Миркомилнинг томоғига қаттиқ бир нарса тиқилди. У нима деярини билмай қолди. Ўзи шундоғам ёлғон гапирди. Ҳали ёлғонлари ошкор бўлади. Аммо буйруқ шундай бўлган! Наргизага оиласи ҳақида фақат яхши гапларни гапириши, онасининг вафотини зинҳор тилга олмаслиги керак.
— Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, — деди у мулойим гапиришга уриниб, кейин ўйланди: “Очиғини сўрасам-чи, мушук-сичқон ўйнашдан нима фойда? Вақт ўтаяпти, жиноятчилар жуфтакни ростлаб қолиши аниқ”. — Наргизахон, мен сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Сиз, биринчи навбатда, укангизни ўйлашингиз керак. Агар мен сўрамоқчи бўлган гапни ҳозир айтмасангиз Бобуржон қийналиб қолади, — деди у.
Унинг бу гаплари “сценарий”да йўқ эди, шу боисдан икки хона наридагилар саросималаниб қолишди.
— Тушунмадим, — деди Наргиза, — нега у қийналиши керак?
— Сиз унга кимлардандир ўч олиш ҳақида айтибсиз. У ҳозир ўшаларни қидириш билан овора. Қолаверса, ўша сизни олиб қочганлар ниятларига етолмаганидан аламларини Бобурдан олиши мумкин. Шунинг учун биз эртароқ фалокатнинг олдини олишимиз керак. Кутишдан фойда йўқ.
Наргиза ташвишланди, ҳақиқатан ҳам, Барондан ҳар нарсани кутиш мумкин. У ўгирилиб Лолага қаради. Лола ҳам унга тикилиб турарди. Нигоҳлари тўқнашди. Наргиза “Айтмасам бўлмайди”, деган маънода ишора қилиб, кўзларини юмиб очди.
— Сийз дўхтийрсийз…
— Шунинг учун бу гапни сизларга айтаяпман-да, — дея Лоланинг гапини бўлди Миркомил. — Менга беморларимнинг соғлиғи муҳим. Қолгани кейин ҳам бўлаверади.
— Барон, — деди Наргиза, — асл исмини билмайман, Барон дейишганини эшитдим. Лоланинг айтишича, уларнинг маҳалласида тураркан. Лекин бизни лўли маҳаллага олиб боришмади. Менимча, унинг дачасига олиб боришди.
— Тушунарли, — деди Миркомил ва секин эшик томон юрди.
— Қаёққа кетаяпсиз? — деди Наргиза ҳаяжонланиб.
— Зудлик билан уни қўлга олиш керак. Мен хабар берай, натижасини сизга айтаман.
Махсус гуруҳ тезда лўли маҳаллага жўнатилди. Бу пайтда лўли аёллар тирикчилик важида шаҳарнинг гавжум жойларида юришарди. Шундай бўлса-да, туйқусдан бегона кишилар Бароннинг уйини ўраб олгани бирпасда шов-шув бўлиб кетди. Лўлибошининг учта йигити қўлга олиниб, дала ҳовлиси аниқланди ва шу ондаёқ махсус гуруҳ жўнатилди.
Барон Ҳасан бошлиқ бешта йигитини қолдириб, бошқа шотирларини ўзи билан олиб кетганди. Ҳасан эртами-кечми, барибир, қўлга тушишларини билар, аммо у қочоқ қизларнинг тирик қолганига ишонмаётганди. Шу боис, қўққисдан уюштирилган ҳужумдан гангиб қолди. У ҳатто машинасига ўтиришгаям улгурмади — юзига ниқоб кийган барваста йигитнинг югуриб келиб ён томондан берган зарбасидан сўнг калласи узилиб кетаёзди.
Дала-ҳовли тинтув қилиниб, йигирма беш килодан ошиқ героин ва бир талай тилла буюмлар ҳамда ўттиз мингдан зиёд АҚШ доллари қўлга олинди. Булар Бароннинг бойлигининг ўндан бири ҳам эмас, у асосий бойликларини ўзи билан олиб кетганди.
* * *
Барон ҳар сафар Тожикистонга сўқмоқ йўллар орқали яширинча ўтиб-қайтар эди. Бу гал унинг омади чопмай, тоғда чегарачиларга дуч келди. У ўзини бутазорлар орасига уриб, жон сақлади. Олақарғадай аланглаб, ўзи доим ўтиб-қайтадиган жойда посбон бўлиб турган иккита аскарнинг кетишини пойлаб бир кун кутди. Бироқ аскарлар вақт-вақти билан алмашиб туришарди. Баронни ваҳм босди, йигитлари билан маслаҳатлашиб йўл қидиришга тушди. Вақт эса, ўтиб борар, лекин қулайроқ сўқмоқ топилмасди.
— Бўлди, — деди у сабри тугаб учинчи куни. — Ҳужум қиламиз. Шериклари етиб келгунча қочишга улгурамиз.
Аммо фурсат бой берилган, дала-ҳовлисида қолган шотирлари қўлга олингач, Ҳасан Бароннинг қайси йўл билан Тожикистонга ўтишини айтиб берган, натижада, аллақачон Бароннинг йўлига тузоқ қўйилганди. У энди орқасига ҳам қайтиб кетолмасди.
Чегарачиларнинг навбатдаги алмашинувидан сўнг Бароннинг буйруғи билан йигитлари қоровулларга ҳужум қилишга шайланишди. Бироқ шу маҳал ердан чиқдими, осмондан тушдими, бир гуруҳ ниқобланган йигитлар пайдо бўлишиб, яшин тезлигида уларга ташланиб қолишди. Бароннинг шотирлари нима бўлаётганини ҳам англашга улгуришмади. Сафнинг охирида кетаётган Барон ёнидан тўппончасини чиқаришга улгурди, холос. Иккита девқомат йигит ён томондан отилиб чиқди. Улардан бири Бароннинг қўлидаги тўппончани тепиб юборди, иккинчиси эса қўлларини қайириб, лўлибошини ерга босди.
* * *
Миркомилнинг Баронни гумашталари билан қўлга олишда иштирок этишга иштиёқи зўр эди, бироқ унга рухсат тегмади — махсус тайёргарликдан ўтмагани панд берди. Лекин лўлибошини қўлга олишганини эшитиб, елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Бу хушхабарни тезроқ айтиб, кўнгилларини кўтариш учун қизларнинг олдига шошди.
У палатага кириб борганида Наргиза шифтга термилиб ётар, Лола кўзини юмганча хаёл суриш билан овора эди. Лўли қиз кўнгли чўкиб, бирор-бир жон ачири йўқлигидан хўрлиги келарди. Наргизани укаси, унинг дўсти келиб сўраб турганига Лола ҳавас қиларди. “Мени биров сўрамайди. Ҳеч кимга керагим йўқ. Мабодо ўлиб қолсам, шундоқ кўмиб ташлашади. Негаям лўли бўлиб туғилдим-а? Ахир, боласи учун жонини беришга тайёр лўлилар ҳам оз эмас. Лекин меникилар… Барондан қўрқишади улар. Ҳозир номимни ҳам тилга олишмаётган бўлса керак. Тавба, нега мен уларга ўхшамайман? Ҳеч лўлиларга эл бўлиб кетолмадим-да. Нега уларнинг яшаши менга ёқмайди? Бизнинг ризқимизни Оллоҳ бошқаларнинг устига сочиб юборган, туғилганимизданоқ шу ризқимизни йиғиб кун кечирамиз. Манглайимизга ёзилгани шу бўлса… Нега тиланчилик қилиш менга малол келади? Уяламан…”.
— Сизларга хушхабар олиб келдим! — деди Миркомил эшикдан кириши билан. — Душманларинг қўлга тушди. Ўзиям Барон деганлари анча “семирган” экан… Хуллас, энди хавф-хатардан қутулдинглар.
Бу хабардан иккала қиз ҳам анг-танг қолишди, гапирай деса тиллари айланмас, йиғлай деса кўзларига ёш келмасди.
— Яна битта янгилик бор, — деди қизларнинг юз-кўзларидан юраклари тўлиб-тошиб турганини кўрган Миркомил. — Буниси Лолахонга тегишли…
* * *
Халил бойвачча қоронғида эшикнинг очиқлигини кўрмади. Ўнг оёғини силтаб тепмоқчи бўлди-ю, қалқиб кетиб, чалқанчасига гурсиллаб йиқилди. Қўлидаги пичоқ учиб кетди, бойвачча болахонадор қилиб сўкинди.
Энди кўзи илинган Лазокат шовқиндан чўчиб уйғонди-да, ичкийимда ўрнидан туриб, тунчироқни ёқди ва бўсағада ўрнидан турмоқчи бўлиб талвасага тушаётган отасини кўриб қўрқиб кетди.
— Адажон! — деди у ҳадик билан. — Тинчликми, нега бу ерда ўтирибсиз?
Халил бойвачча кўзларида нафрат билан қизига тикилди. Бу қараш отанинг қизига ташлаган назарига ҳечам ўхшамас, унда ёвузлик, алам, ўч яққол акс этиб турарди. Ҳозир ота эмас, кўзидан ўт чақнаётган махлуқ, рақибини янчишга отланган қасоскор эди…
— Сен ифлосни сўйиб ташлайман! — бақирди Халил бойвачча эшикка суяниб ўрнидан тураркан. У пайпасланиб чироқни ёқди. Сўнг эгилиб пичоғини топди.
— Адажон! — бақириб юборди Лазокат қўрқувдан юраги ёрилгудай.
— Аданг йўқ сенинг! Сени ойинг кўчадан орттириб келган. Тушундингми?! Аданг аллақачон ўлиб кетган! Мен сенга бегонаман! — Халил бойваччанинг оғзидан чиқаётган гаплар ўзига ҳам ҳақиқатдай туйилиб титраб кетди. Ўзини алданган, хўрланган ҳис этди. Алам билан олдинга талпиниб “кўчадан келган қиз”ни бир ёқли қилиш учун унга яқинлаша бошлади.
— Ада!.. Адажон! — қичқирди Лазокат ортига тисарилиб.
— Ҳозир Нилуфар учун жавоб берасан. Уни қандай заҳарлаган бўлсанг, ҳаммасини айтасан. Кейин мен сени бўғизлайман. Қонингни ичаман!
— Адажон мен… мен қилмадим. Мен… Мен билмайман… Адажон!.. — Лазокат титроқ қўлларини ортига чўзиб, ёстиқни ушлади ва тобора яқинлашиб келаётган отасининг юзига қарата ирғитиб юборди. Халил бойвачча буни кутмаган, ўзи бир ҳолда зўрға оёқда турарди. Ёстиқ “гуп” этиб башарасига теккач, ўзини йўқотиб қўйди. Чўк тушиб қолди. Ўрнидан сакраб турган қиз ўзини эшикка урди. Халил бойвачча ўзини ўнглаб, ёнидан ўқдай учиб ўтаётган қизининг оёғига қўлидаги пичоқни сермаб юборишга улгурди. Аммо ваҳимага тушган Лазокат оғриқни сезмади, йўлакка чиқиб бор овозида:
— Ойижо-о-о-н! — дея чинқирди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...