22:53 / 16.09.2017
8 090

Омонат ғор сири (7-қисм)

Омонат ғор сири (7-қисм)
— Санга ўлдир, дедемми?! — қичқирди Барон ўзбекчалаб. — Уйингни ёқаман, мочағар, бетта сочи тўкилса!

Бу дўқдан Хосият бибининг шашти қайтди. Шалвираб атрофидагиларга қаради. Лўлибошининг чақчайган кўзлари бақрайиб бир нуқтага михланиб қолганидан қавмдошлари ҳайрон эди.

…Лола, одатдагидай, автобусларга чиқиб-тушиб ризқини термоқчи эди, бироқ туйқус ниятидан қайтди. Биринчи “Икарус”га яқинлашган кезда ортига қайтмоқчи бўлди.

— Лўлилар гўзалининг бугун кайфияти йўққа ўхшайди, — деган овоз келди ортидан.

Лола ўгирилиб, иржайиб турган таниш ҳайдовчига кўзи тушди. Бу жойдаги ҳайдовчиларнинг бари уни танир, унга «лўлиларнинг гўзали», «сулув лўли», «эрка лўли», «оппоқ лўли» деб ўзига хуш ёқадиган лақаблар қўйиб олишганди. Ҳатто бир ёшроқ ҳайдовчи: “Агар лўли бўлмаганингда ўзим сени олиб қочиб кетардим”, дея ҳазиллашди ҳам. Бошқа лўлиларни киритавермайдиган ҳайдовчилар ҳам Лола учун автобус эшигини очиб қўяр, гоҳида эриб кетиб Лолага ўзлари ҳам “ризқ” улашиб юборарди.

— Атаганимиз бор. Олиб, бошимизни балодан халос қилмайсанми? — деди ҳайдовчи Лоланинг назаридан эриб.

— Сийзнинг балоингийз кўп, амак, сийз кўп садақа қилишенгиз керак. Манга аён, — деди Лола ҳам ҳазиллашиб. — Пулингийз энди етмайдий.

— Тағин долларнинг нархи ошдими, осмондан келасан?

— Доллар турибдий, амак, маний нархийм ошгон.

— Сенам лўли бўп қопсан-да.

— Ман аввал лўлийдим, амак, эндий…

— Циган бўлдингми? — Лоланинг гапини бўлди ҳайдовчи кулиб.

— Циган ким бўптий, ман бизнесмен лўлийман… Маний куф-суфийм қиммат.

— Во, барака топгур, ҳали мартабам ошиб кетди, дегин. Унда таниш-билишчилик қиларсан.

— Майлий, амак. Сийз ўзимизникий, «почин» қиламиз. Текинга бошингийздаги балоний қувиб ҳайдаймиз, — деди Лола.

Унинг охирги гапи шунақанги юмшоқ, ширин чиқдики, ҳайдовчи яйраб кетди. Ёнига келиб ичида Қуръон тиловат қилаётган (Лолага ёшлигидан одамларни ўзига кўпроқ ийдирсин, деб беш-олтита сура ёдлатишган эди) қизни елкасидан қучиб пешонасидан ўпиб қўймоқчи бўлди. Бироқ Лола унинг қўлларини силтаб ташлади.

— Амак, — деди сергак тортиб қиз, — сиз ёмон бўлибсийз, ман номаҳрам. Одамлар уят қиладий.

— Эй-й, — деди ҳайдовчи елка қисиб, — қизимданам кичкина бўлсанг. Яхши кўриб пешонангдан ўпиб қўймоқчийдим-да.

— Маний бўйим етгон…

— Балосан, бало, — деди ҳайдовчи бошини сарак-сарак қилиб куларкан, чўнтагидан иккита минг сўмлик чиқариб Лолага узатди.

— Омайман! — қиз титраб орқага тисарилди. — Текин айтдим-ку, амак.

— Сенга бир бало бўлдими? Ўзгариб…

— Ҳа, ўзгардем, — деди-да Лола орқасига кескин бурилиб кетиб қолди.

Унинг хўрлиги келди. Хилват жойга бориб сочларини юлиб, юзини тимдалаб бор овозда йиғласа, ҳеч ким халал бермаса. У холироқ жой излаб анча юрди. Аммо ҳаммаёқ одам билан тирбанд. Бўзлаб йиғласа, албатта, кимдир сийласа: “Нега йиғлаяпсан?” деб кўнгил сўрайди, сийламаган тақдирда: “Бунча улийсан?” дея ўшқиради. У шаҳар ичида қатнайдиган автобусга ўтирди. Автобус қаергача боради, нега бунга ўтирди — энди унга барибир эди. Муҳими, бозордан узоқроққа — кўз кўриб, қулоқ эшитмайдиган жойга кетса бўлгани.

Автобуснинг орқа ўриндиғига ўтириб олган Лола деразага бошини қўйиб ухлаб қолди. Одамларнинг ғала-ғовури, бекатларда биров тушиб, бировнинг чиққани, чиптачининг “Йўл ҳақини узатинглар!” дея қичқиргани ҳам унинг қулоғига кирмади. Фақат охирги бекатга етиб келиб, ҳамма тушиб кетгач, ҳайдовчининг семиз, бироқ овози аёлларникидай чийиллаб чиқадиган ёрдамчиси туртганида Лола уйғониб кетди. У қаерга келиб қолганини билолмай атрофига аланглади. Уйқу босиб, яна кўзларини юмди.

— Бўл тез, туш! Охирги бекат бу, — чийиллади чиптачи лўли қизнинг қилиғидан жиғибийрон бўлиб.

Лоланинг энсаси қотиб, эринибгина автобусдан тушди. Уйқу зўрлик қилиб, кўзлари юмилиб кетаверди. Ўтирадиган жой бормикан, деб чор-атрофга қаради. Шу пайт:

— Яна бир киши, кетамиз! — деб қичқираётган бошқа бир ҳайдовчига кўзи тушиб, микроавтобусига чиқиб олди. Омадини қарангки, унга деразанинг ёнидаги охирги бўш жой тегди. Лола кўзларини беҳол юмиб ухлаб қолди. Уйқусида алғов-далғов тушлар кўрди. Бир гал Хосият бибининг катта қорни шардай шишиб, лўлибошини осмонга учириб кетибди. Орада Баронни кўрди. У Лолани қувлаб кетаётибди, қиз қўрққанидан чинқириб қочаётган экан, олдида оқ “Нексия”ли ўша йигит пайдо бўлди. Бир чиройли нотаниш қиз ялиниб-ёлвориб ёрдам сўрайдими-ей… Бир маҳал узунлиги ўн қулоч, оғзи ўрадай, кўзлари бўртиб чиққан мўйловли илон осмонда пайдо бўлди, кейин вишиллаб унинг тепасига келди. Айри тилларини чиқариб бир муддат ҳавода муаллақ қотиб турди-да, кейин Лолага ташланди… “Вой дод!” — босинқираб қичқириб юборди қиз ва ўрнидан сапчиб турганида бошини микроавтобуснинг шифтига урди. Йўловчилар аччиқ овоздан чўчиб аланглашди. Аввал ёнидагиларга, кейин бўйинларини буриб, бошини чангаллаб ушлаб ўтирган қизга қарашди.

— Нима бўлди? — деди олдинги ўриндиқдаги сочлари оппоқ киши ортига ўгирилиб.

Лоланинг ранг-қути ўчган, ҳали тушида кўрганлари кўз ўнгидан кетмаган эди. У қўлини тушириб нотаниш кишига қаради, кўзларига ёш қуйилиб келди.

— Нима бўлди сенга? — сўради оқ сочли киши тағин.

— Ман ийлон кўрдийм, амак, ийлон емоқчий бўлдий, қўрқдийм, амак, — деди Лола дир-дир титраб.

— Ийлон ийлонни емайдий, — деди нотаниш киши ва қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Унга бошқалар ҳам қўшилди. Лола аввал нотаниш кишига, сўнгра бошқа йўловчиларга жавдираб қаради. Бироқ ҳеч нимага тушунмади ва бирдан жаҳли чиқиб кетди:

— Ҳа, нийма, очиб кўрсатийми?! — дея қичқирди.

Унинг пўписаси бировга зиғирча ҳам таъсир қилмади, аксинча қаҳқаҳа кучайди. Лола шу дам ёнида қавмидан ҳеч ким йўқлигига афсусланди. Акс ҳолда, ўн беш чоғли одамни икковлашиб бир ёқли қилишарди. У изза бўлганидан муштини тугди ва дераза тарафга ўгирилиб олди. Беш дақиқалар ўтиб йўловчилар тинчишди. Лола ҳам бироз хотиржам тортиб, деразадан ташқарига қаради. Кўзи тоғларга, унда-бунда липиллаб ўтаётган буталарга тушди.

— Шафёр, ҳай, шафёр! — деди юрагига ғулғула тушган Лола. — Қаён кетобмийз?

— Онангникига, — деди йўловчилардан бири.

Бу луқмадан кейин гўё бомба портлагандай бўлди — кулгидан автобуснинг деразалари зириллаб кетди. Орқага ўгирилиб қарайман деб ҳайдовчи рулни буриб юборди, машина илкис силкинди, лекин бунга ҳеч ким эътибор қилмади. Йўловчилар қотиб-қотиб куларди.

— Ҳаммангни кўзингни тупроқ боссийн! — аламидан қичқирди Лола.

Унинг қарғишини биров эшитмади.

— Ҳай, шафёр, тўхтат аравангний! — деди овози бўғилиб Лола ва ўрнидан туриб эгилиб ҳайдовчи томон юрди.

Шу пайт кимдир унинг оёғига тегингандай бўлди. Лола ўзини босолмай, ҳозиргина ёнидан ўтган оқсоч эркакнинг юзига чанг солди. “Форд”нинг ичи талотўп бўлиб кетди. Биров Лолани бир томонга, бошқа биров оқсоч эркакни иккинчи томонга тортарди. Қиз бисотида бор сўкишу қарғишларни ишга солди. Эркак эса муштига зўр берди. Лоланинг бурнидан тирқираб қон оқди. Машина тўхтаб, қизни судраб пастга туширишди. У бўзлаб йиғлар, кўзидан ёш, бурнидан қон оқар, гоҳ ўзининг лаҳжасида, гоҳ ўзбекчалаб шанғилларди. Унинг дийдиёсига чидаёлмаган бир йўловчи эркак қулочкашлаб юзига шапалоқ тортиб юборди. Қиз шўрлик оёғи ердан узилиб чалқанча қулади. Бир зум кўз олди қоронғи тортди. Нима бўлаётганини англолмай қолди. Кейин қулоғига машинанинг юргани элас-элас эшитилди. “Ўлаяпманми, нима бало?” — хаёлидан ўтди унинг. Сесканиб кўзини очди. Ҳартугул ўлмаган экан, кўз олди аста-секин тиниқлашди. У инқиллаб ўрнидан туриб ўтирди. Сўнг ўпкаси тўлиб ҳўнграб юборди. Энди унга ҳеч ким халақит бермади. Ўкириб-ўкириб, ерни муштлаб-муштлаб, ҳаммани қарғаб-қарғаб йиғлади…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (7-қисм)