05:41 / 28.06.2017
10 113

Иккинчи хотин...

Иккинчи хотин...
Тўхтамишнинг хотини Тўхтаниса аразлаб онасиникига кетиб қолди. Нимаймиш, Наманганнинг қичиқ атласидан олиб бермаганмиш. «Пул етмаса, катта холангникидан обераманми?» деб ўшқирганди, шартта бурилиб кетворди. Лекин бу воқеадан сўнг Тўхтамиш дод солиб сочини юлмади. Юладиган сочи ҳам қолмаганди-да, қуриб кетсин! Кал бошини қашлаганча барга борди-ю, аламидан молдай бўкиб ичди. Кайф тарақ бўлгач, иккинчи хотини Лазо ёдига тушди. Йўл-йўлакай, Тўхтанисани сўка-сўка Лазоникига кирди.

Тўхтамишнинг Лазодан кўнгли тўқ. У ҳеч қачон онасиникига аразлаб кетиб қолмайди. Кетолмайди ҳам. Уйи жудаям узоқда. Қишлоқда умри ўтгани учунми, уйига қандай боришниям билмайди. Қолаверса, эрига меҳри, садоқати баланд. Тўхтамиш унинг кўксига бош қўйди дегунча эркаланиб кўнглини юмшатади-қўяди. Тўхтанисага ўхшаб ҳадеганда минғирлайвермайди, уни олиб бер, буни қилиб бер деб жиғига тегмайди…

— Жоним, нега Тўхта овсар-а бунақа? — сўради у Лазонинг кўксига бош қўйиб. — Қара, тағин онасиникига кетиб қолди. Кошкийди қайнонам қизининг дийдиёларини эшитса. Қулоғи том битганига минг йил бўлди-ку!..
— Кетса кетар, — нозланди Лазокат. — Мен борман-ку, асалим! Янаям яхши бўпти кетгани. Тўхтанисангиз уйингизда бўлса, нуқул атрофида айланганингиз айланган. Мен бўлсам, соғинч, ҳижрондан ўртаниб ўтиравераман. Ажаб бўпти!

— Сен, барибир бошқачасан-да, Лазо, — деди Тўхтамиш уни қучиб. — Қўйнингга кирдимми, тамом, эриб кетаман.
— Унда мени бир айлантириб келинг!

— Қаерга боргинг келяпти?
— Анҳор бўйларида сайр қилсам, зилол сувини тўйгунча томоша қилсам дейман. Ўзингизам анави Тўхтанисангизни пича унутардингиз.

— Бўпти, юр, — ўрнидан қўзғалди Тўхтамиш. — Сайр бўлса, сайр-да, жоним! Қуриб кетсин дунёсиям!..
Орадан ярим соатча вақт ўтиб, улар анҳор бўйида туришарди. Қоронғи кеча, симёғочлардан таралаётган чироқ шуъласи анҳорнинг зилол сувига олтин сирға таққан каби янада кўпроқ ҳусн бағишлаганди.
— Биласизми, — деди Лазо. — Бирга яшай бошлаганимизга ҳадемай бир йил бўлади.

— Эсимда, — ғўлдиради Тўхтамиш шоша-пиша қўйнидаги баклашка тўла пиво қопқоғини очаркан. — Шундай ажойиб кунни унутиб бўларканми, Лазо?
— Совға деган нарсалар олиб бериларди бундай кунда, — луқма ташлади Лазо. — Сиз бўлсангиз жимсиз.
Тўхтамиш тоғорадан сал кичикроқ қорнини силкитиб кулди.

— Оббо, сен-эй, — деди кулгидан ўзини тиёлмай. — Дарров нозик еримдан оласан-а!
— Нозик ерингизни реклама қилаверманг ҳадеб! — аразлаган бўлди Лазо. — Шундан бошқа гап йўқми гаплашишга?

— Хўп, нима олиб берай? Айтақол! Сендан ҳеч нарсани аямайман!
— Ҳамма нарсам бор, — маъюсланди Лазокат. — Мени ташлаб кетмасангиз, бас.

