14:48 / 26.12.2017
9 164

«Сизга ўхшаган олифта, ўзини осмондаги ой деб биладиганларни кўп кўрганман!»

«Сизга ўхшаган олифта, ўзини осмондаги ой деб биладиганларни кўп кўрганман!»
Кумушнинг қовоғи солиқ, лаблари дўрдайиб, қошлари ҳам тобора чимирилишни бошлаган. У қаршисида турган аёл ва унинг ўғлига бошдан-оёқ қараб олди-да, бу ердан қочиб кетгиси келди. Онаси эса ҳадеб қизини ниқтаб қўяр, «Кулсанг-чи, бироз жилмайсанг-чи, бола билан яхши гаплаш, осмондан келаверма», дея насиҳат беришдан тўхтамасди.
— Ассалому алайкум, яхши келдингларми? Қийналмай топдингизми бу ерни?
Кумуш билан онасига пешвоз чиққан аёл астойдил куйиб-пишар, қўлини кўксига қўйиб жилмаярди. Обдан кўришишни бошлаган икки аёл гапга берилиб кетишди. Кумуш боягина асабдан қизини койиётган онасининг доимгидай тезда ўзгариб олишига яна бир марта қойил қолди. Қизнинг бу ҳолатдан ҳам кулгиси, ҳам йиғлагиси келар, ўзидан кўз узмай турган йигитга эса нафратли нигоҳи билан қараб қўяётганди.
— Узр, биз сизларни анча куттириб қўйдик, — деди Кумушнинг онаси ва куёвликка номзод йигитга назарини ташлади.
— Ия, ҳеч ундай эмас, кутсак кутибмиз-да, — қўлини кўксидан туширмаётган аёл ўғлига қараб, нозик ишора қилди.
— Ассалому алайкум, яхшимисизлар! — ишорани тушунган Азиз қаршисидаги аёлга яқинроқ келиб, елкасини тутди. Аммо унинг кўзлари Кумушдан узилмасди.
— Энди сизлар айланиб кела қолинглар, биз ҳам гаплашиб оламиз, — деди Азизнинг онаси.
Кумуш бу учрашувдан ҳеч ҳаяжонланмас, ёнида юрган йигит эса кўзларига бироз бесўнақай, ҳатто кўримсиз ҳам бўлиб кўринди.
«Нима қилиб юрибман ўзи бу аҳмоқ билан гадойтопмас жойларда. Эҳ, учрашувга чақирган ерини қаранглар, бир тупканнинг таги. Дидсиз, фаросатсиз! Кийиниши ҳам расво-ку. Оёғига нима кийиб олган, оқ кроссовками, мана шунақа шим билан-а? Тавба!»
Қиз ўзи билан ўзи гаплашиб кетарди. Хаёлига келаётган бу фикрларни ҳайдаш ўрнига, аксинча, тезроқ бу йигитдан қутулиш пайида. Аммо қандай қилиб? Ахир онаси бу йигит ва унинг оиласини роса мақтаган-ку. Дадасини ишга солсинмикин? Э, йўқ, энди дадаси ҳам қизининг эркаликларини кўтаришдан тўйган.
— Аҳволларингиз қалай, Кумуш, чарчамаяпсизми?! — деди, ниҳоят, Азиз.
Йигитнинг овози титраб чиқди. Ёнгинасида юрган бу қизнинг бепарволиги-ю, менсимай боқишларини Азиз аллақачон сезганди. Аммо не қилсинки, дилида уйғонган ажиб ҳислар таъсиридан чиқолмас, қизнинг ҳам кўнглини бир амаллаб олиш ниятида эди.
— Чарчаяпман, — деди Кумуш сочларини қўли билан тараб. — Нима эди?
— Шунчаки… — Азиз қўпол муомаладан бироз шошиб қолди. — Кайфиятингиз йўқроқдек кўринади.
