Стоматологдан қўрқасизми, профилактик текширувларга бормайсизми ва шифокорга фақат охирги чора сифатида мурожаат қиласизми? Бу энг яхши стратегия эмас, чунки мукаммал бўлмаган гигиена ва тишларнинг ҳолатига эътибор бермаслик нафақат кариес, оғриқлар ва катта харажатлар, балки бутун организмга таъсир қиладиган жиддийроқ оқибатлар билан таҳдид солади.
Инфаркт, умуртқа поғонаси қийшайиши, организмдаги гормонал номутаносиблик — жиддий муаммолар, шундай эмасми? Агар тишлар ва оғиз бўшлиғининг ҳолатига эътибор бермасангиз, улар пайдо бўлиши мумкин.
Инфаркт ва инсулт
Агар кундалик оғиз гигиенаси, айниқса, тиш чўткаси ёрдамида етарлича эҳтиёткорлик билан бажарилмаса, тишларда бляшка жуда тез тўпланиб, аста-секин тиш тошига айланади. Бу тиш чўткаси энди тозалай олмайдиган ва фақат профессионал тозалашни талаб қиладиган қаттиқ тошлардир.
Кўпинча тиш тошини кўриш мумкин — у қора ўсимтага ўхшайди. Аммо шундай бўладики, тош милклар остида жойлашиб олади ва уни сезишнинг иложи йўқ. Оғиз бўшлиғининг микрофлораси бузилади, кариес ва периодонтит фаол ривожланади, ёмон ҳид пайдо бўлади, милкдан қон кетади ва ҳоказо.
Тиш тошлари милк атрофидаги юмшоқ тўқималарни сиқади. Бу организмнинг умумий иммунитетини бузади ва қўшимча равишда юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Ҳа, тишларни сифатсиз ювиш инфарктга олиб келиши мумкин! Тайван ва швед олимлари тиш ва юрак-қон томир саломатлиги ўртасидаги боғлиқлик ишончли тарзда исботланган тадқиқотлар ўтказдилар. Улар милк яллиғланиши кўпинча инфаркт ва инсулт каби юрак хасталикларига олиб келишини аниқладилар. Агар оғиз бўшлиғи гигиенаси етарли бўлмаса ёки нотўғри бўлса, унда бирин-кетин яллиғланиш жойлари пайдо бўлади ва бу аста-секин юрак ишида узилишлар хавфини оширади. Агар 20 ёки ундан ортиқ тишда тош бўлса, юрак хуружи хавфи 53 фоизга ортади!
Шунга ўхшаш натижаларни япон олимлари ҳам қўлга киритдилар: улар гигиена ва юрак соғлиғи боғлиқлигини аниқладилар. Тишларини кунига икки мартадан камроқ ювадиган одамларда инсулт, инфаркт ва бошқа юрак-қон томир муаммолари уч баравар кўп бўлган.
Синусит, отит ва сурункали тонзиллит
Тишларни чўткалаш, тиш шифокорига мунтазам ташриф буюриш, тиш иплари ва ирригатордан фойдаланиш эндиликда мажбурий оғиз бўшлиғини парвариш қилиш муолажалари рўйхатига киритилган. Аммо ҳозиргача кўпчилик ирригаторлар ҳақида ҳеч нарса эшитмаган ва вақти-вақти билан профессионал тозалаш зарурлигини шубҳа остига қўяди.
Юқорида баён қилинганидек, қониқарсиз парвариш оғиз бўшлиғи микрофлорасининг ўзгариши ва номутаносиблигига олиб келади — баъзи бактериялар камаяди, бошқалари, аксинча, ақл бовар қилмайдиган миқдорда кўпаяди. Бундай ўзгаришларнинг натижаси сурункали тонзиллит, отит ва синусит бўлиши мумкин. Гап шундаки, бу касалликларни бактериялар келтириб чиқаради. Ва бактериялар, ўз навбатида, тозаланмаган тишлар ва яллиғланган тиш милкида кўпаяди.
Гормонал муаммолар ва овқат ҳазм қилиш касалликлари
Тишлар етарли бўлмаса, унда озиқ-овқат яхши чайналмайди. Бу билан овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади, ошқозон-ичак тракти касалликлари пайдо бўлади. Агар бир ёки иккита тиш етишмаётган бўлса ҳам шу ҳолат. Ахир, ҳар бир тиш ўз вазифасини бажаради. Бирон сабабга кўра тишларни олиб ташлаш керак бўлса, масалан, шифокорга жуда кеч мурожаат қилганлик ва тишни сақлаб қолишнинг иложи бўлмагани учун — имплант қўйиш керак.
Тишларнинг йўқлиги милк яллиғланиши ва қолган тишлар ҳолатининг ёмонлашишига олиб келади, чунки улар зўриқиш билан ишлашлари керак. Бу, албатта, овқатни чайнаш сифатига салбий таъсир қилади. Кейин ошқозон ва ичак билан боғлиқ муаммолар, метаболик тизимдаги бузилишлар бўлиши мумкин, бу кўпинча гормонал мувозанатнинг бузилишига олиб келади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг