«Менга ақл ўргатишдан олдин ўзингизни билинг! Ким бўлибсизки, мен ҳақимда бировларга фикр билдирасиз?»
Шаҳноза овсинидан келган SMSни ўқиб, яна асабийлашди. Фаридага шу тобнинг ўзида жавоб ёзай деса, мижозлар кутиб қолади. Устига-устак камера ҳам уни кузатиб турибди. Шаҳноза мижозларга хизмат қилаётганда ҳам, компьютерга рақамларни киритаётганда ҳам хаёлан овсини билан жанжаллашиб, ўзига-ўзи пичирлаб гапириб ўтирди. Ана холос, иккита уч рақами ўрнига олтини босиб юборди. Энди нима бўлади? Ахир совуқ сувга тўланадиган пул бошқа ҳисоб рақамга ўтиб кетди-ку…
— Аҳволингиз яхшими? — деди навбатда турган мижозлардан бири Шаҳнозага ойна ортидан синчиклаб қараркан.
— Ҳаммаси жойида, — деди Шаҳноза ўзини хотиржам тутишга уриниб.
— Жуда секин ишлаяпсиз, синглим, тезроқ ҳаракат қилинг, ишга боришим керак, кеч қоляпман, — деди бир эркак банк ходими билан мижозлар ўртасига тўсиқ сифатида қўйилган ойнани бармоқлари билан чертиб-чертиб.
— Ўйнаб ўтирганим йўқ, кўрмаяпсизми, ишлаяпман?! — бу сўзлар Шаҳнозанинг тилидан беихтиёр учиб чиқди.
Аммо мижоз ҳам ундан қолишмади. Афтидан бекорга тажанглашмаётган, чинданам шошаётган, шекилли. Шунинг учун:
— Ўйнаб эмас, ўйланиб ўтирибсиз! — деди асабийлашганча. — Битта пулни ўтказиш шунча қийинми?!
Шаҳноза ҳали тушунтириш учун оғиз жуфтлаб улгурмади ҳамки:
— «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун», деган ёзувни ўчириб қўйинглар! — дея ўшқирди бояги эркак ошкора.
Шундоқ ҳам адашган суммани ортига қайтариш операциясини қўллаб, хуноби ошиб ўтирган Шаҳнозанинг асаблари таранглашди.
— Намунча кўп гапирасиз, бироз жим туринг! — деди.
Бу гап мижознинг нафсониятига тегди.
— Бу банк отангиздан мерос қолган бўлса ҳам, муомалангизни тўғрилаб олинг, хўпми, синглим. Буниси бўлмаса, бошқа банкдан ҳам тўловларни амалга оширавераман.
Шу пайтда ходимлар хонасига банк бошқарувчиси Шуҳрат Омонович кириб келмаганида тортишув жанжалга айланармиди?! Мижозларнинг кўнглини оғритмаслик ва нуқсонли хизмат кўрсатишдан ҳайиққан Шуҳрат Омонович зудлик билан қарор чиқариши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. У дарҳол йўлини қилиб, арзирли бир баҳона билан Шаҳнозанинг ўрнига бошқа ходимни бириктирди-да, Шаҳнозага хонасига киришини буюрди.
— Бу қандай гап, Шаҳноза?! — деди аёл унинг олдига ҳайиқибгина кирган маҳал. — Сизга мижозлар билан қандай муомала қилишни кўп бора уқтирганмиз, шекилли. Ё банкдаги тартиб-интизом сизга тегишли эмасми?
— Узр, Шуҳрат Омонович, оилавий муаммо сабаб…
— Ҳар қандай муаммони уйга ташлаб келинг. Унутманг, биз мана шу мижозлар ҳисобига кун кўрамиз. Улар ҳамиша ҳақ, мижоз бор, банк ҳаракатда. Иқтисод оламида рақобат шиддат билан ривожланаётган даврда мижозларни кўпайтириш ўрнига, уларни эшигимиздан ҳайдаяпсизми? Мана шу қўполлигингиз учун огоҳлантириш оласиз. Боринг, ўша мижоздан кечирим сўраб, ишингизни давом эттиринг!
Бошқарувчининг хонасидан чиққан Шаҳнозанинг юраги тўлиб кетди, тўйиб-тўйиб йиғлаб ҳам олди. Ҳамма хатоларига мана шу телефон ўлгур сабабчи…
Бир куни дугонаси Ойгул Шаҳнозага қўнғироқ қилиб, овсинини ёмонлади. Анчадан бери Шаҳноза ҳам ўз овсинидан кўнгли тўлмай юрган, шекилли, тили очилиб, дугонасига ўзининг овсини Фаридани ёмонлай кетди. «Тили бирнинг дили бир, дили бирнинг дарди бир» деганлари рост экан. Шу-шу бўлди-ю, икки дугона гоҳ телефон орқали, гоҳ SMSлашиб ғийбатлашадиган одат чиқаришди. Ҳатто ғийбатга шунчалар берилиб кетишдики, телефондаги хабарларга аталган жой тўлгандагина буни билиб қолишди. Аммо бу галгиси шунчаки дилхираликка ўхшамади.
