05:15 / 27.10.2018
8 199

Бир кунлик келинчак… (2-қисм. Биринчи фасл)

Бир кунлик келинчак… (2-қисм. Биринчи фасл)
Фурқат барибир қайтмади. Насибанинг ортидан югураверди. Охири қизнинг қалбини забт этди. Энди Насиба илгаригидек уялиб, тортиниб, ёки аччиқланиб ўтирмасди. Аксинча йигитга боғланиб борарди. Фурқат деярли ҳар куни унинг мактабдан чиқишини кутиб турар, сўнгра икковлари машинада шаҳар айланишар, баъзан кафега кириб музқаймоқ ейишарди. Фурқат қизга чин юракдан хушомад қиларди…

Орадан ҳаш-паш дегунча икки йил ўтди. Насиба мактабни тамомлайдиган бўлди. Бу орада янада тўлишди, чиройига чирой қўшилиб, сочлари узайгандан узайди. Фурқат ҳар гал унга узоқ-узоқ тикилиб ўтирар, аммо негадир Насибага қўл теккизишга журъат этолмасди.

— Мана, мактабни ҳам тугатяпсиз. — деди у бир куни. — Энди турмуш қуриш вақти етди шекилли…

— Ростданми? — хурсанд бўлиб кетди Насиба. — Қаранг-а, кутмагандим бу гапни…

— Ие, шунчадан бери бекорга юрибмизми учрашиб?.. Қисқаси, бугун бориб онангиз билан маслаҳат қилинг! Кейин натижасини менга айтарсиз.

— Онам кўнмасалар-чи?

— Нимага?

— Чунки у киши бойлардан қўрқадилар.

— Наси, бу гапни бир айтдингиз, иккинчи қайтарманг!.. Бойлар ҳам одам… Ҳайвон эмас…

— Кечиринг, Фурқат ака! — қизариб ерга боқди Насиба. — Мен бу гапни…

— Бўпти, эртага мен сиздан жавобини кутаман…

Насиба Фурқат билан хайрлашгач, уйига шошилди. Қани тезроқ етса-ю, онасига икки йилдан бери яшириб келган сирини ошкор қилса… Нима деркин-а?.. Эҳ, розилик берса, қандай бахтиёр бўларди…

Ҳовлига кириб келганда, ток остидаги сўрида онасининг икки нафар аёл билан гаплашиб ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди. Ёз эмасми, Нафосат ая уларнинг рўпарасига уйдаги «вентилятор»ни юрғазиб қўйибди.

Аёллар кўринишидан нотанишга ўхшади.

Насиба «Бирор иш билан келишгандир-да» деган хаёлга борди-ю, салом бериб ўз хонасига йўл олди. Ўтиб кетаётиб, аниқ сезди. Аёлларнинг иккаласи ҳам унга еб қўйгудек термулиб қолишди. То хонасига кириб кетгунча ҳам кўз уза олишмади…

Ичкарига қадам қўйиб эндигина портфелини стол устига ташлаганди, эшик «ғийқ» этиб очилиб, онаси кириб келди. Насиба бирдан ҳушёр тортди.

— Яхши келдингми, қизим? — оҳиста сўради она.

— Раҳмат, ойи!.. Имтиҳонлар шунақа жонимга тегиб кетдики… Ойи, анави хотинлар кимлар экан?

Нафосат ая маъноли кулиб қўйди.

— Уларми?.. Сени келин қилишга келишибди. Сен чой дамлаб чиққин!.. Ирими шунақа, она қизим!..

— Нима?.. С-сиз розилик бериб юбордингизми?..

— Вой, нимага розилик берарканман дарров?.. Аввал сенинг кўнглингни билай дедим…

— Керакмас. — деди Насиба қатъий оҳангда.

— Нимага, қизим?.. Ахир, мен суриштирдим. Ўзимизга ўхшаган оддийгина одамлар экан. Куёв оғир-босиқ, уста йигит экан. Бир учрашиб кўрсанг…

— Йўқ, ойи, мен истамайман.

— Нимага истамайсан? Наҳотки, онанг сенга ёмонликни раво кўрса?

