13:22 / 24.12.2024
19

Тадқиқот: атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин

Тадқиқот: атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин
Янги тадқиқот натижаларига кўра, мунтазам юриш депрессия аломатларини камайтиришга ёрдам беради, деб ёзмоқда JAMA Network Open журнали.

Кундалик қадамлар сонини озгина кўпайтириш ҳам фойдали. Кунига атиги 1000 қўшимча қадам келажакда депрессияга чалиниш хавфини 9 фоизга камайтиришга ёрдам бериши мумкин, дейди Лондон Қироллик коллежининг Миллий соғлиқни сақлаш ва парваришлаш институти илмий ходими доктор Брендон Стаббс.

Тадқиқотимиздан маълум бўлишича, одамларни фаолликка ундаш депрессиянинг олдини олишда самарали усул ҳисобланади, бунда фаолият тури ва қанчалик жадаллиги муҳим эмас”, — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, испаниялик доктор Бруно Бизозеро-Перони.

Тадқиқот давомида 96 000 дан ортиқ катта ёшли одамлар иштирокидаги 33 та тажриба мета-таҳлил қилинган. Ҳарвард тиббиёт мактабининг клиник психологи ва доцент доктор Кармел Чой депрессия аломатларини камайтирадиган қадамлар сони биз ўйлагандан анча камлигини айтди.

Одатда кунига 10 000 қадам юриш фойдали эканини эшитамиз, лекин ҳатто 7 000 қадам ҳам руҳий саломатликни яхшилашга ёрдам беради”, — деб таъкидлади у.

Аммо якуний хулоса учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур, чунки мета-таҳлилга киритилган тажрибалар асосан кузатув хусусиятига эга бўлиб, клиник депрессиядан азият чекаётган шахсларга эмас, балки аҳолининг умумий қатламига қаратилган. Юриш депрессияга таъсир қиладими ёки депрессияга чалинган одамлар шунчаки кам ҳаракатми, олимлар буни аниқ айта олмайди.

Айнан сизга мос келадиган ҳаракатлар

Тадқиқот камчиликлардан холи бўлмаса-да, кўпроқ ҳаракатланиш депрессия аломатларини камайтириши сир эмас. Чойнинг айтишича, руҳий саломатликни яхшилаш йўлида кўпроқ қадам ташлаш — ягона чора бўлмаслиги мумкин.

Мутахассислар жисмоний фаоллик бўйича тавсияларни кенгайтириш ва ҳар бир инсоннинг иштиёқига мослаштириш устида ишламоқда. Ҳозирги пайтда ҳаракатланиш бўйича тавсиялар асосан вақтга қаратилган, масалан, ҳафтасига 150 дақиқа жисмоний ҳаракат билан шуғулланиш кераклиги айтилади.

Сизни энг кўп рағбатлантирадиган ўлчовни танланг”, — деди Чой. “Бу қадамлар сони бўладими ёки соатлар фарқи йўқ, оз бўлса-да ҳаракатланиш умуман ҳаракат қилмасликдан яхшироқ”.

Мотивацияни қаердан топса бўлади?

Кўпчилик спорт билан шуғулланиш учун мотивация топишга қийналади, агар бунга депрессия қўшилса, машғулотларни бошлаш янада оғирлашади.

Австралиянинг Квинсленд университети Психология мактаби катта ўқитувчиси доктор Майкл Ноетел ўз мақоласида мақсад қўйиш ва фаолликни кузатиб бориш ҳар доим самарали бўлавермаслигини таъкидлаган.

Бунинг ўрнига энг самарали деб ҳисобланган усулларга диққат қаратиш лозим, дейди у. Фитнес залга ёзилиш, шахсий мураббий ёллаш, яқин одамларни сайрга таклиф қилиш ва ҳоказо.

Жисмоний фаолликнинг қайси тури бўлмасин, уни ёқимли машғулотга айлантириш, ҳаракатни давом эттиришда асосий омил бўлади.

Келажакдаги ‘мен’ингизга меҳрибонлик кўрсатинг, машқларни иложи борича содда ва ёқимли қилинг, масалан, аудиокитоб олинг ёки йога студиясида синов машғулотига ёзилинг”, — дейди Ноетел.

2015 йилда ўтказилган тадқиқотда инсон машғулотлардан қанчалик кўп завқланса, уларни бажариш йўлидаги тўсиқларни шунчалик ишонч билан енгиши аниқланганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тадқиқот: атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин