22:32 / 30.09.2017
7 089

Омонат ғор сири (32-қисм)

Омонат ғор сири (32-қисм)
Аввал Наргиза кўзини очди. У қаердалигини англай олмай, бегонасираб атрофга аланглади. Тепасидаги оқ халатли одамларга ажабланиб қаради. Сўнг сўник овозда:

— Мен қаердаман? — дея сўради.

— Хайрият, — деди оппоқ сочли дўхтир қаншаридаги кўзойнагини олиб, — ўзингга келдинг. Қўрқитдинг-ку, қизим.

— Мен қаердаман? — қайта сўради Наргиза.

— Яхши жойдасан, касалхонадасан, — деди дўхтир жилмайиб.

— Сув беринг, — қиз қуруқшаб қолган лабларини ялади.

Илиқ сувга Наргиза тўймай, яна сўради. Лекин бу сафар унга сув беришмади.

Шу орада палатага милиция кийимидаги икки киши кирди. Уларнинг юзи ташвишли, бир қарашда улар оғир меҳнатдан толиққанга ўхшарди. Бошидан ўтган воқеаларни ҳали хотирасида тиклай олмаган қиз ҳайрон бўлди.

Милиционерлар Наргизадан ҳол сўраб, кейин мақсадга кўчиб қўя қолишди.

— Қизим, сени ким бундай аҳволга солди? — сўради улардан ёши улуғроғи.

— Менга? — Наргиза оёқлари, қўлларига, кейин танасига бир қур назар ташлади. Ҳаммаёғи оппоқ дока билан ўраб ташланганини кўриб, йиғламсиради. — Мен нега бундай ётибман?

— Қизим, — деди юмшоқ товушда милиционер, — сен тоғдан йиқилиб думалаб кетгансан. Ортингдан беш-олтита одам қувган…

Наргизанинг кўз ўнгида бошидан ўтган воқеалар гавдаланди, киприклари намланиб, ҳиқиллаб йиғлашга тушди.

— Энди қўрқма, қизим, ҳаммаси ортда қолди. Биз, албатта, уларни ушлаймиз. Улар ким эди?

— Билмайман, — деди Наргиза бурнини тортиб, йиғлашдан тўхтамай.

Иккаласи зах ўрада ётишганида у Лола билан шундай қарорга келишганди: “Агар бу ердан омон-эсон қутулиб чиқсак, ҳеч кимга айтмаймиз, қасдимизни ўзимиз оламиз. Милицияга айтсак, бу итлар қамалиб чиққанидан кейин яна бошимизга бало бўлади”.

— Мен сенга эслатаман, — деди милиционер Наргизага жиддий қараб. — Тоғдан пастга юмалаб кетаяпсан. Орқангдан кимлардир қувлаб келаяпти… Эсладингми?

Қиз эслагандек бош силкиди ва ўша одамларнинг кимлиги такрор сўралганда Наргиза нафасини ростлаб олиб, укасини кўргани касалхонага борганидан кейинги воқеаларни бирма-бир гапириб берди. Фақат Лола иккаласини ўғирлаган Бароннинг одамлари эканини, уларнинг маконини айтмади, яширди.

— Тахминан, — деди у, — шаҳар ташқариси бўлса керак. Янаям аниқроғи, дала-ҳовли. Улар бизни қайси йўл билан олиб кетишганини билмайман. Ҳушимдан кетгандим.

Воқеа содир бўлгани аниқ, лекин айнан кимлар ва қаерда бу ишни қилишгани номаълумлигича қолмоқда эди.

Милиционер улар сақланган жой қаерга ўхшашини, атрофида нималар борлигини қайта-қайта сўради. Лекин тайинли бир гап ололмади, қиз бир сўзда тураверди. Шундан кейин Наргизани ўз ҳолига қўйишиб, чиқиб кетишди. Уларнинг савол-жавоби пайтида Лола ҳам ҳушига келди ва уни сўроққа тутишди. Аммо лўли қиздан деярли маълумот олишолмади. Ниҳоят махсус гуруҳ шаҳар теграсидаги дала-ҳовлиларни кўрикдан ўтказиш учун жўнаб кетди.

Эртасига иккала қизни ҳам шаҳарга олиб боришиб, яхшилаб кўрикдан ўтказишгач, битта палатага ётқизишди. Шундан сўнггина Бобурга опаси топилгани ҳақида хабар етди.

Қайғудан қоврилиб, кўзлари киртайиб қолган йигит хушхабарни эшитиб, шифохонага қушдай учди. Ёнида Миркомил ҳамроҳ бўлди. Аслида бу хабарни унинг ўзи олиб келган, кўнглида бу машмашаларнинг тагига энди етаман, деган ният бор эди.

Бобур палатага кирган заҳоти Наргизани қучиб унсиз йиғлаб юборди. Уларнинг ўкинч, алам ва изтироб тўла юраклари бирор-бир сўз айтишга изн бермас, тиллари гўё муз қотгандек эди. Қайси бири бўлмасин бир сўз айтгудай бўлса, юраклари дош беролмай ёрилиб кетадигандек, ҳар иккиси ўзини айбдор ҳис этарди… Бобур бошини кўтариб, опасининг ёноқларидаги ёшни бармоғи билан оҳиста артди. Наргиза ҳам укасининг киприкларига қалққан томчиларни кафти билан сидирди. Уларни тош қотиб кузатиб турган Миркомилнинг кўнгли бузилди.

— Опа, мени кечиринг, — деди Бобур ниҳоят гапиришга ўзида куч топиб. Ҳар қалай, йигитлигига борди у. — Мени деб шу аҳволга тушиб қолдингиз.

— Сенинг айбинг йўқ, — деди Наргиза ҳамон ўзини йиғидан тўхтатолмай. — Пешонамизга ёзилган экан-да. Тузалиб чиққанингга хурсандман, худога шукур.

Шу пайт палатанинг тўридаги каравотдан кулган товуш эшитилди. Кулги оҳанги шодликдан кўра ғамга, чорасизликка мойилроқ эди. Ҳамма ўгирилиб қаради, хонага жимлик чўкди.

— Бийза қарайнг, Бобур, биз эндий бундоқ. Сийз бийзний кўргоний келгон. Қизийқмий? — деди Лола кулгидан ўзини зўрға тўхтатиб, кўзидаги ёшни артар экан. — Сийзний ўғийрламасун.

— Худо асрасин, — деди Наргиза ёқасига туфлаб. — Етар шунча кўрган кўргиликларимиз.

— Ҳаммасини онасини кўзига кўрсатаман! Тилка-пора қиламан! — Бобур қўлларини мушт қилди.

Укасининг гапидан Наргизанинг ўпкаси тўлиб кетди. Энди суянадиган одами борлигидан суюнди, укасининг қўлини ушлаб, секингина сиқиб қўйди.

Шундан сўнг орага узоқ сукунат чўкди. Ҳеч ким гапиришга журъат этмас, гапни нимадан бошлашни билмасди. Ора-сира Лоланинг хўрсингани эшитиларди, холос.

— Ҳаммаси яхши бўп кетади, — деди ниҳоят Миркомил ўртадаги жимликни бузиб.

Ҳамма унга қараб қўйди, бироқ ҳеч ким орага гап қўшмади. Миркомил ўзининг бу ерда ортиқчалигини сезиб, секин ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.

— Ойимлар яхшими? — сўради Миркомил чиқиб кетгач Наргиза. Бобур бу саволни кутган, қандай жавоб бераман, деб кўп ўйлаган, бироқ тайинли жавоби йўқ эди. У бошини қуйи солиб, бир неча дақиқа жим қолди. Наргиза кўзлари жовдираб, Бобурга ташвишланиб қаради.

— Нега жимсан, ойим яхшими? — қайта сўради у сабри чидамай.

— Ҳм-м, яхши… — ютиниб қўйди Бобур.

— Қаерда? — Наргиза унинг гапига ишонқирамай тағин сўради.

— Уйда…

Жавобдан қизнинг кўнгли тўлмади. У ойисига нимадир бўлганини ич-ичидан сезиб турарди. Шундай бўлса-да умидвор бўлиб деди:

— Агар ойим ҳали эшитмаган бўлса айтмагин. Бироз оёққа туриб олай, кейин билдирарсан. Ўзим ҳаммасини тушунтириб бераман.

— Ҳа, шундай қилганимиз маъқул, — унинг гапини тасдиқлади Бобур.

Шу пайт дўхтир кириб, қизлардан бирма-бир соғлиғини сўради. Кейин Бобурга беморларни кўп уринтирмасликни тайинлаб чиқиб кетди.

— Ким экан сизларни ўғирлаб кетган? — деди Бобур, шу фурсат ичида у ўзини қўлга олганди.

— Кейин айтамиз, — деди Наргиза, — ҳаммасини ўзим айтиб бераман. Ҳали сенинг ёрдаминг кўп керак бўлади, опанг учун ўч олишинг керак.

Наргиза ўзи ва фақат Лолага аён сирнинг бир учини укасига айтганди. У Бобурга ишонар, унинг бировга гуллаб қўймаслигини биларди. Лекин унинг шивирлаб айтган гапини нафақат Бобур, балки икки хона нарида ўтирган махсус хизмат ходимлари ҳам эшитишган эди.

Лола билан Наргиза ётган хонага аллақачон “қулоқ” ўрнатилган, бу палатадаги “тиқ” этган товуш ҳам икки хона наридагиларга эшитилиб турарди. Ходимлар сергак тортишиб, Наргиза айтган гапларнинг тагига етиш, Бобурнинг ўзбошимчалик қилиб қўйишига йўл бермаслик чорасини кўра бошладилар.

Бобур уйига тушкун кайфиятда қайтиб келди. Уни Наргизага азоб берган кимсалардан ҳам кўпроқ, онасининг вафотини опасига қандай қилиб айтиш қийнарди.
* * *
Халил бойвачча Бердимурод етказган хабардан қаттиқ ўйга толди: “Бобурнинг опаси кимга керак бўлиб қолдийкан? Онасининг тасодифан ўлиб қолганиям сирли. Тилладан бошқа бировнинг хабари борми? Аллақачон ўмариб кетишган бўлса-чи, унда қўлимни бурнимга тиқиб қолавераманми?” Бойвачча сиқилди, кетма-кет пиво ичиб, сигарета тутатди. Уни айни дамда бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, кўз ўнгидан фақат ғор ва унинг бир бурчагига яшириб қўйилган тиллалар кетмасди. Бир маҳал ўй ўйлаш жонига тегди, шекилли, Бердимуродга қўнғироқ қилиб, йигитларини йиғиб кутиб ўтиришни, ўзи тезда етиб боришини тайинлади. Машинасига ўтираётганида кенжа қизи дарвозадан кириб келди. Унинг ранги ўчган, кўзлари бежо эди. Лазокатга қараш бойваччанинг хаёлига ҳам келмади. Хизматкор дарвозани очиши билан кўчага чиқди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (32-қисм)