— Ойи, биласизми… — Насиба тутила-тутила ниҳоят гап бошлади. — Менинг танлаганим бор.

— Нима?..

— Ие, нимага энсангиз қотади?.. — онасига тик боқди Насиба. — Менинг бошқалардан кам ерим борми? Менинг севиб қолишга ҳаққим йўқми?

— Вой, унақа деётганим йўқ, қизгинам… Хўш, ким экан ўша танлаганинг? Бизнинг маҳалладанми? Ота-онаси ким?

— У Тошкентнинг бошқа бир четида туради. — деди Насиба ўйчанлик билан. — Отаси жуда катта одам.

— Бойми?

— Ҳа, ойи, жудаям бой…

— Йўқ, қизим, ундай бўлса, ўша йигитни хаёлингдан чиқариб ташла. Биз бечораҳол одамлар бўлсак. Бойларга тенглаша олмаймиз.

— Ойи, Фурқат акам…

Насиба қандай бу исмни тилга олганини ўзи ҳам сезмай қолди.

— У йигит жуда оддий, камтар… Сиз ўйлаганчалик эмас…

Нафосат ая сездирмайгина ер остидан қизининг юзига боқди. Насиба йиғлагудек аҳволда эди.

— Майли, мен холанг, тоғанглар билан бир маслаҳатлашиб кўрай-чи, кейин бир гап бўлар!..

Насиба суюнганидан онанинг елкасига осилиб олди.

***
Нормат полвон Нафосат аянинг туғишган укаси. Кенг елкали, оғир гавдасини сал олдинга ташлаб юради. Ўзи дангал одам. Айтган еридан кесади. Болалигидан бозорда ҳаммолчилик қилиб катта бўлган. Ҳозиргача ҳам шу ишини ташламади. Уйдаги тўрт нафар чурвақаларини арава етаклаб, бойларнинг бозор-ўчарини машинасигача етказиб бериб боқади.

Нафосат ая ўйлаб кўриб, сингил-қайнсингилларини чақириб ўтиришни ўзига эп билмади. Тўғриси, бу ишга аёлларни аралаштиргиси келмади. Чамаси, ҳеч иш чиқмаслигини олдиндан сезди. Шунинг учун Нормат полвонни чақириб қўя қолишни лозим топди. Ҳарқалай, Насиба ундан ҳайиқади, ажабмас бир-икки оғиз қаттиқроқ тийса, ниятидан қайтса деб фикр қилди…

— Ҳа, опа, одамни ишдан қўйиб нимага чақириб юрибсиз ўзи? — Нормат полвон ўзига пешвоз чиққан опасига елкасини тутаркан, гина қилган бўлди. — Бугун жума бўлса, э, бозорнинг қизиғидан қўйдингиз-а!..

— Болаларинг яхшими, укажон? — Нафосат ая унинг гапларига эътибор қилмай, ҳол-аҳвол сўрай кетди. — Келин ҳам эсон-омон юрибдими? Ўғлинг Нўъмонжон институтга боряптими?

— Ҳаммаси яхши, опа!.. Шуларни сўраш учун чақирганмидингиз?

— Вой, опам бориди, ҳеч бўлмаса, ойда бир хабар олай ҳам демайсан…

Нормат полвон беихтиёр бош эгди. Ҳақиқатан анчадан бери бу хонадонга кела олмагани эсига тушиб опасининг елкасига қоқиб қўйди.

— Кечиринг, опа, иш кўп-да!.. Ўзингиз тушунасиз-ку, шу ҳаммолчиликни деб, болаларнинг ташвиши деб сира ортинолмайман… Қани, айтинг, нима гап ўзи?..

— Кел, шошилтирмасдан сўрига ўтир, бир пиёла чой ич!.. Ё шу кўйи кетвормоқчимисан?

— Йўғ-э, опа, одамни уялтираверманг! Ўтираман, ўтираман!.. Айтганча, Насиба кўринмайди?..

Нафосат ая жавоб бериш ўрнига, укасининг олдига дастурхон ёзиб, майда-чуйдалар қўйди. Чойнакдаги чойни шопира-шопира пиёлага қуйиб Нормат полвонга узатди.

— Ўтиргандир-да аразлаб! — деди ниҳоят қўлидаги чойдан бир-икки ҳўплаб. — Бунинг ҳам кейинги кунларда куйдириб еди мени.

— Қўйинг-э, опа!.. Насибангиз унақа қиз эмас…

— Биламан, Норматвой, қизим ақлли, фаросатли… Аммо… Шу десанг, кеча совчилар келувди. Секин суриштириб кўрсам, ўзимизбоп, бечорагина одамлар экан. Куёв ҳам ёмон болага ўхшамайди…

— Хўш, кейин-чи? — қизиқсиниб Нафосат аянинг кўзларига тик боқди Нормат полвон.

— Қурмағур кўнмаяпти…

— Ҳа, энди… Опа, ўзингиз кап-катта хотинсиз-у, арзимаган нарсани тушунмайсизми?.. Қиз деган дарров рози бўлаверармиди?.. Сал ноз қилиб туради-да!..

— Йўқ, Норматвой, Насиба шунчаки ноз қилмаяпти…

— Хўп, чўзмай айтинг унда!.. Нима дарди бор экан?

— Бир бойваччанинг ўғлида кўнгли бор эмиш.

— Нима?.. Насибанинг-а? Астағфирилло!.. Қўйинг-э, сиз шундай деб ўйлаётгандирсиз…

— Вой, кечагина гаплашиб, кўнглига қўл солиб кўрдим… Ўлсам ўламан, фақат ўшанга тегаман деяпти.

— Шунақа денг? — Нормат полвоннинг ранги бирдан ўзгариб, бошидаги дўппини ечди-да, кўрпачанинг устига ташлади. — Мен жиянимдан бунақанги ишларни кутмагандим… Наҳотки, мен билган ўша Насиба… Э, кўрпасига қараб о±қ узатса бўлмайдими?..

— Бўпти, бўпти, — укасининг авзойи бузилаётганини кўргач, Нафосат ая гапни калта қилди. — Сенам пашшадан фил ясамай қўяқол!.. Сени жиянингга яхшилаб тушунтириб қўярмикансан деб чақирдим, ука!..

— Қани, чақиринг-чи, — ўрнидан бир қўзғолиб нариги ёнбоши билан ўтириб олди Нормат полвон. — Ким экан ўша бойвачча?.. Ўзининг оғзидан эшитайлик-чи!..

Нафосат ая қизини ичкарида бўлса керак деб ўйладими, секин Насибанинг ётоқхонаси томон йўл олди.

* * *
Ҳақиқатан, Насиба ётоғида кўрпага ўралиб олганча, икки қулоғини ташқарига динг қилиб ётарди. Тоғасининг келганини билган бўлса-да, чиқишга қўрқа±тганди. Чунки тоғасини яхши билади. Дарров бақириб ташлайди…

Шу тобда тўсатдан ётоқхона эшиги очилиб, остонада онаси пайдо бўлди.

— Қизим, — деди эшитилар-эшитилмас. — Тоғанг келувди. Сени сўраяпти.

— Мени нимага сўрайдилар? — қайсарлиги тутиб ётган ерида савол ташлади Насиба.

— Гапи бор экан. Тур, уйга меҳмон келсаям ётволадими одам деган?.. Тоғанг сенга ёмонликни раво кўрармиди?.. Отанг ўрнида ота бўлса…

Насиба индамай ўрнидан қўзғалди. Эгнидаги халатини тўғрилаган бўлди-да, зарда билан эшикни ёпиб ташқарига чиқиб кетди.

— Ие, ўзимнинг она қизим шу ерда экан-ку! — жаҳли чиқиб турса-да, Нормат полвон жилмайиб Насибани бағрига босди. — Қани, буёққа ўтиринг-чи, она қиз!..

Насиба сўрининг бир четига чўкиб бошини эгиб олди.

— Хўш, она қизим, нимага ойингга озор беряпсан?

Гапнинг бу қадар тўмтоқ бошланишини кутмаган Насиба кескин бошини кўтарди.

— Нима қилиб озор берибман?

