Chess.com Open 2026: Синдоров мусобақани тарк этди, Абдусатторов курашни давом эттирмоқчи

Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров дунёнинг энг йирик онлайн шахмат мусобақаларидан бири — Chess.com Open 2026да иштирок этди.
Ушбу турнир киберспорт бўйича 2026 йилги Жаҳон Кубоги — Esports World Cup 2026 учун саралаш босқичи ҳисобланади. Мусобақада жаҳоннинг энг кучли шахматчилари қатнашиб, кейинги босқич йўлланмалари ва йирик мукофот жамғармаси учун беллашмоқда.
Мусобақада 2026 йилги FIDE Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров ўз иштирокини якунлади. Илк босқичда россиялик Данил Дубовга қарши баҳсда имкониятни қўлдан чиқарган Синдоров, иккинчи имкониятдан самарали фойдалана олмади. У француз гроссмейстери Максим Вашье-Лагравга қарши дона сурди. Илк икки партияда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Армагедонда (шахматдаги пенальти серияси) эса Синдоров мағлубиятга учраб, турнирни тарк этди.
Нодирбек Абдусатторов эса биринчи босқичда америкалик Сем Севианни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейинги босқичда у беларуслик Денис Лазавикга қарши баҳс олиб борди. Ушбу учрашувда Абдусатторов 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва энди мағлублар йўлагида россиялик Ян Непомнящийга қарши ўйин ўтказади.
Турнир яна бир бор таъкидлаш жоизки, Esports World Cup 2026 учун саралаш вазифасини бажаради. Унда жаҳоннинг етакчи шахматчилари кейинги босқичларга чиқиш ва салмоқли мукофот жамғармаси учун кураш олиб бормоқда.
Шахматчилар “10+0”, яъни рапид форматида беллашмоқда. Икки марта мағлубиятга учраган иштирокчи чемпионлик учун курашни якунлайди.
Маълумот ўрнида, 2025 йилги Esports World Cup 2025да NAVI сафида қатнашган Нодирбек Абдусатторов 5-ўринни эгаллаб, 85 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритган эди. Гуруҳ босқичида иштирокини якунлаган Team Vitality вакили Жавоҳир Синдоров эса 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!