— Менга қаранг, — деди Кумуш дабдурустдан тўхтаб. Қиз асабийлашгани сари тез-тез уҳ тортарди. — Бу юришимиздан бир наф йўқ. Дангал гаплашиб олайлик.
— Хўп, яхши, гаплашиб оламиз, тинчликми?!
— Мен билан нега яна учрашувга чиқдингиз ўзи, уйда кўришган кунимизоқ бурнимни жийиргандим-ку, тушунмаганмидингиз? — Кумуш гап орасида онаси тарафга ҳам бир қайрилиб қаради, улар сезиб қолмаслиги учун дарахтлар ортига Азизни атайин бошлаб келганди.
— Сезгандим, аммо…
— Аммо?! Аммосига нима бор экан, ҳеч тушунмайман, — қизнинг кўзлари катта-катта очилди. — Ёки сизга фарқи йўқми, севмасам ҳам уйланаверасизми менга?
— Ахир бор-йўғи икки марта кўришдик, — деди Азиз хотиржам оҳангда бироз жилмайиб. — Кўнглингиз тушиб…
— Кўнглим тушмайди сизга! — кескин рад этди қиз.
— Тушунмадим?! — Азизнинг энди қовоқлари уйилди.
— Мен сизга тегмоқчи эмасман!
— Кумуш, — деди Азиз қизнинг гапларини эркаликка йўйиб. — Сиз менга…
— Э, бўлди-да энди, бунча ёпишиб олдингиз менга! Айтдим-ку, бир-биримизга тўғри келмаймиз, деб!
Азиз гапини ҳадеганда бўлаётган бу қизнинг тантиқликларига узоқ чидаши мумкин эди-ю, бироқ жим туриши ҳам ғашига тегиши аниқлигини пайқади ва тақдирга тан бергандай икки қўлини икки тарафга ёйди.
— Зоримиз бор, зўримиз йўқ, Кумушхон.
Кумуш йигитга ўғринча қараб бироз жим турди-да, бошини баланд кўтарди.
— Шуниси иккаламиз учун ҳам яхши.
— Хўп, хайр бўлмаса, омад сизга, — Азиз гапни қисқа қилиб, қиз билан хайрлашди ва ортига ўгирилиб кетишга чоғланди.
— Ия, шошманг, — деди Кумуш Азизнинг билагига жон ҳолатда ёпишиб. Йигитнинг ажабланишини кўргач, дарров қўлини тортиб олди-да, бир ютиниб олди. — Ҳалиги, ойингизга нима дейсиз?
— Нима дердим, қиз мени ёқтирмади, дейман.
Маъюс тортган Азиз Кумушга тикилиб қолди. Йигит бу қайсар, эрка, аммо гўзал қизни ёқтириб қолганди. Ҳеч кечгиси келмаётганди ундан.
— Йўқ, — деди қиз норози қиёфада, — бунақаси кетмайди. Сиз ўзингиз мени рад этишингиз керак. Ойингизга «Қиз ёқмади», деб айтинг.
Кумуш ҳатто «илтимос» сўзини ҳам қўшмай гапирди. Қизнинг кўзларида зоҳир бўлган ушбу манманликни Азиз ёш боланинг эркалиги сингари табиий қабул қиларди.
— Чиройли юзингизга қараб, бирорта нуқсон тополмадим, қайси виждон билан ёқмади, дейишим мумкин?
— Феьли ёқмади денг, яна бирор баҳона ўйлаб топарсиз! — ер депсинди Кумуш. — Бўлди энди, кетдик.
—…
* * *
Қиз Азизни бадавлат бўлмагани, дидли кийинмагани учун ёқтирмаганди, аммо бу ҳақда ойисига айтолмади. Гап эшитиши турган гап. У ота-онасиниг гапларини нариги хонада эшитиб ўтирар, улар аллақачон тўй тадоригига тушиб кетишгани қизнинг ғашини келтираётганди.