— Ҳа энди… Мен эркак киши бўлсам ҳам… Ҳарқалай, отанг ўрнидаман деб юраман… Кап-катта қиз бўлдинг, қаёқдаги бойларнинг қуруқ гапига ишониб юришинг… Ундан кўра, онангга қулоқ солсанг-чи!.. У сенга кимлар оғиз солаётганини яхши билади… Сени жарга итариб юбормайди… Хуллас, севги-певгингни қўй!.. Бизнинг авлодимизда бой одам бўлмаган… Ундайлар билан бир товоқдан овқат ея олмаймиз… Онангни қон йиғлатишни истамассан, ахир?.. Мен ойингга айтдим, яна келишса, ўша Анвар деганига розилик бериб юборадиган бўлди… Ортиқча гап қилиб, бизларнинг юзимизни ерга қаратиб юрма!.. Феълимни биласан. Бўлар-бўлмас гапларни ёқтирмайман…

Насиба бир марта тоғасининг юзига алам аралаш қараб олди-ю, ҳўнграб йиғлаганча ичкарига кириб кетди…

* * *
Орадан икки кун ўтди. Совчилар яна келишди. Нафосат ая бу сафар уларга розилик бериб юборди. Қудалар уч кундан сўнг келин-куёвларни йўлига бўлсаям учраштириб қўйишга келишиб олишди. Насибанинг юраги баттар ғаш тортиб, дунё кўзларига қоронғи бўлди. Фурқатга бўлиб ўтган гапларни қандай айтишни билмай ичидан зил кетди…

Ниҳоят ўша куни кеч тушиб, она-бола овқатланиб ҳам бўлишди. Нафосат ая залга телевизор томоша қилиш учун кириб кетди…

Барибир айтиш керак-ку!.. Бечора қиз йиғлай-йиғлай, соатни ўн қилди. Онасининг ухлаганига тўлиқ амин бўлгандан кейин келишилган ерга истар-истамас равона бўлди…

Ёзнинг бундай сўлим оқшомларида кечаси кўчада сайр қилиш аслида ҳузур бағишлайди. Катта йўлдаги машиналарнинг овози бироз кайфиятни бузса ҳам, очиқ ҳаво бу дилхираликларни кесиб тургандек…

Насиба маҳалла кўчасидан онда-сонда ўтиб турган одамларга эътибор бермай, ўзлари доим учрашадиган ерга — маҳалла четидаги кимнингдир бузилган уйи орқасига ўтди. Бу ерларга зоғ яқин келмайди. Жуда ҳам ташландик жойлар. Айниқса, каламушлар кўп. Насибага қолса, бу ерларга келиш тугул, ўйлашга ҳам қўрқарди. Бироқ севгилиси айнан шу ерни танлаган. Нимаям қилсин?.. Муҳаббат нималарга етакламайди…

Фурқат ҳар доимгидек олдин келиб машинасига суянганча сигарет тутатиш билан банд эди. Насибани кўриб сигаретини бир четга ирғитди-ю, кутилмаганда қизни ўзига тортди. Насиба ҳақиқатан буни кутмаганди. Сабаби, шу кунгача Фурқат унга қўл теккизмаган. Аъзойи бадани титраб кетган қиз шошиб қолди.

— Йўқ! — ўзини орқага ташлади Насиба. — Менга тегманг!..

— Бу нима деганинг?.. — ҳайрон бўлди Фурқат. — Нимага бундай деяпсан?.. Сени севаман-ку, ахир!.. Менга қара, йиғлаяпсанми?

— Ҳа, йиғлаяпман, Фурқат ака! — деди Насиба кўз ёшларини рўмолчасига арта-арта.

— Нима бўлди ўзи?.. Очиқроқ гапирсанг-чи!..

Насиба жавоб бериш ўрнига баттарроқ йиғлай бошлади.

— Қани, кўзларимга қара-чи! — уни елкасидан тутиб ўзига қаратди Фурқат. — Ҳа, ана шундай!.. Катта қиз ҳам йиғлайдими?.. Қани, энди гапир-чи!.. Ё мендан ҳам яширадиган сирларинг борми?

— Сирим йўқ… Фақат… Сизга қандай айтишни билмайман…

— Йўқ, йўқ, айтасан… Сен, ахир, ёмон гап айтмайсан-ку!..

— Мени… Бошқага узатиб юборишяпти… — деди Насиба зўрға.

— Нима?.. Қ-қанақасига?.. М-мен яқин кунларда совчи қўйишимни айтгандим-ку сенга!.. Ойингга…

— Э, менга ким ҳам қулоқ соларди?!. — йиғлай бошлади Насиба. — Бўлди… Ҳаммаси тамом!.. Энди… Бошқа учраша олмаймиз, кечиринг!..

Фурқат довдираб қолди. Бир муддат муштларини тугиб у±қдан-бу±ққа асабий бориб келди. Ҳозирги эшитганлари тушми, ҳақиқатми эканини англай олмай хуноб бўлди. Азбаройи асабийлашганидан кутилмаганда Насибанинг икки билагидан маҳкам сиқиб олди.

— Менга қара, ҳозироқ тушунтир, нега ойингга айтмадинг?.. Демак, мени севмас экансан-да-а?.. Алдаб юрган экансан-да-а?..

— Нималар деяпсиз, Фурқат ака?.. Нега сиз ҳам мени қийнайсиз?.. Тушунтирдим, айтдим. Бой экан деб кўнишмаса нима қилай?..

— Шунақа дегин?.. — Фурқат Насибани қўйиб юборди-да, машинага суяниб қолди. — Бойларни уйингдагилар одам ўрнида кўришмас экан-да!.. Тушунарли… Наҳотки, сен шунча вақт учрашиб юриб менинг кимлигимни билмаган бўлсанг?.. Яхши… — Фурқат муштларини тугиб осмонга ўйчан тикилган кўйи сўзида давом этди. У энди ростакамига алам билан сўзланарди. — Бойлар қанақа бўлишини энди кўрсатиб қўяман!.. Наси, менга қара, қочиб кетмаймизми?.. Сен ахир мендан бошқасини севмайсан-ку!.. Қандай қилиб ўзинг суймаган йигитга тегиб кетасан?.. Юр, сени адамнинг тоғдаги дала ҳовлисига олиб бораман!.. У ердан бизни ҳеч ким топа олмайди.

— Йўқ, — деди қатъий оҳангда Насиба. — Мен унақанги қизлардан эмасман… Ойимни зор қақшатиб кета олмайман… Пешонамдан кўрдим, Фурқат ака!..

— Наҳотки, севгимиз учун курашишни истамасанг?..

— Мен курашишга ўрганмаганман.

— Нима?.. Ҳали шунақамисан?.. Яхши… Унда сенам эшит… Сен курашишга ўрганмаган бўлсанг, мен ютқазишга ўрганмаганман… — Фурқат шундай деди-ю, Насибани кутилмаганда даст кўтариб ташландиқ, хароба уйнинг нариги четига олиб кетишга чоғланди. — Йўқ, сен бугуноқ, ҳозироқ меники бўласан!.. Сени бировларга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!..

— Қўйворинг!.. — нари бориб ҳам ўтирмай, ерга ётқизганча, юз-кўзларидан тамшаниб ўпаётган Фурқатни итариб ташлашга Насибанинг ҳадеганда кучи етавермади. Лекин… Индамай ётавериш…

Аксига олгандек, Фурқат энди унинг иштонига қўл юборди.

— Қўйворинг дедим!.. Мараз!.. Ҳали сиз шунақамисиз?.. Ҳозир бақираман!.. Тегманг менга!..

Йигит қўйиб юборавермагач, Насиба унинг билагидан жонҳолатда тишлаб олди.

— Иҳ!.. Нима қилиб қўйдинг?..

Бу орада Насиба ўрнидан турди-да, устини қоқишни ҳам унутиб кучининг борича уйи томон чопиб кетди. Фурқат бўлса, уёқ-буёғини тозалай-тозалай, кўкариб чиққан билагини ушлаганча, Насиба кетган томонга қараб алам билан қичқирди:

— Эшитиб қўй, мен ҳеч қачон ютқазишга ўрганмаганман!.. Бир кун келиб кўрасан, ҳаммаси учун қасд оламан сендан, бевафо, қасд оламан!..
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кунлик келинчак… (2-қисм. Биринчи фасл)