"Реал Мадрид" "Бетис" билан дуранг ўйнаб чемпионликдан деярли маҳрум бўлди

"Реал Мадрид" бош мураббийи Алваро Арбелоа Испания чемпионатининг навбатдаги турида "Реал Бетис"га қарши кечган баҳсдаги ҳакамликдан норози бўлди. Жума оқшомида ўтказилган учрашувда мадридликлар ғалабани қўлдан чиқариб, муҳим очколарни йўқотишди. Бу натижа жамоанинг чемпионлик учун курашдаги имкониятларини кескин камайтириб юборди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўйиннинг 94-дақиқасида мезбонлар вакили Эктор Белерин ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ гол урилишидан бир неча сония аввал "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ аъзоси Антони ҳимоячи Ферланд Мендини йиқитган эди. "Реал Мадрид" футболчилари ҳакамдан ушбу вазиятни кўриб чиқишни талаб қилишди, аммо гол инобатга олинди.

Учрашувдан сўнг Арбелоа ҳакамлар ва VAR тизими ходимларини танқид остига олди. Унинг таъкидлашича, гол урилишидан олдин Мендига нисбатан аниқ қўполлик ишлатилган. Мураббий бу каби қарорларни қабул қиладиган инсонлар футболни тушуниши кераклигини айтиб, ўз норозилигини билдирди.
Ушбу дурангдан кейин "Реал Мадрид" пешқадам "Барселона"дан 8 очко ортда қолмоқда. Агар каталонияликлар навбатдаги ўйинда ғалаба қозонса, фарқ 11 очкога етиши мумкин. Мавсум якунланишига 5 та тур қолган бир вазиятда Арбелоа шогирдлари учун чемпионлик масаласи деярли ёпилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!