
Янги йил Ўзбекистонда энг интиқлик билан кутиладиган байрамлардан бири ҳисобланади. Бу кунда оила аъзолари, яқинлар ва меҳмонлар учун дастурхон тўкин-сочин қилиб безатиш анъанага айланган. 2025 йилги Янги йил арафасида 4 кишилик оила ва меҳмонлар билан бирга 6–8 нафар инсон учун мўлжалланган байрам дастурхони қанча маблағ талаб қилишини таҳлил қилиб чиқдик.
Янги йил дастурхонини салатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Энг машҳур салатлардан бири — оливье. Тахминан 3–3,5 кг ҳажмда тайёрланадиган оливье учун картошка, сабзи, 10–12 дона тухум, қайнатилган колбаса ёки товуқ филеси, тузланган бодринг, яшил нўхот ва майонез керак бўлади. Бозор ва супермаркетлардаги жорий нархларга кўра, бу салатни тайёрлаш 135–150 минг сўмга тушади.
Яна бир анъанавий салат — сельд балиғи остидаги салат. Уни тайёрлаш учун 2–2,5 кг ҳажмда сельд балиғи, лавлаги, картошка, сабзи, пиёз ва майонез зарур. Асосий харажат балиқ ҳиссасига тўғри келиб, умумий сумма 140–160 минг сўм атрофида бўлади.
Қиш фаслига қарамасдан, янги йил дастурхонида янги сабзавотлардан тайёрланган салат ҳам бўлади. Помидор ва бодринг, бир даста кўкат ва ўсимлик ёғи билан тайёрланадиган ушбу салат учун 90–110 минг сўм сарфланади. Натижада салатлар учун умумий харажат 365–420 минг сўмни ташкил қилади.
Асосий таом сифатида кўпчилик печда пиширилган товуқни танлайди. Лимон, зираворлар ва сабзавотлар билан тайёрланадиган 2 кг товуқ учун 180–200 минг сўм атрофида маблағ кетади. Байрам дастурхонининг яна бир муҳим таоми — палов. 1,5 кг гуруч, 700–800 грам гўшт, сабзи, пиёз, ёғ ва зираворлар билан тайёрланадиган палов учун 240–250 минг сўм талаб этилади.
Балиқли таомлар ҳам байрамга ўзига хос мазза қўшади. Сазан ёки судак балиғи лимон ва сабзавотлар билан печда пиширилади. 2–2,5 кг балиқ учун сарфланадиган маблағ 290–320 минг сўмни ташкил этади.
Мевалар янги йил дастурхонининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мандарин, олма, банан, киви ва ананас хариди учун ўртача 265 минг сўм кетади. Газак сифатида пишлоқ, ёнғоқ ва писта танланади: 0,5 кг пишлоқ учун 50 минг сўм, ёнғоқ учун 60 минг сўм, писта учун эса 100 минг сўм талаб қилинади. Нон ва лаваш эса 15–20 минг сўм атрофида туради. Шу тариқа, мева ва газаклар учун умумий харажат 625 минг сўмга етади.
Ичимликлар — соклар, газланган ичимликлар ва минерал сув учун тахминан 100 минг сўм ажратилади. Ширинликлар ҳам байрам кайфиятини тўлдиради: 3 кг конфет 150 минг сўм, 1,5 кг пирожный 120 минг сўм, вафли 30 минг сўмга тушади. Торт эса 220–280 минг сўм оралиғида бўлади. Умумий ҳисобда ширинликлар учун тахминан 300 минг сўм кетади.
Шу тариқа, Янги 2025 йил дастурхонини тўкин ва мазмунли қилиш учун умумий харажатлар 2,5–3 миллион сўм атрофида бўлиши мумкин. Байрам яқин, ҳисоб-китоб эса олдиндан.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.