Фурқат билан илк учрашувлари қизиқ бўлганди. Насиба тўққизинчи синфда ўқирди. Бир куни мактабдан келаётиб, туфлисининг пошнаси тўсатдан синиб қолди… Катта кўча. Одамлар уёқдан-буёққа тинимсиз ўтиб туришибди. Ҳатто, баъзилар яланг оёқ турган қизни масхаралаган кўйи мийиғида кулиб ҳам кетаётгандек… Насиба нима қилишини билмай қолди. Шундоқ кетаверишга одамлардан ийманди. Бир ерда қотиб туравериш ҳам ноқулай. Устахонага киришга пули йўқ… Нима бўлса бўлар деди-ю, туфлиларни шартта сумкасига жойлаб, оёқ яланг кета бошлади…
Бир маҳал орқасидан қандайдир машина аста юриб келаётгандек туюлди. Секин орқасига ўгирилди. «Мерседес» экан. Рулда келишган, башанг кийинган бир йигит ўтирар, икки кўзи Насибада эди. Насиба бурнини жийирганча йўлида давом этди. Машина эса, ҳамон уни таъқиб этишдан бўшамасди… Ғаши келди. Ичида «Нима иши бор экан? Йўлида кетаверса, ўлармикан?» деганча, қадамини тезлатди. Лекин йигит таъқиб этишни қўймади. Йўл яримлаб қолганда аста машинани олдинга ўтказди-да, тўхтатиб, ўзи ташқарига чиқди ва Насибанинг йўлини тўсди.
— Яхши қиз, туфлингиз оёғингизни қисяптими? — кулиб сўради у.
Насиба индамади.
— Нимага индамайсиз?.. Ё мен шунчалик қўрқинчли эканманми?
— Менда нима ишингиз бор? — деди Насиба ҳамон жаҳлидан тушмай. — Боринг, йўлингиздан қолманг!
— Сиз мендан хафа бўлманг-да, ўтиб кетаётгандим. Қарасам, туфлингизнинг товони тушиб ноқулай аҳволда қолдингиз… Тўғриси, ачиниб кетдим сизга… Агар қарши бўлмасангиз, уйингизгача обориб қўйсам… Узоқда турасизми?
— Сизга нима?.. Йўлимни тўсманг, мен шошиб турибман!..
— Илтимос, йўқ деманг!.. Ўлай агар, мен сиз ўйлаганчалик ёмон одам эмасман…
Насиба индамади. Йигитнинг бироз четга ўтганидан фойдаланиб уйи томон кета бошлади. Машина ҳам орқама-орқа келаверди…
Ана, ҳадемай Насибанинг маҳалласи бошланади. Энди буёғига хавфли…
«Нима қилсам, даф бўларкин-а?» хаёлидан ўтказди Насиба лабларини асабий тишлаб. «Уришиб ташлайми ҳозир бу сурбетни?!.»
Уришиб ташлашга улгурмади. Йигит машинасини анча олдинга юрғазиб бориб, тағин тўхтатди. Ўзи ташқарига чиқиб Насибанинг яқин келишини кута бошлади.
— Сиз менга ёқиб қолдингиз! — деди у қиз яқин келгач, йўлини тўсиб. — Яхши қизга ўхшайсиз… Қўрқманг, мен сизга ёмонлик қилмайман. Келинг, ҳеч бўлмаса, танишайлик!
— Қочинг, йўлимни тўсманг! Маҳалладагилар қарашяпти.
— Йўқ, танишмагунингизча ўтказмайман.
— Уф-ф!.. Қанақа сурбетсиз-а? Қочинг дедим сизга!
Йигит индамай кулиб тураверди.
Насиба нима қилишни, қандай йўл тутишни билмай қолди. Шартта ўтиб кетай деса, бу йигит юзсизларча йўлига кўндаланг туриб олган.
«Э, танишса танишиб ўлмайдими? — кўнглидан ўтказди Насиба. — Кейин кўраманми-йўқми… Даф бўлса бас-да!..»
— Бўпти…
— Фурқат! — дея қўлини Насибага узатди йигит. — Сизнинг исмингиз-чи?
— Насиба!.. Бўлдими? Энди ўтиб кетаверсам бўлар?
— Албатта… Бироқ эртага худди шу пайтда сизни мактаб яқинида кутаман.
