Польшада Россияга тегишли деб тахмин қилинган дрон қулаб тушди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, учувчисиз аппарат мамлакатнинг шарқий қисмидаги маккажўхори даласига йиқилган.
Польша армияси хабарида айтилишича, дрон жанговар мақсадда ишлатилмаган бўлиб, унда оз миқдорда портловчи модда бўлган. Ҳарбийлар буни “чалғитувчи дрон” сифатида баҳоламоқда.
Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш содир бўлган воқеага муносабат билдириб, Россия НАТО давлатларига қарши янги провокация йўлини танлаётганини таъкидлади.
— Россиянинг бу ҳаракатлари Руминия, Литва ва Латвиядаги дрон ҳодисалари билан боғлиқ ҳолда кузатилмоқда. Шунингдек, у деярли барча НАТО аъзолари — айниқса Скандинавия, Болтиқбўйи мамлакатлари, Польша, Руминия ва Болгария ҳаво ҳудудларини бузиб келмоқда, — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, бу каби провокациялар айни жуда нозик пайтда — Украинада ўт очишни тўхтатиш ёки можарони тугатиш бўйича музокаралар давом этаётган вақтда амалга оширилмоқда.
Мутахассислар фикрича, бу ҳолат НАТО ва Россия ўртасидаги мураккаб муносабатларни янада кескинлаштириши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!