
Кўпчилик дангасаликни оддий ялқовлик, иродасизлик ёки инсоннинг шахсий камчилиги деб қабул қилади. Аммо ҳақиқат бундан анча чуқурроқ. Илмий ва психологик қарашларга кўра, дангасалик — инсон миясида ишга тушган муайян дастурлар ва ҳимоя механизмларининг натижасидир. Яъни муаммо “хоҳламаслик”да эмас, балки “қила олмаслик” ҳолатида.
Аслида, дангасалик ортида инсонни ҳимоя қилишга қаратилган онгсиз жараёнлар ётади. Мия ҳар доим хавфсизлик ва энергияни тежашга интилган. Шу сабаб, у айрим вазиятларда ҳаракатни тўхтатиб, инсонни “тинч ҳолат”га қайтаришга уринади.
Мутахассислар дангасаликка олиб келувчи энг кенг тарқалган учта асосий сабабни ажратиб кўрсатишади.
Ресурс етишмаслиги — яширин сабаб
Кўп ҳолларда инсонда куч-қувват қолмаган бўлади. Мия энергия тежаш режимига ўтади ва фаолликни хавфли ёки ортиқча деб баҳолайди. Бу ҳолат баъзан авлоддан-авлодга ўтиб келган ҳимоявий дастурлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Илгариги даврларда омон қолиш учун кам ҳаракат қилиш хавфсиз ҳисобланган. Бугун эса диван, телефон ёки сериал ана шу “хавфсиз бута” вазифасини бажаради.
Ярим шарлар ўртасидаги узилиш
Ўнг ярим шар орзу қилади, чап ярим шар эса режа тузади. Агар улар ўзаро “алоқани йўқотса”, инсон ҳаракатга ўта олмайди. Истак бор, аммо уни қандай амалга ошириш номаълум. Натижада мия фаолликни тўхтатиб, инсонни пассив ҳолатга солиб қўяди.
Фаоллик — стресс, ҳаракатсизлик — роҳат сифатида қабул қилиниши
Болаликда “жим ўтир”, “халақит берма” деган гаплар кўп эшитилган бўлса, мия фаолликни кортизол — стресс гормони билан боғлаб қўяди. Аксинча, жим ўтиргани учун мақталган болада ҳаракатсизлик дофамин — роҳат гормони билан уйғунлашади. Катта бўлгач, мия айнан дофаминни излаб, инсонни ҳаракатсизликка ундайди.
Шу сабабли, ўзингизни зўрлаб, “тур, ҳаракат қил” деб мажбурлаш кўпинча самара бермайди. Аксинча, бу ички қаршиликни кучайтиради ва инсонда ўзини қадрсиз ҳис қилиш ҳолатини пайдо қилади.
Муҳими, дангасаликка қарши курашиш шарт эмас. У билан “урушиш” эмас, уни тушуниш керак. Асосий вазифа — миядаги тўсиқ бўлаётган дастурларни аста-секин қайта созлаш, ресурс ҳолатини тиклаш ва ярим шарлар ўртасидаги мувофиқликни яхшилашдир.
Шунда ғайрат, ҳаракат ва мақсадга интилиш ўз-ўзидан пайдо бўлади. Дангасалик эса секинлик билан йўқолади. Бу жараёнда ўзингизни айблаш эмас, ўзингизни тушуниш — энг тўғри қадам.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.