— «Чучварани хом санабсан, — хаёлидан ўтказди Насиба. — Сендақаларни жуда яхши биламан… Кутармиш…
* * *
— Ҳа, қизим, нимага рангинг оқариб кетибди? — Нафосат ая қизи уйга кириб келгани ҳамоно елкасидан ушлаб ўзига қаратди. — Бунинг устига яланг оёқ юрибсан! Туфлинг қани?
— Портфелимда. — деди Насиба худди гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек қизариб-бўзариб. — Пошнаси тушиб кетди.
— Бе, шунгаям қайғуриб ўтирибсанми? Қўй, ана, Ҳалим ямоқчига берамиз, бирпасда тўғрилаб беради. Овқат ейсанми? Вой, сен яхши кўрадиган мошкичири қилиб қўйдим, қизим!
— Йўқ, ойи, бошим оғриб турибди. Бирпас ётиб дам олай…
Насиба хонасига киргач, баттар юраги ҳовлиқди. Бу нима ўзи?.. Ҳозиргина шундан қутулсам бўлди деб уйга шошилган одам нега энди қийналиб кетяпти?.. Нимага юраги бунчалар тез уряпти?.. Бу нима ўзи?.. Қўрқувми?.. Бе, ўшандан қўрқадими?.. Тўхта, нега энди у айнан менга эргашди?.. Мақсади нима ўзи?..
Насибанинг кўз ўнгида яна Фурқатнинг жилмайиб туриши намоён бўлди. Қулоқлари остида сўнгги гаплари жаранглаб кетгандек туюлди… Жажжигина юраги беихтиёр жизиллаб ўзини каравотга ташлади… Ҳозир ичида пайдо бўлган номаълум дард-ҳасратларини кутилмаганда кимгадир айтгиси келиб кетди… Ичи қизиб даст ўрнидан турди.
* * *
— «Дугонам Латофатга айтаман. — ўзича шивирлади Насиба. — Қани, нима деркин… Эҳ, нимага йўлиқди ўша?..
Қиз апил-тапил кийимларини алмаштириб, кўчага — Латофатларнинг хонадонига чопди. Дугонаси улардан беш-олтита ҳовли нарида турарди
— Ҳа, сенга нима бўлди, Наси? — дугонасини қучоқлаб олди Латофат. — Рангинг оқариб кетибдими?..
— Лато, бугун мактабдан келаётсам…
— Нима бўлди? Тезроқ гапир!..
— Бугун мактабдан келаётсам… Бир йигит машинада келиб йўлимни тўсди.
— Тегажоғлиқ қилдими? Ёмон одам эканми?
— Э, йў-ўқ…
— Ҳа-а, гап буёқда дегин? — айёрона кўз қисди Латофат. — Билувдим… Севиб қолган бўлсанг керак, топдимми?..
— Бекорларни айтибсан! — дугонасини қайириб ташлади Насиба.
— Вой, бу кишимни қаранглар!.. Ана, кўзларинг айтиб турибди севиб қолганингни!.. Ишонмасанг, ойнага қарагин!..
— Э, бор-э, ўзингча фол очаверасанми… Жинни бўлибманми севиб қолиб ўшани?..!
— Хўш, унда нега олдимга югуриб келдинг? — Насибанинг кўзларига янада қаттиқроқ тикилди Латофат.
— Ўзим… Шунчаки…
— Ана, кўрдингизми… Мунча ўзингизни гўлликка солмасангиз, яхши қиз? — гапни ҳазилга бурди Латофат. — Юрагингиздан ургани учун чопиб келгансиз… Ахир кимгадир айтиш керак-ку!.. Ойингизга айтолмайсиз…
— Бас қил!..
Насиба қандай тез келган бўлса, шундай шиддат билан ташқарига отилиб чиқиб кетди…
Юзларининг ловиллаши ҳамон босиладиган эмасди…
* * *
Эртаси куни яна ўша пайтда Насиба мактабдан чиқди. Ташқарида — мактабдан анча наридаги пана жойда уни Фурқат кутиб турарди. Машинаси эшигига суянганча кечагидай кулимсираб турган йигитни кўриб Насибанинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Нима қилишини билмай, бир жойда таққа тўхтаб қолди. Хавотирланиб ёнидан гурунглашганча ўтиб кетаётган мактабдошлари томонга ўғринча қараб олди. Ҳозир ҳақиқатан қандай йўл тутишни билмасди. Охири таваккал йўлида давом этди. Фурқат ҳам машинасига ўтирди-да, кечаги каби уни таъқиб қилиб бораверди. Шу кўйи то маҳалла бошигача кузатиб келди. Насиба жуда хижолатда қолди. Хаёлида ўткинчиларнинг ҳаммаси унга қараётгандек эди…
Маҳалла ичкарисига ўтишгач, Фурқат тағин олдинга ўтиб қизнинг йўлини тўсиб олди.
