Фан олами яна ажабланарли хулосалар билан чиқди. Бу гал Нидерландиянинг Radbaud университети тадқиқотчилари чивинлар қайси инсонларга кўпроқ йўналишини ўрганди, деб ёзади Biorxiv.
Тажрибадан 455 нафар мусиқа фестивали иштирокчилари ўтди. Улар аввал гигиена, овқатланиш ва турмуш тарзи, шу жумладан спиртли ичимлик истеъмоли ҳақида махсус сўровномани тўлдиришди.
Синов жараёнида иштирокчилар қўлини чивинлар учун мўлжалланган қурилмага қўйди. У ерда ҳашаротлар инсон қўли ва шакарли озуқа орасида танлов қилди. Махсус тўр туфайли чивинлар терининг ҳидини ҳис қилган, аммо чивинлар ихтиёрий иштирокчиларни чақиши мумкин эмас эди.
Натижада маълум бўлдики, чивинлар кўпроқ спиртли ичимлик истеъмол қилган одамларга йўналган. Тадқиқотчи Феликс Холлнинг таъкидлашича, бундай ичимликлар тана ҳарорати ва ҳидини ўзгартириб, инсонни чивинлар учун янада жозибадор қилади.
Қизиғи шундаки, ҳашаротлар яқинда жинсий алоқада бўлган иштирокчиларга ҳам катта қизиқиш билдирган. Бироқ қўлига қуёшдан ҳимоя креми суртган ёки эрталабки душ қабул қилганлар чивинларни анча кам жалб қилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!