— Жуда маънили йигит, дадаси, иккинчи маротаба кўриб, такрор гувоҳ бўлдим, — деди аёл эрига боши кўкка етган кўйи. — Сиз ҳам гаплашгансиз-ку, ниҳоятда тарбияли, тўғрими?
— Мен одамни кўзига қараб биламан, хотин, — деди эркак чуқур тин олиб. — Бу боланинг кўзлари баъзи йигитларникига ўхшаган сурбетмас, ишонавер. Бизнинг даврларда эди, учрашувга чиқиб, қиз болага тик боқолмайдиган номуслилар. Бугуннинг ёшлари анча безбет.
— Дадаси, Кумушни ҳам кўндириш керак.
— Кўнмай қаёққа боради! — столга бир мушт урган эркакнинг кўзлари косасидан чиққудак чақчайди. — Бўлди-да энди, ҳадеб эркалик қилишни йиғиштирсин.
Кумуш титраб кетди. «Тамом, етиб келибман», — деди қиз лабини тишлаб. «Мудом кўнглимга қарайдиган дадамни ҳам мана шу бола жодулаб олибди-я, тавба». Кумушнинг бирдан-бир умиди Азиздан. Қиз гоҳ уй, гоҳ онасининг қўл телефони жиринглашидан бир сакраб тушар, Азизнинг онаси эмасмикин, дея қулоғи динг бўларди. Аммо бир ҳафта ўтса ҳамки, улар томондан қўнғироқ бўлмади. Кумуш бундан хурсанд эди-ю, лекин рад жавоби келмагунича хотиржам бўлолмасди. Агар совчи бегона бўлганида ҳам, қиз улар йўқолиб кетишган, дея хаёл қилар, лекин Азизнинг оиласи кўп йиллик таниш экани учун улар, албатта, аниқ бир сабаб билан тайинли жавоб келтириши турган гап эди.
— Нега йўқ бўлиб кетишди экан, Кумуш, шундай яхши жой эди-я.
— Йўқ бўлиб, юзкўрмасга айланиб кетайлик! — деди қиз бурнини жийириб. — Бунча шуларга ёпишиб олдингиз, ойи?
— Ундай дема, аҳмоқ! — қизининг елкасига беозор уриб қўйди аёл. — Яхши оила, йигит ҳам яхши, тарбияли, топармон-тутармон, қолаверса, сени яхши кўради.
— Вой-вой, ўргилдим, — деди Кумуш қалин, қора қошларини доимгидай чимириб. — Бор-йўғи икки маротаба кўришиб, севишга ҳам улгурибдими бу юзсиз. Айтиб қўяй, ойи, мана шу аҳмоқни ўлгудай ёмон кўриб қолдим!
— Ёмон кўрганинг олдингга келади. Шундай гап бор, — деди онаси хаёлларга берилиб. — Ҳечқиси йўқ, яхши кўриб ҳам кетасан…
Кумуш ғазабдан қизариб, хонасига чиқиб кетди. Қиз қўрқаётганди. Нима учундир тақдирнинг ўзи бу болага рўпара қилиб қўядигандай ҳадиксираётганди. Бироздан сўнг ёнига кирган онаси эртага бошқа йигит билан учрашув белгиланганини ва бу йигит Кумуш истагандай бой оиладан эканини айтди.
Онаси рост айтган экан. Йигит сўнгги русумдаги машинада савлат тўкиб келди. Қизга аввал ҳам анча-мунча бадавлат йигитлардан совчи келган, бироқ буниси худди Кумуш истагандай эди. Қора машинанинг ойнаси фильмлардаги каби секин пастга тушди.
— Салом, сиз Кумушмисиз? — деди машинани бошқариб келган йигит Кумушга бошдан-оёқ қараб оларкан.
— Ҳ-ҳа, — дея олди «Эҳтимол, бу унинг ҳайдовчисидир», дея ўйлаб қолган қиз.