Дам олиш куни Шаҳноза болаларини олиб, қайнонасиникига борди-ю, ҳамма бало шундан бошланди. Шаҳноза телефонини стол устида қолдириб, болалар хонасига қизчасини ухлатгани кириб кетди. Ўғлини эркалатиб ўтирган Фарида Шаҳнозанинг телефонини қўлига олиб, ўйин излашни бошлади. Бирдан хабарларга кўзи тушиб қолди.
«Семириб кетган, мени кўрса роса алами келади…»
«Уйларни ифлос тутади, қайнонам доим ундан шикоят қилади…»
«Лекин эрига айтган нарсасини олдиради, кошки кийганлари ярашса, фаросатдан ҳам берган-да…»
Фарида бу SMSларда айтилаётган «қаҳрамон» ўзи эканини билди. Камига овозли хабарларни ҳам эшитгач, ранги бодрингдек кўкариб кетди. Қандай қилиб Шаҳнозанинг ёнига кирганини сезмай қолди.
— Нима бу?! — Фарида қўлидаги телефонни овсинига улоқтириб, бақира бошлади.
Телофонини ирғитилган жойдан олиб, экранига қараганидан сўнг Шаҳноза овсини нимани назарда тутаётганини тушунди. Англади-ю, тилини тишлаб қолди. Аммо бу жимлик узоққа чўзилмади. Ҳолбуки, ундаям ақл бор-да, вазиятдан чиқиб кетиши учун. Шундай бўлди, жаҳл чиққач, ақл кетди.
Фарида «Нега мени дугоналарингга ёмонлайсан?» деса, Шаҳноза «Нега телефонимни титкилайсан?» дея даҳанаки жанг қилишди. Ўртага қайнона-қайнота аралашиб, овсинларни аранг ажратишди. Шаҳноза икки боласини олиб, уйига қайтди.
Мана, бир ҳафтадан буён Шаҳнозанинг на уйида, на телефонида ҳаловат бор. Овсини ҳар дақиқада қўнғироқ қилиб, ҳақорат тошларини отади. Телефонининг овозини ўчириб қўйса, кетма-кет хабарлар юборади. Шаҳноза овсини билан ёзишавериб чарчади. Гап халтасида мақол ҳам, ҳақоратга жавоб ҳам қолмади. Бу замонавий тортишувлар унинг соғлиғидан ташқари ишига ҳам таъсир қилди. Ҳамкасблари билан суҳбатда ҳам озгина нарсага қизишиб, тортишиб кетадиган, жиззаки ва хуноб аёлга айланиб қолди.
Ҳаммаси шу билан тугаган бўлса, кошкийди. Аксинча, бу воқеа эркакларнинг қулоғига етиб борди-ю, жанжал яна авж олди. Овсини Шаҳнозанинг телефонидаги ҳақоратларни ўзининг телефонига ўтказиб олган экан. Ўша ҳақоратларни қаторма-қатор, рақами билан «Telegram» тармоғи орқали қайноғасининг телефонига юборди. Шерзод совуқ хабарларни ўқиб, Шаҳнозани роса койиди.
— Овсинингдан уч ёш каттасан, унга ўрнак бўлиш ўрнига маҳаллага донг таратяпсизларми? Иккаланг ҳам ўқимишли аёл бўла туриб, қилган ишларингни қараларинг. Шунчалар ҳам майдалашиб кетасанми?
— Кечиринг, Шерзод ака, ўзим ҳам жуда афсусдаман. Телефоним доим калитда турарди. Фалокат босиб, ўша куни стол устида қолдирибман.
— Фарида Ботирнинг ҳам бошини қотиряпти. Энди ойим билан дадамга ҳам тинчлик йўқ. Бу муаммони тезроқ ҳал қил. Бўлмаса, икки овсин ҳамманинг қон босимини ошириб, инфаркт қиласанлар…
Шаҳноза ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келди. У овсинидан узр сўраб, SMS ёзди. Аммо Фаридадан «Узрингиз ўзингизга сийлов», деган жавоб келди. Шаҳноза эгардан тушдим, энди отдан ҳам тушсам, ҳеч нарса бўлмас, деб овсини билан алоқаларини яхшилашга қарор қилди.
Наврўз баҳона катта торт пишириб, қайнонаси ва овсинига алоҳида совға олди. Байрам куни совға-саломларни ва ширинликни кўтарганча қайнонасиникига йўл олди. Шаҳноза ичкарига кирибоқ, аввал қайнонасига, кейин Фаридага қилган ишидан жуда пушаймон эканини айтди. Овсинининг кўзларига қараб айтди. Овози қалтираб айтди. Ўпкаси тўлиб айтди. Умуман, бошқача айтди.
Ажабки, ё кўнгли бузилиб кетганидан ё, ўзи ҳам бу можаролардан чарчаган, Фарида уни кечирди.
Шу тобда уйга ўзгача нур ва файз кириб келди. Хонадоннинг катталари шукроналик билан келинларини дуо қилишди. Кейин икки овсин бир-бирини қучганча ошхонага, кўк сомса тайёрлашга кириб кетди.
Шу куни Шаҳноза қилган иши нотўғри бўлганидан ташқари яна битта нарсани тушуниб етди. Узринг чин дилдан ва жонли ижро қилинса, бошқача бўлар экан.
Нигора РАҲМОНОВА
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи