date

Сменали иш ортида яширин хавф: буйрак касалликлари тобора кўпаймоқда

Сменали иш ортида яширин хавф: буйрак касалликлари тобора кўпаймоқда

Замонавий ҳаёт суръатида кўпчилик учун сменали иш оддий ҳолатга айланди. Кимдир кеча-кундуз меҳнат қилиб, оиласи учун барқарор даромад топади, яна кимдир ноодатий график эвазига вақтни бошқача тақсимлаш имкониятига эга. Бир қарашда бу қулай ва самарали ечимдек кўринади. Бироқ олимларнинг охирги тадқиқотлари бунинг ортида жиддий саломатлик хавфлари яширинганини кўрсатмоқда.

Sun Yatsen университети мутахассислари Буюк Британия Биобанк лойиҳасида қатнашган 220 мингдан зиёд киши маълумотини ўрганиб чиқди. Текширув натижалари нуфузли Mayo Clinic Proceedings (MCP) журналида чоп этилди. Уларга кўра, тунда ёки ноодатий вақтларда ишловчиларда буйрак-тош касаллиги юзага келиш эҳтимоли ўртача 15 фоизга юқори экан. Энг хавфли жиҳати — бу ҳолат айниқса ёшлар ва жисмоний фаоллиги паст иш турлари билан машғул бўлганларда кўпроқ кузатилади.

Хавфнинг асосий сабаблари

Олимлар бу ҳолатни бир нечта омил билан боғлашмоқда. Аввало, сменали ишчи кўпинча тез тайёр таом, шўр ва ёғли маҳсулотларни истеъмол қилади. Бу эса сийдикда минераллар кўпайишига ва вақт ўтиши билан улар тошга айланишига олиб келади.

Иккинчи жиддий сабаб — етарли сув ичмаслик. Организм суюқликсиз қолганда сийдик қувурларида тузлар тезроқ кристалланади ва буйраклар юки янада ортиб боради.

Шунингдек, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги ва чекиш одати ҳам вазиятни оғирлаштиради. Ҳаракатсиз турмуш тарзи моддалар алмашинувини издан чиқариб, буйраклар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Энг катта муаммо эса уйқу тартибининг бузилиши. Тунда ишлаш инсоннинг биологик соатини алмаштиради, гормонал мувозанатни бузади ва натижада моддалар алмашинувида узилишлар пайдо бўлади.

Қандай чора кўриш мумкин?

Мутахассислар айтишича, бу хавфни тўлиқ йўқотиш қийин, аммо уни камайтириш мумкин. Бунинг учун:

  • етарли миқдорда сув ичиш,

  • туз ва ёғли овқатларни чеклаш,

  • ҳар бир танаффусда қисқа юришлар қилиш,

  • уйқу сифатини яхшилаш ва чекишни ташлаш муҳим.

Олимларнинг қизиқ хулосаси

Тадқиқотнинг энг қизиқ жиҳати — узоқ йиллар давомида сменада ишлаганларда тош ҳосил бўлиш хавфи бироз пастроқ экани. Бу «соғлом ишчи эффекти» билан изоҳланади: яъни оғир режимга фақат соғлом инсонгина чидай олади. Шу билан бирга, вақт ўтиши билан организм қисман тунда ишлашга мослашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бу жараённинг тўлиқ механизми ҳали ўрганилмаган.

Хулоса

Сменали ишнинг салбий таъсири аниқ ва инкор этилмайди. Бироқ унинг зарарини юмшатиш учун ҳам иш берувчилар, ҳам ишчилар қадам ташлаши шарт. Корхоналарда соғлом овқат бурчаклари, спорт билан шуғулланиш имкониятлари ва мунтазам тиббий кўриклар йўлга қўйилиши зарур. Ишчилар эса ўз навбатида сув ичиш, вазнни меъёрда сақлаш ва фаол ҳаёт тарзини танлашга эътибор бериши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Сменали иш ортида яширин хавф: буйрак касалликлари тобора кўпаймоқда