Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Мусулмонга етадиган қийинчилик, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам ва ҳатто унга кирадиган тиканни ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларига каффорат қилади” (Имом Бухорий).
Ушбу ҳадисдан мусулмонга етадиган маънавий ва жисмоний азиятлар гуноҳларига каффорат бўлиши ва даражасини юксалтириши ҳақида билиб оламиз.
Ҳадисда биз “қийинчилик” деб таржима қилган сўз “чарчоқ”, “толиқиш”, “оғирлик”, “кулфат” каби маъноларда ҳам келади.
“Беморлик” сўзи умумий маънодаги касалликни билдиради. Яна давомли касалликка ҳам ишора бор.
“Ташвиш” ва “хафалик” матнда “ҳамм” ва “ҳазан” шаклида келган бўлиб, ички, ботиний хасталикни билдиради. Шунинг учун ҳам у беморликдан кейин зикр қилинган.
“Ҳамм” (ташвиш) ҳали келмаган, “ҳазан” (хафалик) ўтган қайғули ҳолатга нисбатан ишлатилади.
“Азият” бошқалардан етказилган бўлади. “Ғам” сўзи юракни сиқадиган ҳодисага нисбатан қўлланилади. Баъзилар: “Ҳамм” ундан азият чекиладиган фикрдан пайдо бўлади, “ҳазан” кишида оғир йўқотиш туфайли юзага чиқади, ғам бирор нарса сабабли қалбда ҳосил бўлган азобдир”, дейишган.
Мазҳарий: “Ғам инсонни қамраб олган қайғу бўлиб, хафалик ундан енгилроқдир”, деган.
Ҳадисдаги “каффорат” сўзи “куфр”нинг орттирма даражаси бўлиб , “ўраш” , “ёпиш” маъноларини билдиради. Яъни, мўминнинг гуноҳлари унга етган касаллик туфайли ёпилади.
Ибн Ҳиббон: “Аллоҳ таоло ана шундай ташвишу қийинчилик билан банданинг хатосини кечиради ва даражасини кўтаради”, дейди. Бунда савоб ҳосил бўлиши ва жазонинг олиб ташланиши бор.
Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Мўминдан оққан тер туфайли Аллоҳ унинг гуноҳини ўчиради ва унга яхшилик ёзилиб, даражаси кўтарилади” (Табароний).
Юқоридаги ҳадисда “Савоб ва гуноҳ фақат касб билан бўлади”, дейдиганларга раддия бор.
Сабр ва розилик савобни зиёда қилади. Қарофий: “Мусибатлар, унга рози бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, эгасига каффоратдир. Лекин унга рози бўлса, каффорат бўлиши кўпаяди, акс ҳолда, озаяди. Агар мусибат етган кишида гуноҳ бўлмаса, шунга мос равишда, ўрнига савоб берилади”, дейди. Яна айтади: “Мусибат етган кишига ҳеч ким: “Аллоҳ бу мусибатни гуноҳингизга каффорат қилсин!” демасин. Чунки каффорат бўлишини талаб қилиш шариатга нисбатан беодобликдир”. Унинг ўрнига, масалан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот айтиш, у зотни васила этиб дуо қилиш каби амалларни маслаҳат бериш керак.
Мусибат етган киши, аввало, ўзида мавжуд неъматларни эслаши лозим. Зеро, оқил мусулмон ўзидан кетганларидан кўра бор имкониятларига назар солади. Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу)га бир кунда икки мусибат етди. От тепиб ўғли ўлди ва табиб дори ишлатмай бир оёғини кесди. У зот Аллоҳга ҳамд айтди. Ўлган ўғлига ва олдида тирик бўлганига қаради ва деди: “Ё Аллоҳ! Ўзинг бердинг, Ўзинфг олдинг”. Кесилган ва соғлом оёғига қараб: “Ё Аллоҳ, синов берган бўлсанг, офият ҳам бергансан”, деб айтди.
Ўзида бор неъматлар қолиб, кетганига эътибор қаратиш бесабрлик ва ношукрликни юзага келтиради. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Банда ўзи учун нима яхши ёки ёмонлигини билмайди. Зоҳирга қараб ҳукм чиқаради, ботиний ҳақиқатдан бехабар бўлади. Унга етган нарса зоҳиран мусибатдек кўринса ҳам, аслида унинг учун катта неъмат бўлиши мумкин.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта-махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси Жалолиддин АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: Irfon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади