...Шифохонадан чиқариб кетишгач, унинг хонасини тартибга солиш учун кирган ҳамшира ёстиқ остидан бир неча қоғозга тушурилган қораламаларни топиб олди. Эслади: бемор бир неча кун давомида шу қоғозга нималарнидир ёзаётганлигини, ҳамшира кириб келган чоғда шошиб, уларни ёстиқ остига тиқиштириб, кўз ёшларини енги билан тўсганини...эслади. Эслади: бу одам шу шифохонада қайта ва яна қайта даволанганлигини... Шаҳри азимларда ҳам узоқ вақт даволаниб, қайт..ганлигини эслади..
Ўша лаҳзалар кўз олдидан ўтиб, ҳамшира маюс хўрсинди. Рости, ўшанда ўзи ҳам хижолат тортганди.
У жуда мулойим ва оҳиста сўзларди, худди аллалаётгандек. Юзларидан нур ёғилиб турувчи бу кишининг қарашлари ҳам ёқимли эди. Лаблари жилмайишни канда қилмас, доимий равишда намланиб турувчи кўзларининг қорачиқларида эса яширин дардлари бор эди. Ўзгаларнинг мактубини ўқиш одобдан бўлмаса-да, қизиқиш устунлик қилиб, қоғозга кўз югуртирар экан, нигоҳларни сатрлардан узолмай қолди.
«Азизам! Қисматми ё тақдир ёзиғи ёки мен излаган йўлнинг туташган жойи шу бўлдими, билмайман. Ўзимни тубсиз ва қирғоқсиз бўлган ушбу номсиз денгизда кўрдим. Билмам, бу денгиз недан, қайдан пайдо бўлди? Ундан ҳасрат ва армон ҳиди баралла уфуриб турибди. Кўпчиётган тўлқинлари ўксик қалб хуружи монанд. Шўр сувлари таниш таъмли... Мана, ўша сен билган даврдан буён сузаман бу денгизда, бу баҳри уммонда. Ҳар кун, ҳар лаҳза чўкиб кетиш хавфи билан яшайман. Сузаман, оёқларим ерга тегмайди, сузаман уфққа туташиб кетган уммон узра, қирғоқ кўринмайди. Сузаман, сузавераман. Ҳадеб ютаверганимдан шўр суви димоғимни ёрди. Баъзан сузаётиб ёнимда кимдир борлигини пайқаб қоламан, албатта, бу Сен бўлардинг. Мен билан бақамти сузаётганингдан, ёлғиз кезларимда ёнимдалигингдан бирида суюнсам, бирида оғринаман. Ўзим учун толиқсам-да, сен учун суза бошлардим. Гоҳо, сув юзасига бир қалқиб, бир чўмиб.. чўкаётганлигингни пайқаб қолардим. Ёрдамга шошардим. Баъзида эса сен...
Асоратли, бетизгин йиллар сарҳадида ҳисобсиз саволлар мени ўртайди: Мен-ку, айбдор эдим, гуноҳларимни билардим, лекин сен не учун?
Менга бу азоблар тайин! Баъзида бу азоблар, оғриқлар менга таскин ҳам берарди, аммо, сен не учун? Сенинг не гуноҳларинг бор эди-ки, жарбини мен билан тортасан?
Кейин..кейинроқ эса, Сенинг ҳам толиққанлигингни, кўнглингнинг туб-тубида ўзга денгизга, баҳри уммонга майл борлигини англаб қолдим. Бу мен учун янгилик эмас эди...
Энди яна ёлғиз, узоқдан-узоқ сузмоқдаман, қирғоқ эса ҳануз кўринмайди. Қирғоқ излаб шу қадар толиққанман-ки, бир лаҳза бўлса-да, ором олгим келади. Руҳим, вужудим-да, ҳатто умид ҳам оромга муҳтож. Қани, товонларим заминни туйса! Қирғоқни кўрсам, бош қўйсам. Фақат бир лаҳза, бир сониягина...
...Узоқ сузгач толиқиб, бир нуқтада узоқдан-узоқ туриб қоламан. «Балки қирғоқ бу томондадир,» дея бошқа томонга сузиб кетаман. Шу қадар узоқ сузаманки, толиқиб қирғоқни топишдан, излашдан воз кечгандек ҳам бўламан. Фақат бир лаҳза, бир сония, умид қайта алангалангач, тағин яна бошқа томонга қирғоқ илинжида сузиб кетман. Баъзида эса унинг қаърига топингим келиб қолади. Аммо менга сузиш буюрилган, сузавераман. Қирғоқни топа олмаслигимни билсам-да, ич-ичимдан сезиб турсам-да, сузавераман.
Мен денгиз узра муаллақман, шунга маҳкумман! Бунда не маъно бор, не ҳикмат, менга қоронғу. Қуш бўлиб кўкка уча олмайман, балиқ бўлиб уммон қаърига шўнғий олмайман. Инсон...ман дейман-у, менда на имкон ва на ихтиёр бор... Гоҳо ҳасрат ўтида ёнсам, гоҳо умид чўғларида тўлғонаман.
Уммон ҳарчанд бепаён бўлмасин, бари бир қирғоқ яхши. Қирғоққа не етсин!
Баъзида баҳри уммон тўлқинлари яна-да, шиддат олгандек, кўпириб тошаётгандек туюлаверади..
Ва, ниҳоят, мана, мен ҳам толиқ...дим. Вужудимда бир қатра бўлса-да, мадор қолмади. Аста-секин уммон қаърига чўка бошладим. Бундан кўнглимда бир шодлик туйдим.
Тўсатдан, ...тўлқинлар юзимни ялаб ўтар экан, кўмилаётган нигоҳларимнинг ёзғиринган қорачиқларида нимадир «йилт» этганини англаб қолдим. Уммон қаърига равона бўлаётиб ҳам, нигоҳларимдаги мужассам ўша ёзғириқ ожиз бир учқун ҳали ҳануз..қирғоқдан умидвор эди..
Қайдам, балки, шу уммон қаърида ҳам мени яна бир уммон кутаётгандир?! Балки, Унда ҳам дийдори йўқ қирғоқни излашга маҳкум бўларман. Унда ҳам ғарқ бўларман, қирғоқ илинжида. Топа олмасанг-да, қирғоқни излаганлар сафида бўлмоқлик ҳам бир бахт, бир шараф... Чунки қирғоқда ҳикмат бор, адолат, меҳр-оқибат, иймон, ҳузур-ҳаловат ва соф муҳаббат бор. Шундан айирмасин, шундан қолдирмасин.
Алвидо, қирғоғини йўқотганлар...»
Ҳамшира мактубни қўлида тутганича ҳаракатсиз қотиб турарди. Иккинчи ҳамшира келиб уни чақирганида ҳам, туртганида ҳам ҳеч нарсани сезмади. У ҳамкасбининг қўлидаги қоғозни тортиб олганда ҳам юз ифодасини ўзгартирмаган куйи эшик томон юзланди...Унинг кўнглидаги кемтик ой юзидаги доғ сингари кенгайиб, ҳасрат ўтида куя бошлаган эди.
Мактубни ўқиган борки, бир хилда тунд, маҳзун қиёфага кириб қоларди.
Ҳали олдинда тонг бор, тонглар бор. Зулмат сингдирган ғуборни юва оладиган тонглар бор эди. Мактуб эса ҳануз қўлма-қўл, у ҳам соҳиби каби қирғоқ излаётган бўлса, не ажаб.
Эркин НОРСАФАР
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади