«Ал Иттиҳод» – «Насаф» учрашуви бошқа стадионда ўтказилади

Элит Осиё Чемпионлар лигасининг 6-тури доирасида бўлиб ўтадиган Ал Иттиҳод – Насаф беллашуви ўтказиладиган майдон ўзгартирилди. Бу ҳақда Саудия Арабистони клуби расмий баёнот билан маълум қилди.
Дастлаб Жидда шаҳридаги шаҳзода Абдуллоҳ ал-Файсал стадионида ўтказилиши режалаштирилган баҳс эндиликда шу шаҳарда жойлашган замонавий «Қирол Абдуллоҳ Ал-Инмаа» стадионида бўлиб ўтади. Қарор ташкилий сабабларга кўра қабул қилингани таъкидланмоқда.
Гуруҳ босқичи доирасидаги ушбу учрашув 23 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 23:15 да старт олади. Саудияликлар ўз уйида муҳим очколар учун кураш олиб боришни режалаштирган.
Айни пайтда «Ал Иттиҳод» Элит Осиё Чемпионлар лигаси жадвалида 6 очко жамғарган ҳолда 8-ўринни эгаллаб турибди. «Насаф» эса ҳозирча очко қўлга кирита олмаган ва гуруҳнинг қуйи поғонасида жойлашган.
Қайд этиш жоиз, саудиялик клуб маҳаллий мусобақалардаги танаффусдан унумли фойдаланган. Жамоа БААнинг Дубай шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ўтказиб, икки ўртоқлик учрашувида ишончли ғалабалар қайд этди. Илк баҳсда «Палм Сити» 6:0 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, иккинчи ўйинда «Галф Юнайтед» устидан 5:0 ҳисобида зафар қучилди.
Бу ҳолат «Ал Иттиҳод»нинг «Насаф»га қарши ўйинга юқори руҳ ва яхши тайёргарлик билан чиқишини кўрсатади. Мухлисларни эса қизиқарли ва кескин баҳс кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!