотиб олинган. Бу харид ортида эса Владимир Путиннинг энг яқин дўстларидан бири Аркадий Ротенберг номи тилга олинади. У ва Путин Санкт-Петербургда дзюдо билан шуғулланишган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британияда қимматбаҳо кўчмас мулкларга эгалик қилувчи рус олигархлари