date

Иброҳим Тотлисас меросини фарзандларига эмас давлатга қолдиради

Иброҳим Тотлисас меросини фарзандларига эмас давлатга қолдиради

Туркиянинг машҳур хонандаси Иброҳим Тотлисас бутун мол-мулкини фарзандларига эмас, балки давлат тасарруфига васият қилишини маълум қилди. У бу ҳақда 22 апрель куни шифохонадан чиқиш чоғида “Cumhuriyet” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

— Болаларимга бир тийин ҳам йўқ, меросимнинг барчасини давлатга қолдираман. Уларнинг айримлари туфайли оиламнинг бир қисми азият чекди. Отам менга ҳеч қандай пул қолдирмаган, у оддий ошпаз эди. Бойликни ўз меҳнатим билан топганман, хоҳласам сарфлайман. Мен уларга катта мерос қолдирдим, аммо буни англаб етишмади. Иброҳим Тотлисас номи билан барча эшиклар очилади, лекин улар бундан фойдаланишни билмади, — дейди санъаткор.

Тотлисаснинг бойлиги қанча?

Маълумотларга кўра, Иброҳим Тотлисаснинг умумий бойлиги тахминан 150 миллиондан 850 миллион долларгача баҳоланади. Унинг Туркиянинг Бодрум ва Измир шаҳарларида меҳмонхоналар, виллалар, квартиралар, кабобхоналар, телеканаллар ҳамда автомобиллар парки мавжуд экани айтилмоқда.

Ўзини анча яхши ҳис қилаётганини таъкидлаган хонанда айрим фарзандлари отанинг қадрига етмагани сабаб улардан воз кечганини ҳам яширмади.

— Дўстларим мени ёлғиз қолдирмади, Измир ва Анқарадан келиб ҳолимдан хабар олди — барчасига раҳмат. Дўст ана шундай кунда билинади. Аллоҳ фарзандларимдан рози бўлсин, лекин ҳаммасидан эмас. Туғча қизимдан Аллоҳ рози бўлсин. Аммо “А” ҳарфини алифбодан ўчириб ташладим, — дейди у, Аҳмад исмли ўғлига ишора қилиб.

Санъаткорнинг таъкидлашича, айрим фарзандлари ҳатто унинг оғир аҳволида ҳам ёнида бўлмаган.

— Мен, агар отам шундай ҳолатда бўлганида, уни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасдим, ҳатто жонимни берардим. Оталарнинг қадрини қачон тушунишаркин — билмайман, — дейди у.

Шонлиурфада шифохона очиш нияти бор

Шунингдек, Иброҳим Тотлисас даволаниш жараёнида ёрдам берган шифокорларга миннатдорлик билдириб, туғилган шаҳри Шонлиурфада шифохона очиш таклифини илгари сурди.

— Шонлиурфада 4,5 сотих ерим бор. У ерда хусусий шифохона йўқ, одамлар Ғозиантепга боришга мажбур. Келинглар, ўша ҳудудни кўриб чиқайлик, имконият бўлса, шу ерда ҳам шифохона ташкил этайлик, — дейди хонанда.

Соғлиғи ҳақида

Маълумот ўрнида, Иброҳим Тотлисасда ўт пуфаги билан боғлиқ бактериал касаллик — холецистит аниқланган ва антибиотиклар билан даволаш бошланган эди. Кейинчалик у 11 апрель куни жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Операция муваффақиятли ўтгач, шифокорлар уни яна бир муддат реанимацияда кузатув остида сақлашларини, сўнгра уйига жавоб беришларини маълум қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Иброҳим Тотлисас меросини фарзандларига эмас давлатга қолдиради