— Мен Азаматман, ўтиринг!
Кумуш бу буйруқли оҳангдан довдираб қолди. Буйруқли оҳангга кўз юмиш мумкин, аммо йигитнинг машинадан тушмаслиги ҳурматсизликнинг ўзгинаси. Қиз олдинига нима қиларини билмай турди, сўнг «Ўзига ишонган, манаман деган йигит-да, табиий ҳол» деган ўйда ўзини овутиб, машинага ўтирди. Улар йўл бўйи гаплашишмади. Қиз йигит уни кўриб ҳаяжонланиб кетишини, саволларга кўмиб ташлашини кутганди, лекин умуман кутилмаган вазият юзага келди. Кумушнинг дили сиёҳ, аммо ҳеч ёмон хулоса чиқаргиси йўқ. Шу пайт машина Кумуш киноларда кўрадиган ресторанлардан бирининг ёнида тўхтади. Қиз атрофга аланглаб улгурмасидан Азамат олдинга юриб кетди, қиз эса унга етиб олиш учун тез юраман деди-ю, оёғини қайириб олди.
— Тузукмисиз? — югуриб келган ресторан хизматчиси Кумушга ёрдам бериш учун қўлини чўзди.
Кумуш оқсоқланиб қадам ташларкан, Азамат лаоқал хизматчи йигитчалик эътибор қаратмаганидан ғалати бўлиб кетди.
— Қаерда қолиб кетдингиз? — деди йигит ҳеч нарсадан бехабардек қизга бепарво қараб. — Ия, оёғингизга нима қилди? Ёки ўзи шунақамисиз?
«Тавба, худди мен билан келганини унутгандай чопиб кетди-я. «Шунақамисиз?» Бу билан нима демоқчи? Аслида, чўлоқмисиз демоқчими?! Машина эшигини очмагани, йўл бўйи индамай келгани, энди эса бу гапи… Қизиқ, учрашув сўнггигача яна қанақа қилиқлар кўрсатаркин?».
Кумуш шундай хаёллар билан Азаматнинг қаршисига ўтирди.
— Оёғим қайрилиб кетди, — деди у эшитилар-эшитилмас.
— Нима, эшитмадим?
Кумуш йигитнинг товушидан бепарволик ва яхшигина менсимасликни ҳам сезди.
— Сизга етиб оламан, деб шошилгандим, оёғим қайрилди, дейман.
— Ҳмм…
«Ҳмм». Биргина шу сўз Кумушнинг ич-ичидан ниманидир узиб юборди. Қизиқ, шу кунгача у айни мана шу сўзни неча бор ишлатган. Йигитлар унинг бу «ҳмм» дейишларига худди мана шундай аянчли ҳиссиётни туйишганмикин? Кумуш ўзини чалғитишга уриниб, атрофга разм солди. Чиройли, шинам, ёруғ рестораннинг саҳнасида жонли мусиқа янграяпти. Ҳамма, ҳатто хизматчилар ҳам хотиржам ва нозик ҳаракатланишяпти. Сал ўтмай, официант столни ноз-неьматлар билан тўлдириб ташлади. Бир қарашда ҳаммаси маромида, ҳатто зўр. Лекин…
Ҳаётимизни мана шу лекинлар бузиб юборгани чатоқ. Кумуш Азаматга тикилиб қолди. Дарҳақиқат, у унчалик хушсурат эмас, аммо устидаги қиммат костюм, қўлидаги соат ва телефони ажойиб. Унинг ўша қиммат соат таққан қўли эса телефонига ёпишиб қолган. Азамат Кумушга қараб ҳам қўймас, митти қутичасига термилиш билан овора. Фақат ора-орада «Гапингиз бўлса, гапираверинг», деб қўяди. Кумуш тишини-тишига босиб чидади. Йўқ, у боя Азамат машинадан тушмай, «ўтиринг», деганидаёқ чидашни бошлаганди.
— Сиз, — деди қиз охири сабри тугаб, қўлларини стол устига қўйгач. Қизнинг қўпол ҳаракатидан идишлар ҳам бир-бирига урилиб кетди. — Учрашувга чиқдингизми ўзи?
— Секин, — деди йигит фақат кўзларининг ҳаракатини ўзгартириб. — Нима демоқчисиз?
— Кечирасиз-у, биз учрашувга чиққанмиз, — деди қиз мулойимлигини йиғиштириб, — ёдингиздами?
— Яхши қиз, нима истаяпсиз ўзи, мана овқат олиб келишди, марҳамат енг, ичинг, маза қилиб қўшиқ эшитинг, — деди йигит ва ўзига-ўзи гапиргандай пичирлади. — Зеро, умрингизда кўрмаган жойда ўтирибсиз.
Йўқ, Кумуш энди жим туролмайди. У бу болага эрга тегиш у ёқда турсин, ҳатто бу ерда у билан бир дақиқа ҳам ўтиролмайди.
— Адашасиз, — деди қиз ўрнидан туриб. — Кўрганман, киноларда кўрганман. Яхши қолинг, биз бир-биримизга умуман тўғри келмас эканмиз!
Кумуш сумкасини олди ва яна бир қўпол ҳаракати билан столдаги алламбалоларни ерга тушириб юборди. Сўнгра бошини баланд кўтарган кўйи ортига ўгирилди. Худди ниманидир унутгандай яна Азамат томон бурилиб, ҳайратдан қотиб қолган йигитга яқинлашди.
— Айтганча, ўша киноларда сизга ўхшаган олифта, ўзини осмондаги ой деб биладиган бефаросатларни ҳам кўрганман! — деди Кумуш ва атайин яна бир қўпол ҳаракат билан столдаги финжонни ҳам тушириб юборди. — Агар устингиздаги қиммат костюм, соат ва алламбало соч турмагингиз унда бўлса, у ҳам шаҳзодага айланарди-қоларди. Ҳаммаси жуда осон экан-ку! Ўргилдим!
Азамат Кумушнинг охирги гапларига тушунолмай, довдираганча лом-мим деёлмай қолди. Қиз эса чуқур чуқур нафас олиб, «Худога шукр, энди яхшиман», дея пичирлар ва негадир Азиз хаёлига келиб қолганидан ҳам ҳайратда эди. Ҳа, унинг Азаматга айтган сўнгги гаплари Азиз ҳақида эди. Қиз бояги оёқ оғриғини ҳам унутиб, шаҳдам қадамлар ташлаб, катта йўлга чиқиб олганди ҳамки, олдига машина зув этганча келиб тўхтади.
— Сизга такси керак эмасми, мабодо?!
Ҳаяжон ва бироз ҳадик билан берилган бу савол эгасини кўрган Кумуш энтикиб кетди.
— Азиз ака?!
— Кечирасиз, яна ғашингизга тегдим чоғи! — деди йигит дарҳол машинадан тушиб. У жилмаяркан, ўзини оқлашга уринарди:
— Шунчаки мен шу ердан ўтиб кетаётиб…
— Жуда яхши-да, мени уйимга ташлаб қўясиз! — Кумуш машина эшигини очди-да, шартта ўтириб олди.
Азиз эса бирозгина шошиб қолди, нима қиларини билмай, «Ҳ-ҳа, ҳа, албатта», деганча машинасини юрғазди. Улар йўл бўйи тинмай гаплашиб кетишди. Азиз онасига «Бироз шошмай туринг», деб ўзи ҳам билмайдиган тақдир ёрдамини кутганини ва умиди узилмаганини…
Қиз бу сафар индамади, кулиб қўяқолди, холос.

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Сизга ўхшаган олифта, ўзини осмондаги ой деб биладиганларни кўп кўрганман!»