11:58 / 29.07.2018
7 729

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (14-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (14-қисм)
Уч-тўрт кишилашиб, икки шиша ароқни бўшатиб қўйибмиз. Бошқаларни билмадим-у, аммо мен маза қилдим. Карцердаги совуқ заҳри шу ароқ билан чиқиб кетгандек енгил тортиб соат кечки олтиларга яқин ўрнимга чўзилдим.

Беихтиёр кўз ўнгимда ўзим туғилган она қишлоқ, йўл четидаги лойқаланиб оқувчи катта ариқ, қирғоқда бош эгганча ўткинчиларга салом қилаётган мажнунтоллар, ва ниҳоят жиккаккина аммам, ичавериб бурни қизариб кетган поччам, қўшнимиз Жўрахон аянинг мен тенги Низом деган ўғли…

Шуларни бир-бир ўйларканман, юрагим орзиқиб-орзиқиб кетар, соғинч ҳисси бутун вужудимда сой каби оқиб, тўйиб-тўйиб йиғлашни ихтиёр этардим. Фақат… Йигитлик ғурурим кўз ёшларимга сира йўл бермас, ҳар ўпкам тўлиб келганда, оғир уф торта олардим, холос

— Энди орқага йўл йўқ! — дея менга далда берарди кўнглимнинг бошқа бир четига беркинган номаълум овоз. — Сен жиноят дунёсининг энг бообрў кишиларидан бирига айландинг. Қишлоқни соғиниб обидийда қилишинг одобдан эмас. Буёғига бошингни баланд кўтарган ҳолда олға бос! Йўлингга ғов бўлмоққа шайланганларни эзиб-янчиб кетавер! Шунда обрўйингга обрў қўшилаверади. Юрадиган йўлинг тобора ёрқин тус олаверади. Йиғи-сиғи қиладиганлар ожиз кимсалар бўлишади. Уларни енгиш, синдиришдан осони йўқ. Ўзингни қўлга ол!..

Ички товуш таъсирида ўрнимдан туриб ўтириб ҳамон ҳожатхона ёнига кўрпача тўшаб сукут сақлаётган Сергейни ёнимга чорладим.

— Қани, яқинроқ кел!

Сергей қўрқа-писа менга яқинлашди ва қўл қовуштирди.

— Қачон келдинг? — сўрадим ундан совуққонлик билан.

— Бир ҳафта бўлди.

— Нега қизларни хафа қилдинг-а?

Сергей индамай бош эгди.

— Гапир! — ўшқирдим ўтирган еримда.

— Билмадим…

— Нега билмайсан? Томинг кетганми ё?

— Кайфда эдим… Билмасдан…

— Нима?.. Суюқоёқ топилмадими хафа қилишга?

— Бориди…

— Нима?..

Сакраб турдим-да, Сергейнинг оғзи-бурни аралаш мушт туширдим. У чалқанчасига полга қулади. ҳаммаёғи қонга бўялди. Шунда ҳам турмоққа уринди. Бироқ кетма-кет келиб тушган тепкилар уни қўзғалишга қўймади.

— Оёғимни ўп, ит! — бақирдим унга. — Нега бўзраясан? Ўп дедим!

Сергей ётган ерида камерадагиларга кўмак сўраётгандек бир-бир жавдиради.

— Қўй, ўзингни бос, дўстим! — Арсен қаршимга келиб икки елкамдан тутди. — Бунинг жазосини ўзим бераман ҳали. Асабийлашишингга арзимайди.

— Қара, қилғиликни қилиб қўйиб, бўзраяди тағин! — бақиришда давом этдим. — Бунақаларнинг калласини узиб ташласаям оз! Вей, — Сергейни ёқасидан бўғиб турғаздим. — Ўша қиз кимнингдир синглиси эканини биласанми? Энди нима қилади у бечора? Бир умр эрсиз ўтадими?

Арсен бу гапимни эшитиб кулимсиради.

— Мурод, илтимос, қўй!..

— Менга тегма! — энди Арсенга ўшқирдим. — Намунча ялтоқланасан?..

— Хўп, хўп!.. Шунчаки… Асабийлашма, чарчагансан демоқчи эдим… Айтдим-ку, бунинг адабини ўзим бераман!.. Сен эса меҳмонимизсан!.. Кел, яна қиттай-қиттай қилайлик!..

* * *
Ярим тунга бориб ниҳоят камерага жимлик чўкди. Фақат қария хуррак отиб ухлашимга халал берарди. Нима қилай? Бу ҳам бир касаллик-да! Хуррак отгани учун отанг тенги одамни уйғотиш, дағдаға қилиш ҳарқалай биз ўзбекларга хос эмас.

Кўрпага бурканиб олганча хаёл сура бошладим.

Афсус… Ана шундай лаҳзаларда мени қишлоқ ўзига тортаверади. Ўзим танимаган одамларни хаёлан тасаввур қиламан. Адашмасам, бизнинг қишлоқда қизлар сочини қирқ кокил қилиб ўриб юришади. Телевизорда кўп кўрсатишган. Ўзлари худди мен каби қоратўри бўлишади. Дугоналар тўпланиб қолишса, шеърхонлик ҳам қилиб туришади. Шу тобда мен бориб қолсам-чи? Қай аҳволга тушишаркин? Танишмаса керак, ҳойнаҳой. Эҳ, қишлоқ қизларига қандай сўз қотишни ҳам билмайман. Демак, ўзимни йўқотишим аниқ. Қамалганимни сезиб қолишса-чи?.. Қишлоқ қизларини жуда хуркак бўлади дейишади. Ура солиб қочишади, ҳа!.. Уйларига киргач, оналарига айтишади. «Фалончи марҳумнинг каллакесар ўғли қамоқдан қайтибди. Бизнинг олдимизга келиб гап отмоқчи бўлди» дейишади. Ана ундан кейин соқолларини селкиллатиб қариялар йиғилиб мени қишлоқдан қувиб солишади…

Қандай кунларга қолганман? Юрак ютиб ватанимга бора олмайман. Қўрқаман. Одамларнинг нафрат қоришиқ нигоҳларидан қўрқаман. Ҳа, мен умри хазонга айланган, орзу-умидлари саробдангина иборат бир бахтсиз бандаман…

— Ҳой, Мурод, уйғоқмисан?

Шу қадар хаёлга берилиб кетибманки, Арсеннинг каравотимни туртаётганини пайқамай қолаёзибман.

— Намунча аюҳаннос соласан? — унга сир бой бермай ётган еримда бақирдим. — Нима керак ўзи?..

— Сенга қора дорининг зўридан тайёрлаб қўйганман. Мана, шприцда. Бир кўрмайсанми?

Арсеннинг бу таклифи қулоғимга мойдек ёқиб тушди. Чунки, илгари ҳам бир-икки марта қора дорини татиб кўрганим бор. Айниқса, шприцдан томирга юборилса, дарров «олади».

— Ўзинг-чи? — сўрадим бош қашиб.

— Э, мени қўявер, — деди Арсен қўлидаги шприцни кўз-кўз қилган бўлиб. — Сендай меҳмон учун жонни берса арзийди. Ҳадемай «этап»га кетиб қолсанг, ҳувиллаб қоламиз, дўст! Кел, ўз қўлларим билан…

— Унга ишонманг, ака! — кутилмаганда қичқирди ҳожатхона ёнида ётган Сергей даст ўрнидан туриб. — Қўлидаги қора дори эмас. Заҳар бермоқчи сизга!..

Арсен бу гапни эшитиб ранги оқаринқираган кўйи ортга тисланди.

— Сен қаердан биласан? — Сергейга яқин бордим. — Гапингга жавоб берасанми?

— Ҳа, ўз кўзларим билан кўрганман «санчаст»дан суюқ дори олиб келганини…

— Вой аблаҳ-ей!.. — Арсеннинг ёқасидан олиб полга босдим. — Ҳали мени ўлдириш пайидамидинг?

— Й-йўқ… И-ишонма унга!.. И-и-и-и…

Арсен нима дейишни билмас, нуқул дудуқланарди.

Бу орада бошқа аристонлар ҳам тепамизда ҳозир бўлишди. Фақат Сергей жойидан жилмай бизни кузатарди.

— Аристон яхши иш қилмади! — эълон қилдим қаршимдагиларга бир-бир боқарканман. — Энди мана шу дорисини ўзида синаб кўрамиз. Нима дейсизлар?

— Тўғри! — қичқиришди улар бараварига.

— Й-йўқ… — типирчиларди Арсен. — Хоҳламайман!..

Камерадошлар уни маҳкам полга босишди. Мен игнани унинг чап қопқоғига тиқдим…

Орадан бир неча сония ўтар-ўтмас, Арсеннинг юзлари кўкариб кетди.

Юрак уришига қулоқ тутдим. Юрак уриши ҳам кескин секинлашганди.

— Тез врач чақирларинг! — буюрдим қаршимдагиларга. — Ўлиб қолиши мумкин!

Қария югуриб бориб эшик даричасини муштлай бошлади.

— Ҳой, ким бор?.. Врач керак, врач!..