— Нега яна келдингиз? — сўради Насиба ўтиб кетишга интилиб.
Фурқат сира ўзини йўқотмай, мақсадга ўтди.
— Билмадим… Кетолмаяпман маҳаллангиздан…
— Мени тинч қўйинг!
— Йўқ, — деди Фурқат бирдан жиддий тортиб. — Сизни энди тинч қўйиб бўпман!.. Биламан, сиз ҳали мени яхши танимайсиз. Аммо кўрасиз, барибир сизни ишонтираман севишимга!.. Илтимос, машинага чиқинг, сизни уйингизгача кузатиб қўяман! Фақат йўқ деманг!..
— Ҳечам-да!.. Мен бировларнинг машинасига чиқиб кетаверадиган қизлардан эмасман.
— Шунақами?.. Унда сиз дунёдаги энг покиза қиз экансиз… Бу гапингиздан сўнг сизга янаям меҳрим ортди… Илтимос, яхшилаб ўйлаб кўринг. Ҳадемай мактабни ҳам битирасиз. Бир бечорани қақшатиб кетмассиз, ахир!..
— Сиз… Бечорамисиз?.. Сиз-а?.. — Насиба бир йўл четида савлат тўкиб турган «Мерседес»га, бир башанг кийинган Фурқатга назар ташлаб туриб кулиб юборди. — Сираям бечорага ўхшамайсиз.
— Кимман бўлмаса?.. Э, машинага эътибор қилманг!.. Сизнинг олдингизда машина нима бўпти?!.
— Бўпти, яхши қолинг!..
Насиба билиб турарди. Оёқларининг ўзига бўйсунгиси йўқ. Барибир атайин кетмоқчидек йўлга отланди.
— Келинг, уйингизгача кузатиб қўяй!
— Йўқ, раҳмат, ўзим етиб оламан.
— Унда қачон учрашамиз?
— Билмадим…
Насиба йўлида давом этди. Фурқат эса, анча вақтгача унинг кетидан қараб турди ва қиз кўздан ғойиб бўлгачгина, машинасини ўт олдирди…
* * *
Катта тезликда дарвоза рўпарасига келиб тўхтаган «Мерседес»ни кўрган соқчилар бирдан ҳушёр тортишди. Фурқат машинадан тушиб ўтирмай, негадир довдираб қолган соқчига бақирди.
— Вей, гўрсўхта, очмайсанми? Ёпишиб қолганмисан ерга?..
Соқчи шоша-пиша дарвозани очиб, қўл қовуштирди. Фурқат машинасини ичкарига худди шундай тезликда олиб кирди-да, ичкарида буйруқ кутиб турган йигитлардан бирига юзланди.
— Тез менинг улфатларимга қўнғироқ қил! Бир соат ичида етиб келишсин! Кейин… Ўзимизнинг ресторанга бориб ичкиликнинг «дода»ларидан олиб кел!.. Адам келмадиларми?
— Й-йўқ, шеф, ҳали келганлари йўқ! — деди тутила-тутила қўриқчи йигит.
— Бўпти, Валяга айт, саунани тайёрласин! Одам жа қизиб кетди!..
Кўз очиб юмгунча Фурқатнинг тўрт нафар улфати етказиб келинди. Улар ҳам Тошкентда ном чиқарган бойваччаларнинг болалари эди.
— Ҳа, тинчликми? — Нодир исмли бўйдор, қаочн қараса қора кўзойнак тақиб юрадиган бадбашара ўртоғи ичкарига кирибоқ баланд овозда қичқирди. — Фурқат, нима бало, уйланяпсанми дейман?
— Нечанчи марта? — қаҳ-қаҳ отиб кулди бошқаси.
— Бўлди, ҳаддиларингдан ошмаларинг! — Фурқат улфатларга пешвоз чиқиб ҳаммаларини бирма-бир бағрига босиб ўпди. — Қани, ўт ҳамманг меҳмонхонага, айш қиламиз!
— Ҳеч бўлмаса, сабабини айт! Бекордан-бекорга эмасдир, ахир!?.
— Э, киравермайсанларми гапни кўпайтирмай!..
Меҳмонхона кенгликда катта бир ташкилотнинг мажлислар залидан қолишмасди. Тўрт томонига чет элда ишлаб чиқарилган юмшоқ диванлар, оромкурсилар қўйиб чиқилган. Дераза олдидан тўтиқуш, канарейкалар солинган қафаслар ўрин олган. Фурқат зериккан пайтларида шу қушларнинг жиғига тегишни хуш кўрарди.
Улфатлар меҳмонхона ўртасидаги шоҳона безатилган стол атрофига ўтиришгач, Нодир секин Фурқатнинг қулоғига шипшитди.
— Ишонасанми, мен бугун анави «гера»нинг зўридан опкелдим.
— Қаердан билдинг зўрлигини? — сўради Фурқат ташқарига ўғринча қараб олиб.
— Э, четга қатнайдиган бир оғайним Тожикистон чегарасидан сотиб олибди. Татиб кўрса, «ваабще» тиндирадиганидан экан. Ўйлаб ўтирмай, нақ бир килосини олиб қўя қолибди.
— Бўпти, у нарсаниям кўришга улгурамиз…
Улфатлар аввалига коньяк ичишди. Баданлари обдон қизигач, Нодир олиб келган наркотикка ўтишди. Алдамабди. Ҳаммалари тиниб қолишди. Бир-иккиталари анча вақт ўзларича кулиб ҳам олишди. Фурқат бўлса, қанча пайт билмайди, аллақаёқларда учиб юрди. Ҳар учганда юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб, сал қурса дод солаёзди. Юраги тинчланиб, оҳиста ура бошлагач, яна парвозда давом этди. Шу кўйи улар уч соатлар чамаси меҳмонхонада қолиб кетишди.
— Мен кеча зўрини, ёшгинасини, кетворганини учратиб қолдим. — сал ўзига келди шекилли, Фурқат кўзларини юмиб олганча гап бошлади. — Кўзлари, орқалари, кўкраклари… Хуллас, жа кетворган. Ишонасизларми, ўшани севиб қолдим.
— Йўғ-э, — ув тортиб юборишди ҳаммалари. — Сен-а? Бўлиши мумкинмас.
— Нима бўпти? Севиб қолишга ҳаққим йўқми?
— Кимнинг қизи экан? — ётган ерида савол ташлади Нодир. — Отаси бақувватроқмикан ишқилиб?
— Афсуски, камбағал қиз. Лекин менга бунинг аҳамияти йўқ…
— Оббо… Жиннимисан?.. Шундай йигит камбағал қизни бошингга урасанми? Бир умр бошинг ғалвадан чиқмайди…
— Ҳозирги қизлар жуда тез етилиб қолишяпти-да! — деди Фурқат дўстининг танбеҳига эътибор қилмай… — Ҳа, майли, хуллас, ичамиз, айш қиламиз… Қани, анавиларни очларинг!..
— Оғайни, ҳозир ҳам бўлса воз кеч у қиздан!.. Отанг барибир кўнмайди…
— Сенга отамнинг ташвиши тушмай қўя қолсин, Нодир!.. У кишини кўндиришни ўзим ҳал қиламан… Уйланаман ўша қизга! Сенлар аввал кўргин у қизни!.. Фаришталар ҳам бунақанги кетворган бўлмаса керак…
— Ҳали кичкина деяпсан-ку! — деди Нодир кулиб. — Сен аллақачон йигирмани уриб қўйган бўлсанг, юрасанми катта бўлишини кути-иб?
— Керак бўлса, кутаман ҳам. Сенга нима? Қуй ароқдан!
Фурқат ортиқ Насиба ҳақида сўз очмади. Улфатлари билан то намозшомга қадар маишат қилиб ўтирди. Яна пичадан героин уришди. Отаси келадиган пайт яқинлашгачгина тарқалишди…
(давомини яқин соатларда ўқийсиз)
Олимжон ҲАЙИТ
Олимжон ҲАЙИТ
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди