23:43 / 18.03.2018
18 108

Ҳақиқий гўзаллик инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг қалбидадир

Ҳақиқий гўзаллик инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг қалбидадир
Эндигина кўзи ёриган она ўзига келар-келмас атрофдагиларга жавдираб: “Болажонимни кўрсатинг”, дея илтимос қилди. Чунки у оналик бахтидан сармаст эди. Тўққиз ой қорнида эҳтиётлаб кўтариб юргани – вужудининг бир парчасини тезроқ кўришни истарди. Йўргакланган чақалоқни қучоғига қўйишди. У гўдакнинг юзини аста очиб қаради. Қаради-ю, ранги оқариб кетди. Юзида бироз аввалги бахтиёрликдан асар ҳам қолмаганди. Она ва болани кузатиб турган шифокор индамай хонадан чиқиб кетди. Чунки... чақалоқнинг қулоқлари йўқ эди.

Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида боланинг эшитиш қобилияти нуқсонсиз экани, фақатгина қулоқ супрасисиз туғилгани маълум бўлди. Орадан йиллар ўтди, болакай улғайиб, мактабга чиқди. У дарсларни жуда яхши ўзлаштирар, фақат аъло баҳоларга ўқир, ўртоқлари ҳам уни ҳурмат қилишарди. Аммо кимдир ачиниб, кимдир унинг муваффақиятларини кўролмай баъзан орқаворотдан, баъзан эса юзига нуқсонли эканини айтишар, бу гапдан бола жуда, ўксинарди. Шу сабабли ҳам одамларга қўшила олмасди, доимо ўзини олиб қочарди. У тақдирнинг берган “туҳфа”сига сабр-бардош билан улғайса-да, юзида кулгу кўринмас, доимо маҳзун юрарди.

Ўғлига ҳар қараганда юрак-бағри эзилиб кетадиган ота-онаси унга: “Мундоқ одамларга қўшилсанг-чи, сен ҳам ўйнаб-кулсанг-чи ахир”, деб ёлворишар, аммо айни вақтда дардларига яна дард қўшиларди. Бир куни дадаси умид билан болани машҳур бир шифокор ҳузурига олиб борди ва ўғлини бу ҳолатдан қутқариш учун бирор чора топишини сўради. Шифокор агар бир жуфт қулоқ топилса, амалиёт орқали бу муаммони ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Юраклари дарддан эзилиб кетган ота-онада умид учқуни пайдо бўлиб, ҳар томонга бош уриб кўришди. Аммо ким ҳам ўзининг қулоқларини фидо қилгиси келади, дейсиз. Чет элларда бор, деб эшитишди, лекин унинг нархини умр бўйи ишлаб ҳам тўлай олмасдилар. Шундай бўлса ҳам ота-она икки йил давомида бутун куч-ғайратларини шу ишга сарфлашди.

Ва ниҳоят бир куни дадаси унга: “Операцияга тайёргарлик кўр ўғлим, сенга қулоқларини берадиган бир кишини топдик, фақат унутма, бу инсоннинг кимлиги сир”, деди. Амалиёт пойтахтдаги клиникалардан бирида муваффақиятли ниҳояланди.
Бола тамоман янги инсонга айланган эди. Ташқи кўриниши билан бирга руҳияти ҳам ўзгарган йигитча мактабни аъло баҳоларга битирди, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди, жуда катта ютуқларга эришди. Университетни тугатиб, дипломат бўлди, уйланди, бола-чақа орттирди. Бир куни у, отасининг ҳоли-жонига қўймай сўради:

– Дадажон, менга бу қадар яхшилик қилган инсон ким ўзи? Гарчи, яхшилигини бутун умримни бағишлаб ҳам қайтаролмасам-да, уни бир кўрсам, миннатдорлик билдирсам...
Отаси эса унга: “Албатта, у одамни яхшилигини ҳеч қачон қайтаролмайсан, аммо биз келишганмиз, бу сир сақланиши керак, бир кун вақти келиб билиб оларсан”, деди.

Йиллар ўтиб, ота-онасининг сочига оқ тушди. Кексайишди. Уни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, кеча-кундуз унинг ҳақига дуолар қилиб ўтирадиган онасининг умр сармояси тугаб, бу дунё­ни тарк этди. Жанозадан аввал отаси йигитни онаси ётган хонага чақирди ва майитнинг кумушдек товланаётган оқ сочларини аста кўтарди. Йигит турган жойида қотиб қолди – онасининг қулоқлари йўқ эди. “Жафокаш онанг бу ишидан ҳеч қачон пушаймон бўлмади, аксинча, жуда бахтиёр яшади”, – дея шивирлади отаси, – Ҳеч ким онангнинг гўзаллигида ҳеч қандай нуқсон, камчилик сезмади. Ҳақиқий гўзаллик инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг қалбидадир! Она шундай улуғ зотки, умрининг ҳар лаҳзасини, қалб қўрини, меҳри-муҳабббатини фарзандига фидо этиб, шундан бахту саодат топади”.
Алишер ЭРНАЗАРОВ

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳақиқий гўзаллик инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг қалбидадир