UzIMEI тизими орқали телефонларнинг расмий импорти 265 мартага ошди, деб Spot.uz хабар берди. Бу ҳақда Минцифр Сенатга йўлланган сўровга жавобан маълум қилди. Унда қайд этилишича, божхона тўловларидан тушумлар ҳам 120 баробарга кўпайган.
Айни пайтда IMEI-код орқали телефонларни рўйхатдан ўтказиш тизими 50 дан зиёд мамлакатда амал қилмоқда. Ўзбекистонда 2019 йилда телефон импорти 42 баробар ошган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 3,57 млн тага етди. 2025 йилнинг биринчи ярмида яна 2 млн та телефон олиб кирилди.
2024 йилда расмий импорт ҳиссаси 80% ни ташкил қилди. Божхона тушумлари ўтган йил якунида 621,2 млрд сўмга етди. 2025 йилнинг 6 ойида эса 429,4 млрд сўм йиғилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп.
Рўйхатдан ўтказилган IMEI-кодлар сони 5 йил ичида 1,61 млн дан 8,44 млн тагача ўсди. Шу билан бирга, ИИВ сўровига биноан 47,4 минг қурилма мониторингга олинди ва 20 мингдан ортиқ телефон “қора рўйхат”ка киритилди.
Минцифр рўйхатдан ўтказиш жараёнидаги техник муаммолар мавжудлигини тан олди. UzIMEI, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Birda иловасидаги носозликларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!