Ҳаш-паш дегунча паст бўйли, тепакал, оқ халат кийган бир эркак ёрдамчилари — икки аристонни олдига солиб камерага кириб келди. Билдимки, шу нусха Еленанинг ўрнига тайинланган. Аммо ортиқча гапга, суриштирувларга ўрин йўқ эди.

Ҳеч нарса бўлмагандек, унга ёрдамлашиш мақсадида қаршисида ҳозир бўлдим.

— Нима бўлди бунга? — сўради врач мендан.

— Бирдан юраги хуруж қилиб қолди. — жавоб қилдим елка қисиб. — Уйғоқ эдим. Қарасам, полда ғужанак бўлиб ётибди.

— Комага тушган. — бош чайқади врач ва ёрдамчи аристонларга юзланди. — Тез буни санчастга олиб киринглар!..

* * *
Мана ниҳоят ҳақиқий аристон орзу қиладиган кун ҳам етиб келди. Судда бўйнимга қўйилган еттита қотилликнинг учтасигина исботланди. Қолганларига етарлича далил тўпланмабди. Менга ўн беш йил беришди. Насиб бўлса, эрта-индин этапга жўнайман. Гоганинг ёзиб берган хати ҳам чўнтагимда.

Камерадошлар иримига эгнимдаги эскириброқ қолган жемпрни ечиб олишди. Жўнаб кетишим билан ипларини бирма-бир суғуриб олишаркан. Шундай қилинса, йўлим равон бўлиб, бу камерага қайтиб келмасмишман. Яна камерада бирор буюмни зинҳор унутиб қолдирмаслигимни Гоги алоҳида тайинлади. Унутиб қолдириш яхшилик белгиси эмаскан.

Хурсандчиликлар, назоратчи орқали келтирилган ичкилик, шоҳона овқатлар бошимни айлантириб қўйганди. Ҳатто, Арсеннинг тақдири билан ҳам қизиқмадим. Сергейга ўдағайламай қўйдим…

— Шарипов, «с легка!» — эрта тонгда кечагидан қолган егуликларни камерадошлар билан бирга тановул қилиб ўтиргандик. Эшик очилиб, ичкарига кириб келган назоратчи мени ташқарига имлади.

Дарвоқе, бу буйруққа ҳам кўникиб қолганман. Турмада аристонларни терговга, адвокат қабулига, судга ёки яқинлари билан бўладиган учрашувга олиб бормоқчи бўлишса, кўпинча шундай буйруқ беришади.

— Тинчликми? — сўрадим эҳтиёт шарт. — Этапгами?

— Йўқ, сенга сюрприз бор. — деди назоратчи кулимсираб.

— Қ-қанақа сюрприз? Тушунтириброқ айтсанг-чи!..

— Борганда биласан. Тезроқ бўл!..

Хаёлимга дарҳол Елена келди.

Наҳотки, у мени кўришга келган бўлса? Демак соғинибди-да у ҳам!.. Севаркан-да!..

Теримга сиғмай назоратчининг олдига тушдим.

* * *
Турмада яна бир қаттиқ интизом мавжуд. Учрашув учун ажратилган хона ўртасида қалин ойна бўлиб, икки томонга телефон ускуналари ўрнатилган. Аристон ва уни кўришга келган одам ойнанинг икки тарафида турган ҳолда телефон орқали гаплашишади. Уларнинг суҳбати махсус назоратчилар томонидан кузатиб турилади. Турмадаги ички шарт-шароитлар ҳақида очиқ гапиришга рухсат этилмайди…

Мен Елена билан телефон орқали суҳбатлашишга-да рози эдим. Энг асосийси, унинг жамолига бир неча дақиқа бўлсин тўяман. Овозини эшитаман.

— Ўнгга юр! — негадир назоратчи мени уёққа эмас, ўнг томонга бошлади.

— Нега? Учрашув жойи чапда эмасмиди? — сўрадим ҳайрон бўлиб.

— Эҳ, Мурод, ҳалиям соддалигинг қолмабди. Сени бошқалар қаторига олиб бормайман-ку! Наҳотки, ўз ҳурматингни тушуниб етмадинг?..

— Барибир тушунмадим. — дедим кулиб. — Ишқилиб, стаканга ўхшаган жойга тиқиб қўймасанг бас.

Назоратчи индамади. Йўлакнинг охирига етганимизда у мени чапдаги эшик рўпарасида тўхтатди. Бу эшик темирдан эмас, аксинча ёғочдан ясалган бўлиб, тепасига «Учрашув хонаси» деб ёзиб қўйилганди.

— Қани, шоввоз, ичкарига марҳамат! — қўли билан эшикка ишора қилди назоратчи. — Фақат ёдингда бўлсин! Ихтиёрингда икки соатгина вақт бор. Учрашув чўзилиб кетмасин! Гап тегади.

Юрагим гупиллаб кетди. Ҳатто, илк бор одам ўлдирганимда ҳам бу қадар ҳаяжонга тушмагандим. Тиззаларим титраб, пешонамни муздек тер босганча эшикни очиб ичкарига қадам қўйдим.

— Сиз?..

Не кўз билан кўрайки, хонадаги каравотда… Сабина аммам ўтирарди.

Мени кўрди-ю, юзлари, томоқларигача оқиб тушган кўз ёшларини арта-арта ўзини бағримга отди.

— Вой жиянгинам-эй! Ўзимнинг Муроджоним-эй-й!.. Тирик экансан-ку, бола-ам!.. Сенгинанинг исларидан ўргилай-й!..

Аммам ҳануз ўша-ўша… Фақат кексарибди. Ичга ботган кўзларидан қуйилаётган ёш мисоли дарё эди.

У кўксимга бошини қўйганча айтиб-айтиб йиғлар, юпатишларимга, силтаб-силтаб қўйишларимга эътибор қилмасди.

— Қайларда юргандинг, жигарим? Бўйларингга ўзим гиргиттон бўлай! Нега мени қон йиғлатиб кетдинг-а, нега?..

— Амма, бўлди, йиғламанг! — бир амаллаб уни каравотга ўтқаздим. Аммам сал ўзини босиб олган кўйи қўлидаги чит рўмол билан юз-кўзларини артди.

— Мени дарров танидингми? — сўради йиғи аралаш.

— Албатта дарров танийман-да! — дедим аммажонимнинг кўзларига меҳр билан боқиб. — Ўнта аммам бормиди?

— Нега ўшанда қочиб кетдинг, болам? Қўрқиб кетдингми?

— Қўйинг, ўша кунни эслатманг! — дедим уф тортиб. — Ундан кўра, ўзингиздан гапиринг.

— Э, ниманиям гапирай? Поччанг икковимиз сени бир ойгача роса қидирдик. Кирмаган эшигимиз қолмади.

— Поччам?.. — бу гапни эшитиб беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим.

— Ҳа, поччанг!.. Ким бўларди бошқа?..

Сал қурса, «У ўлмаганмиди?» деб юбораёздим. Базўр тилимни тийиб аммамнинг оғзига термулдим.

— Нега қамалдинг? Сендай ювош болам нима ёмон иш қилдингки, қамаб қўйишди? — суриштиришда давом этди аммам. — Гапирақол! Юракларим орзиқиб кетяпти.

— Кўргилик экан. — дедим бошимни эгиб. — Бошимда ота-онам ҳам, сиз ҳам бўлмадингиз. Мана энди ёмон бир одам бўлиб ўтирибман.

— Қўй, унақа дема! Сени топдимми, шунисига шукр! Энди ўзим тез-тез хабар олиб тураман.

— Кераги йўқ, амма!.. Мени яқинда бу ердан бошқа турмага олиб кетишади. Турмадан чиқишим билан қишлоққа албатта бораман. Мени қидириб овора бўлманг!..

Бу гапларимдан сўнг аммам бир муддат бошини эгганча жим қолди.

— Укажонимдан қолган ёлғиз ёдгорсан. — деди ниҳоят. — Қанийди қариган чоғимда ёнимда бўлсанг, мени ўзинг тепкилаб кўмсанг!

— Бас, ҳалитдан ўлишни ўйламанг! — уришган бўлдим. — Ҳали тетиксиз. Юзга кирганингизда ўзим ка-атта тўй қилиб бераман!..

Гап билан бўлиб икки соатнинг қандай ўтганини пайқамай қолибмиз. Назоратчи эшикни очиб кирди-да, тезлай бошлади.

— Тез бўлинглар! Раҳбарият билиб қолмаслиги керак!.. Вақт тугади!..

— Амма, сира хавотир олманг! — овутяпман-у, юрагимнинг аллақаери узилиб кетаётгандек эзилиб бораяпман. Мана-мана аммам билан хайрлашишни ўйлаганим сайин вужудимни муз қоплагандек туюляпти.

Ўзимни қўлга олмасам бўлмасди. Аммам олиб келган майда-чуйдаларни қўлимга олишдан олдин жигаримни маҳкам қучиб икки юзидан ўпдим ва ўқ ургандек ташқарига отилдим.

Шуниси маъқулроқ эди.

Шундай қилсам, хайрлашиш енгил кечарди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (14-қисм)