Сеулдаги Кёнхи университети Тиббиёт коллежи мутахассислари 1990–2021 йиллар оралиғида 102 та мамлакатда суицид ҳолатларини таҳлил қилди, дея хабар берди DW.
Nature Mental Health журналида эълон қилинган мақолага кўра, ўтган 30 йилда ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи ўртача 29,9 фоизга пасайган. Агар 1990 йилда ҳар 100 минг кишига 10,33 ҳолат тўғри келган бўлса, 2021 йилда бу рақам 7,24 тага тушган.
Олимлар бундай ўзгаришни Европада ёшлар руҳиятига катта эътибор қаратилиши ва ОАВнинг мавзуга эҳтиёткорона ёндашиши билан изоҳламоқда.
Юқори даромадли 54 давлатда пасайиш янада яққол: 1990 йилда 12,68 ҳолат кузатилган бўлса, пандемия йиллари бўлган 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 32,1 фоизга камайиб, 8,61 тага тушган. Паст ва ўрта даромадли мамлакатларда эса суицид даражаси 7,88 ҳолатдан 5,73 тагача пасайган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар айрим давлатларда барча ҳолатлар қайд этилмаслиги мумкинлигини, айниқса қашшоқ мамлакатларда рақамларга эҳтиёткорлик билан қараш кераклигини таъкидлади.
Тахминларга кўра, 2050 йилга келиб дунёда суицид ҳолатлари ҳар 100 минг кишига 6,49 тагача қисқариши мумкин.
Фрайбург университети профессори Лассе Зандер бу тенденцияни ижобий деб баҳолаган бўлса-да, «шунга қарамай, кўрсаткичлар ҳали ҳам юқори эканлигини унутмаслик зарур» дея огоҳлантирди. Унинг айтишича, ҳар йили ер юзида 700 мингдан зиёд одам суицид оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!