8 737
«Табибман, қушночман, фолбинман, азайимхонман», деган муттаҳамларга қачонгача ишонамиз?
Қачонгача содда бўламиз?
Нега бизнинг халқимиз табибман, қушночман, фолбинман, азайимхонман деган муттаҳамнинг ҳар қандайига ишонади?
Нега халқимиз товламачиман деганнинг ҳар бирига алданади?
Нега халқимиз бунчалар содда?
Ахир қачонгача жаҳолат ботқоғига ботиб ётамиз?
Япон денг, дунё билади. Немис денг, инглиз денг, дунё билади. Биз ўзимизни ҳар қанча улуғлаганимиз билан четга чиққанлар кўриб келаяпти, ўзбек денг, биров билмайди.
Сабаби на япон, на немис, на инглиз ўзбекчалик жоҳил эмас-да. Ўзбекчалик табиб-у, қушночга, фолбинга ёпишиб олмаган-да.
Ёки Японияда болаларнинг томоғида қолган нарсани оладиган “гир-гир”лар борлигини эшитганмисиз? Улар Германияда борми? Англияда борми?
Ҳаммаси Ўзбекистонда. Ҳар бир шаҳар, ҳар бир туман, ҳар бир маҳалланинг ўз “гир-гир”и, ўз фолбини, ўз қушночи, ўз азайимхони, ўз “иссиқ-совуқчи”си бор.
Яна бир сабаби
Ўзбеклар табибга, азайимхонга чопишининг, ҳеч иложи қолмаганидан кейингина врачларга боришининг яна бир сабаби врачларнинг ҳам азайимхондан баттар бўлиб кетганидадир. Врачлар диагностика марказлари ва аптекалар билан махфий битим тузиб олиб, ҳузурига келган беморларни аёвсиз “шилаётгани”. Буни бугун яширишнинг ҳам, хаспўшлашнинг ҳам ҳожати йўқ, ҳар бир юртдошимиз буни кўриб, билиб турибди.
Бошқасини қўйиб туринг, ҳазиллашиб ҳам “Саримсоқпиёз егандим, оғзимдан нохуш ҳид келаяпти”, деб врачга мурожаат қилсангиз, саккиз хил қон ва сийдик “анализ”ларини топширтиради, “УЗИ”га туширади, “МРТ” қилдиради, “шланг” юттиради, “ЭКГ” қилдиради, рентгенга туширади ва охирида йигирма тўрт хил дори буюради. Дорини қайси аптекадан олшингизни, таҳлилни қайси диагностика марказига топширишингизни “қаттиқ” тайинлайди. “Бошқасиники бўлмайди”, дейди. Бошқасига текширтириб келсангиз, бошқатдан “ўзиники”га юборади.
Ундан кўра шўрлик ўзбекка табибга боргани яхши-да. Ўзи кўради, ўзи текширади, ўзи ташҳис қўяди, ўзи даъво курсини тайинлайди, ўзи дори буюради, ўзи дори беради, ўзи даволайди, ўзи ҳисоб-китоб қилади. Энг муҳими, врачга ўхшаб, миллиондан гапирмайди.
Каллаварамлар паради
Бу парадни кўрмоқчи, аниқроғи, Самарқандда нечта каллаварам борлигини билмоқчи бўлсангиз, шаҳарнинг “Лимонадний” деган жойига чоршанба куни саҳарда етиб келинг, томошани кўрасиз.
Минг-минглаб самарқандликлар шу куни ўзларининг каллаварамликларини намойиш қилишади. Уларнинг тенг ярми “Биби Чоршанба она”дан мадад сўраб келса, қолган ярми “Рўшнойи ота”дан нажот истаб келади.
Эътибор бердингизми, бу жоҳил одамлар бу ерда ётганлигининг эҳтимоли бўлган кишининг нима каромат кўрсатганлиги тугул, эркак ёки аёллигини ҳам аниқ билмайдилар, аммо сиғинадилар. Кўр-кўрона! Каллаварамларча! Ҳар чоршанба саҳар мардондан дарёдай оқиб келаверадилар ва бу ердаги булоқдан чиқадиган сувдан идишларига олиб кетадилар. Энг қизиғи, бу “муқаддас булоқ”нинг сувига ҳафтанинг қолган кунларида ит ҳам қарамайди…
Пули етиб, ақли етмаганлар
Нуробод туманидаги Оқсой қишлоғида яшайдиган ўртоғимникига бордик. Қишлоқ кўчасидаги машиналарнинг тирбандлигидан унинг уйига ўтолмай, бир соатдан ортиқ вақт йўқотдик. Ишонасизми, минг-минглаб машиналарнинг ичида давлат рақамлари “01” дан бошлаб “95”гача бўлганларини кўрдик. “Мерседес”лар, “Лексус”лар, “Тойота”лар, “Каптива”лар, “Орландо”лар, “Москвич”лар, “Запорожец”лар, автобуслар, …
Нима эмиш, Ҳазрати Довуд шофёрларнинг пири эмиш! Машина олган одам бор-ки, Ҳазрати Довудни зиёрат қилиши шарт эмиш!
Нима эмиш вилоят ҳокимининг ўзи бу ерни обод қилаяпти эмиш!
Нима эмиш, Юлдуз ҳар йили икки марта келар эмиш!
Барака топгур, вилоят ҳоким обод қилса, бу ер жуда боҳаво жойлиги учун, одамлар маза қилиб дам олсин, деб обод қилаётгандир? Бошқа иши қолмаган бўлса, Юлдуз ҳам келгандир. Қолаверса, у ҳам ўзингга ўхшаган ўзбек…
Қиммат машинани олишга пули етиб, қаерни зиёрат қилишга ақли етмаганларга “Ҳазрати Довуднинг Оқсойга келишга вақти ҳам, бу ерда қиладиган иши ҳам бўлмаган, у тарихий шахс, Исроилда яшаган, пайғамбар ва подшоҳ бўлган”, деганингиз билан асло тушунмайди. “Сенга пир бўладиган бўлса, Исроилга бориб, зиёрат қил”, десангиз сизнинг эсингиз жойидалигига шубҳаланиб қараб қўяди.
Аммо чиқиш бирмунча қийин бўлган тоққа чиқиб, ғорга кириб, “Ҳазрати Довуднинг қўл излари”ни тавоф қилиб чиқади ва ўша ердаги дарахт шўрликнинг шохига албатта, латта боғлаб қайтади: “Ўғил кўрсам, келиб ечаман!”
Дўмпайган жой бўлса бас
Бир киши эшагини миниб, қўлида узун бир таёқни тутиб, бир даштдан ўтиб бораётган эди. Ногаҳон бир тошга қоқилган эшаги йиқилди ва бўйни қайрилиб, эшакликни бажо келтириб қўйди. Киши эшагини кўп яхши кўрар эди, даррандалар тилка-пора қилиб ташлашини истамай, бир чуқур кавлади ва эшагини кўмди. Табиийки, эшаги кўмилган ер анчагини дўмпайиб қолди. Киши дўмпайган жойнинг бир четига қўлидаги узун таёқни тиқиб қўйди ва йўлида давом этди.
Киши бирор йилдан сўнг яна шу ердан ўтди ва эшаги кўмилган жойда ўн беш-йигирма чоғли аёл йиғлаб ўтирганини кўриб, нима гаплигига тушунмай, уларга яқин борди. Эшаги кўмилган дўмпайган жой ёнига бир тошни қўйиб, унинг устига ўтириб олган бир кўса минғирлаб бир нималарни ўқир, аёллар унинг олдидаги белбоққа пул ташлар, киши суқиб кетган таёққа латта боғлар эди.
− Кел, эй, адашган кимса, сен ҳам атаганингни ташла ва авлиё отамиздан нажот сўра, албатта, муродингга етурсан! – деди кўса ҳалиги кишига.
Киши секин кўсани айланиб дўмпайган жойнинг орқасига ўтиб, тиз чўкди ва деди:
− Мени кечир, эшагим, сен авлиё бўлиб кетган экансан-у, мен нодон буни билмасдан, адашиб, сени миниб юрган эканман!
Бу бир латифа. Аммо бир ўйлаб кўринг-чи, дўмпайган жой Ўзбекистоннинг қаерида йўқ? Ёнида бир таёқ тиқилмаган “авлиёнинг қабри” қаерда йўқ? Дўмпайган жойнинг ёнида ўсиб қолиб, бор шохига латта-путта боғланмаган дарахт қаерда йўқ?
Бизнинг халқ шунақа, бир дўмпайган жойни кўрса, зиёрат қилади, ёнида бир таёқни кўрса, латта боғлаб, ният қилади.
Яна табиблар ҳақида
Аввалгиларини қўяверинг, мустақилликдан кейин чиққан, донг таратган табибларни олинг, қанақалари чиқиб кетмади?
Қашқадарёдан ялаб тузатадигани чиқди. Астағфируллоҳ! Борганлар айтди, навбатда турган одамларни қўяверинг, машиналарнинг охири вилоят чегарасига етар экан. Одамлар ойлаб навбатда туришар экан. Навбат кутиб ётган давоталабларни ҳалиги табибнинг қишлоқдошлари уйларига ижарага қўйиб, пул ишлаб ётибди экан. Қанчаси шуларга нарса сотган, овқат қилиб берган ва ҳоказо.
Қаршидан қасам ичириб даволайдигани чиқди. (Адашмасам, ҳалиям “ишлаяпти”.) Асосан, “01”ни даволар экан, яъни алкашларни ичмайдиган қилар экан. “Ичсам, эшак бўлай!” деб қасам ичдирар экан. (Эшак кўпайиб кетишига ана шу табиб сабабчи бўлди-ёв…)
Энг қизиғи, худди шу касални Тошкентдан ичириб даволайдигани чиқди. Жонига тегиб кетгунча ичирар эмиш! “Э, бўлди-ей, энди ичмайман-эй!” деб юборар эмиш.
Сурхондарёдан сўкиб даволайдиган табиб чиқди.
Андижондан афтингга қараб, Қорақалпоқдан расмингга қараб даволайдиган табиб чиқди.
Намангандан еттиталаб касални бир йўла кўрадигани, Гулистонда ҳаммани бирдан “оптом” сеанс қиладигани чиқди.
Хоразмдан ўз ошхонасида таёрланган таомлар билан боқиб даволайдиган табиб чиққан бўлса, Каттақўрғондан “очингдан ўлдириб” даволайдигани чиқди. Энг қизиғи, озиш учун борган одам ҳам, семириш учун борган одам ҳам бир хил “лечина”дан муроди ҳосил бўлиб кетаяпти. Во ажаб!
Энди лицензия ҳақида
Мақола тепасидаги сохта табибга лицензияни қайси академия берганинига эътибор бердингизми?
Қозоғистон Халқ табобати Академияси!
Худди ана шу Академия менинг бир қишлоқдошимга “Бир бало фанлари доктори” деган унвон ва жимжимадор лицензия ҳам берган эди. Экстрасенсориками, электорбиониками, эсимда йўқ. Биз уни “тақсир” дер эдик. Кўзидан қўрқар эдик, ёмон тикилар эди. Турмада қозоқларнинг машҳур Абай деган товламачиси билан ўтирган, машҳур актёримиз Талъат Нигматуллиннинг қотили бўлган бу нусхадан гипноз сирларини ўрганган эди.
Ўша Академия биз ғирт гиёҳванд деб билган бир танишимизга “Гиёҳлар билан даволовчи етук мутахассис, табиб”, дея лицензия берибди.
Бир нарсани билиб қўйинг, азиз юртдошларим, биз бир маҳаллар “Пулим куйган деб, қозоқ совунни еган экан”, деб аския қилганимиздек, қозоқлар ҳам бугун бизни аския қилмоқда. Тракторчиларимизга ҳам, чўпонларимизга ҳам, алкаш ва гиёҳвандларимизга ҳам, учига чиққан “апирис”ларимизга ҳам “Энг зўр табиб шу” деган лицензия бериб, ўзлари устимиздан кулиб ўтиришибди.
Биз, ландовур, лапашанглар эса, ҳаммага кулгу бўлиб ўтирибмиз.
Сўнгсўз ўрнидаги ўнгсўз
Хафа бўлманг, сизни ландовур, лапашанг, ҳатто тепароқда каллаварам ҳам дедим.
Бундай деганимга зинҳор ранжиманг, юртдошим!
Сиз каллаварам бўлмасангиз, мен каллаварам бўлмасам, кечагина тракторчилик қилиб юрган “авлиё”нинг уйидан миллионлар чиқармиди?
Ана шу миллионларни биз, сиз, бориб турган ландовурлар берганмиз!
Қачонгача содда бўламиз, одамлар?!
Қачон бизнинг кўзимиз очилади?!
Қачон бизнинг ақлимиз ишлайди?!
Тўра Мурод
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаётда барпо этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлди
Германиялик фермернинг сигири тўртта бузоқ туғди
Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди
Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
Европа Иттифоқи ва АҚШ «учинчи дунё»га экология учун йилига $300 млрд бермоқчи