— Ие, бу гапни қаердан олдинг? Нега сени ташлаб кетишим керак? Ўзи… Энди бир йил бўлди-ку сени олганимга, аҳмоққинам!
— Кейин-чи, Тўхтаниса опани қайтариб кела қолинг! Барибир, уям сизни севади. Ҳа энди бир эркалик қилгандир-да!

— Ғалатисан-а, вей! — Тўхтамиш баклажка тўла пивони симиргандан сўнг баттар кайфи тарақлашиб талмовсиради. — А-ахир… Боягина нолиётгандинг. Қолаверса… Сенинг кўнглингам, қўйнингам очиқ-а!?. Нега бунақасан?..
— Очиқ бўлса, фақат сиз учун очиқ-да, арслоним! Аммо Тўхтаниса опам қайтиши шарт. У менга ёмон гапирмаган ҳеч қачон. Учрашиб қолсак, ҳар хил қизиқарли гаплардан гапириб кўнглимни оларди. Яхшимас!..

Тўхтамиш бу гаплардан таъсирландими, ё мастлик зўр келдими, янада эриб Лазонинг кўксига қайта бош қўйди ва негадир шу заҳоти илкис бошини кўтариб олди.
— Ўзинг жуда яхшисан-у, — деди афтини бужмайтириб. — Локигин бағринг совуқроқ-да! Давлинанг пастми нима бало, билмайман… Қайнаб турмайсанми мундай?!. Аммо барибир яхшисан. Сенга етадигани ҳали онасидан туғилмади… Менга қара, ўзинг мени ташлаб кетиб қолмайсанми бошқасига? Айниб қолмайсанми? Биров билан бекитиқча қочиб кетсанг-а?!.

— Аҳмоқ бўлманг! — деди эркаланиб Лазо. — Мени ит олармиди? Сиздан бошқаси қайрилиб ҳам қарамайди менга! Кейин… Сизга садоқатим кучли, арслоним! Башарти, биров-ярим олиб қочаман деса-чи, шундай йўталаман, шундай йўталаман, кўкйўтал экан деб ўйлайди-ю, қочади-кетади. Шундай экан, билиб қўйинг, мен фақат ўзингизни дейман! Ўла ўлгунимча сизникиман, тўрам!
— Унда кундошвойингни опкелайлик-а? — чайқалиб Лазони қучди Тўхтамиш. — Фақат айтиб қўяй, бугун кўпроқ ичвордим. Тўхтаниса нервимга тегди-да! Башарти бирор жойингга қаттиқ тегиб кетсам, хапа бўлиш йўқ!

— Вой, жоним, бошимга тош билан уринг-чи, миқ этармиканман!?. Сиз қаттиқ тегсангиз, яна уринг деб бошқа жойимни тутаман, ўзимнинг арслоним, тулпорим!..
Кайфи таранг Тўхтамиш Лазонинг кўнгил изҳорларини эшитгач, ҳайратдан йиқилгудек бўлди. Мастлик-ростлик деганларидек, олдин ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Кейин эса қотиб-қотиб кулди. Сўнг кайфини тарқатиш ниятида бир неча марта бошини силкитиб-силкитиб, Лазога — гапнинг чапанисини айтганда, эскирган бўлса-да, ҳали оёқдан қолмаган «Москвич»ига ўтириб калитни буради. И-и-и-и-и!!! Қовун тушириб қўйдим-ку, иним!..

Майли энди, бўлар иш бўлди… Хуллас, ҳайрон бўлдингиз-а? Ҳа, бу Лазо дегани алмисоқдан қолган «Москвич» эди, биродар! Уни кўрса, ҳатто Тўхтаниса ҳам ўзини тўхтатолмай қолади. Товушини эшитса, онаси тугул, бирор дугонининг ой охирида бериладиган «гап»ида ўтирган бўлсаям, чопқиллаб чиқади…

Тўхтамиш Лазонинг йўталиб турганига-да, эътибор қилмай калитни буради.
Чунки шу кечаёқ Тўхтанисани онасиникидан олиб келмаса бўлмасди. Лазонинг дили оғрирди.


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иккинчи хотин...