17:00 / 02.12.2016
8 003

«Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди»

«Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди»

Нафақат Америка адабиёти, балки дунё бадиий сўз санъатида ўз ўрнига эга ва ўз сўзини айта олган Эрнест Хемингуэй «Чол ва денгиз» асарини ёзганида 51 ёшда эди. Гипертония ва атеросклероз касаллиги адиб соғлиғига хавф солса­да, у оддий образлар ва оддий жараён тасвири орқали келажакка умид туйғуларини акс эттира олди.

Қуйма сўз оқими, ҳеч қандай ғализликларсиз, таҳрир талаб қилмас асар икки ой ичида якунига етди. Образлар содда, шу билан бирга, ўз зиммасига ҳаётий ҳақиқат ва туйғуларни юклаб олган.

Ҳаёт шундай жараёнки, бахт ўрнини бахтсизлик, омад ўрнини мағлубият саноқли сонияларда эгаллаши мумкин. Аммо инсонни ҳаётда ишонч ушлаб туради. Инсон ўзлигини англабдики, ўз олдига мақсад қўяди ва ўз кучига ишониб иш кўради. Ғайрати сўнмас, чарчоқ нима эканлигини билмас вақтларда ҳаммаси осон туюлади. Аммо кексалик чоғларида киши ўзи ва ўзгалар босиб ўтган йўл тажрибасига кўпроқ суянади. Шунинг баробарида ўзига бўлган ишончи бир қадар сустлаша бошлайди.

«Чол ва денгиз» асарида айнан ўша — инсон ўз ҳаётида йўқотиб қўйишдан қўрқадиган туйғулар — УМИД ва ИШОНЧ ҳақида сўз боради.

***

Бахт деган нарса одам боласига турланиб келади, уни билиб бўлармиди? Борингки, мен қандай бўлиб келмасин, ўзимга жиндаккина бахт олган бўлардим ва унинг эвазига нима сўрамасинлар, икки қўллаб бахш қилардим…

***

Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат денгиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди…

***

Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди…

***

Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди…

***

— Ҳақиқатан ҳам аввалги кучинг бўлса, дунёда сен эплолмайдиган балиқ топилмаса керак…

— Балки илгариги кучим қолмагандир. Лекин менда ғайрат бор, чидамим ҳам етарли…

***

— Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а? Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?

— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади…

***

Чол қушлар ва айниқса, бетиним озиқ ахтариб учган, аммо деярли ҳеч қачон уни тополмайдиган жимит ва нозик денгиз қалдирғочларига ачиниб кетар ва қушлар турмуши, қирин-қора ва катта, кучли қушларни ҳисобга олмаганда, бизнинг кун кечиришимизга қараганда ҳам жуда оғир. Океан гоҳида шу қадар ҳам бераҳм бўлар экан, нима учун қушларни мана бу денгиз қалдирғочлари сингари нозик ва шикаста қилиб яратганлар. Океан сахий ва гўзал, аммо у гоҳо тўсатдан шундай шаф-қатсиз бўлиб кетадики, унинг устида озиқ илинжида чарх уриб шўнғиб, ожиз ва мунгли овоз билан бир-бирларига жўр бўлиб учган бу қушлар унга нисбатан бениҳоя заиф ва мўрт кўринади…

***

Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юришиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман, бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман…

***

Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради…

***

Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман, — деб ўйларди у. — Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла шукурки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам эпчил, ҳам олижаноброқдирлар…

***

Гарчи адолатдан бўлмаса-да, — фикран давом этди у, — мен одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўяман…

***

Кишини бениҳоя ҳайратга соладиган ажойиб қушлар ва ҳайвонлар олдида одам боласи — нима деган гап ўзи. Мен ҳозир шу тобда, ҳув ўша денгиз тубида сузаётган махлуқ бўлиб қолишни истар эдим…

***

…дунёда осонлик билан битадиган ишнинг ўзи йўқ.

***

Тасаввур қилиб кўргин-а, одам уззукун ойни бўғизлашга ҳаракат қилиб юрса! Ой бўлса, ундан қочиб кетади. Бу ҳам майли-я, агар одамга ҳар куни қуёшни овлашга тўғри келиб қолганда, нима бўларди? Йўқ, нима десанг ҳам бизнинг толеимиз бор, деб ўйлади у…

***

Аммо инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган, — деди у. — Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди…

***

Умидсизлик — ҳалокат, — деб ўйларди у. — Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто — гуноҳ. Нима гуноҳу нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман…

Манба: Mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди»