Маҳалла Тоштемирларникидан анча олисда, ҳар ҳолда баҳаво жойда эди. Шу куни улар биринчи марта наркотикни шприц орқали татиб кўришди. Ҳар сафар ўзлари сотиб оладиган одам маслаҳат бериб қолди. Сал қимматроқ экан-у, аммо бурунга тиқиб ҳидлашдан кўра яхши кайф бераркан… Орадан маълум вақт ўтгач, кайфи таранглашган Тоштемирнинг нияти бузилди. Қандай бўлмасин, Нодирни «ўчириш»-у, янги келиннинг мазасини тотиб кўргиси келди.
«Энг асосийси, келин кўнса бас. — хаёлидан ўтказди у анҳорнинг четида думалаб ётганча кайф сураётган дўсти томонга кўз қирини ташлаб. — Ишни бирпасда ҳал қилиб ташлайман… Э, ўлибдими кўнмай. Ўзиям шунга текканларига пушаймон бўлиб ичи қизиб юргандир… Ҳозир… Буткул ўчираман бу ҳезалакни…»
— Оғайни, қани, сал ўрнингдан тургин!.. — Тоштемир Нодирни аранг ўрнидан қўзғатиб, чўнтагидаги иккинчи шприцни олди-да, унинг билагига тўғрилади. — Кел, мана шуниям юборвора қолай! Бир маза қилсанг қилгин, оғайни!..
— Э, н-нима қиляпсан, Тош?.. Б-бу ахир кўпайиб кетади-ку!..
— Ие, қизиқмисан?.. Шу гапни сен айтишинг ғалати… Шунчадан бери бунданам кўпларини тотиб келганмиз-ку!.. Намунча қуёнюрак бўлмасанг?.. Мен сенга ўзимга опқўйганимни беряпман… Қизиқсан-а, сени бугун би-ир меҳмон қилай десам…
Тоштемир ҳаш-паш дегунча, шприцдаги оғуни Нодирнинг томирига жўнатди. Сўнгра уни яна жойига ётқизиб, ўзи йўлга отланди…
— Сен шу ерда ўтириб тургин, — деди чўзилиб ётган Нодирнинг елкасига қоқиб. — Мен чопиб уйдан хабар олиб келаман…
Нодир кайф орасида кула-кула, кўзларини юмди…
Тоштемир кўрдики, Нодир ўча бошлади… Кун ҳам шомга яқинлаб қолди. Агар уйидагиларга сездирмай ичкарига кириб олса, марра уники…
У таваккал йўлга тушди…
* * *
Шу куни маҳаллада тўй эди. Фарзиниса ая ҳам то дастурхонини тайёрлагунча шом бўлди. Келинига индамай қўя қолганди. Тўғриси, бўлиб ўтган ишлардан кейин эрининг ҳам, ўзининг ҳам тили қисиқ. Насибанинг кетиб қолишидан, маҳаллада гап-сўз тарқалишидан жуда қўрқишади. Шунинг учун ортиқча уринтиргиси келмай, ўзи пишир-куйдир қилди. Қанча қўлидан ишини олишга уринмасин, келинига фақат ёнида гаплашиб туришгагина рухсат берди. Балки шу баҳонада чигали ёзилар деб умид қилди…
Ниҳоят ҳаммаси тайёр бўлди. Қатлама сомсалар тоғорага жойланиб, оппоқ дастурхонга ўралди, орасига бир кийимлик мато қўшиб қўйилди…
Нозим ака аллақачон тўйхонага кетиб бўлганди.
— Қўшнининг қизини чақириб берайми шерикликка? — Насибага маъюс тикилиб сўради Фарзиниса ая.
— Йўқ, керакмас… Ҳали замон ўғлингиз кеп қолар…
— Бўлмаса, юринг мен билан. Тўйни кўриб келасиз… Ўтирасизми бу ерда бир ўзингиз… Негадир юрагим ғаш-да, қизим!..
Насиба унамади.
Қайнонанинг қисташларига бош эгибгина рад жавобини берди…
Насиба яна келинлик уйига кирди. Уй қанчалар жилодор, яхши таъмирланган бўлишига қарамасдан, кўзларига зиндондек кўринарди. Шу уйда бир умр яшаб қолишига, ҳақиқатан бекалик қила олишига сира кўзи етмасди…
— Қандай кунларга қолдим-а! — кўзлари аччиқ ёшга тўлиб, йиғи аралаш шивирлади. — Ҳамманинг олдида шармандаи шармисор бўламан энди… Гуноҳим нима эди?.. Наркоман бўлсаям майлийди, касали-чи?.. Нега олдин суриштириб кўрмадим?.. Тавба-а!.. Келиб-келиб касалгаям тегаманми?.. Эҳ, ойим-а, ойим!.. Мени буткул бахтсиз, юзи қаро қилиб қўйди ойим… Энди нима қилай, Худойим?.. Кимга бориб йиғлай?.. Кимдан маслаҳат сўрай?..
Шу тобда хона эшиги оҳиста очилгандек бўлди. Насиба сесканиб орқасига ўгирилди. Остонада эрининг яқин ўртоғи Тоштемир кўзлари олма териб турар, нуқул атрофга алангларди. Насиба қўрқиб кетди. Уйда ҳеч ким йўқ бўлса, аллақачон қоронғи тушган… Нега бу одам кеч кирганда бир ўзи кириб келди? Эшикни тақиллатмадиям. Ҳовлида туриб ҳар гал эрининг исмини айтиб чақирарди-ку!..
— Сизга ким керак?.. — саломлашишни ҳам унутиб қўрқув аралаш сўради Насиба…
Кўзлари остидаги ёнғоқчалари осилиб тушган, озғин, юзларини ҳуснбузар босган Тоштемир ҳеч ким йўқлигига амин бўлди ва секин ичкарига ўтди-да, эшикни ёпди.
— Ие, нима қиляпсиз?.. — Насиба жонҳолатда уй бурчига бориб туриб олди. — Чиқинг уйдан!.. Ҳозир бақираман!..
— Мен сенга ёрдам бергани келдим, опоқ қиз!.. — совуқ тиржайди Тоштемир. — Эшитишимча, қийналиб юрганмишсан… Эринг… анавинақа экан… Кел, ўзим сени ҳамма ташвишлардан халос қиламан!..
Тоштемир Насибанинг титраб-қақшаб йиғлаётганига эътибор бермай, бурчакка яқин борди-да, маҳкам қучоқлаб олди…
— Қўйвор мени!.. Вой-дод!..
Тоштемир уни қучоқлаб бир-икки ўпишга улгурди, холос. Насибанинг бор овозда бақириши уни ҳушига келтирди. Ҳозир кимдир келиб қолса, нималар бўлишини тасаввур қилиб, ҳарсиллаганча ўзини ташқарига урди…
Насиба эса, анча вақтгача қалтираб, ҳатто, даҳлизга чиқишга ҳам қўрқиб дераза қаршисида туриб қолди. Аксига олгандек, на қайнонаси, на Нодир кела қолди уйга…
— Ифлос!.. — сал ўзини тутиб олгач, шоша-пиша нарсаларини йиғиштира бошлади Насиба. — Шуям эркакми?.. Буни ўшанинг ўзи юборган… Наркоман, ифлос!.. Шунчалик пасткашлигини билмаган эканман… Ҳали мен шу ифлос жойда яшарканманми? Ҳали мен шунчалик оёқости эканманми?.. Яшаб бўпман!.. Ана, уйинг бошингда қолсин!.. Худоё бир умр тузалмагин!.. Худо жонингни олсин!..
У қўлига илинган майда-чуйда нарсаларини сумкачага жойлаб катта кўчага чиқди. Кетишдан аввал ҳовли томонга совуқ назар ташлаб олди. Шу лаҳзаларда бу омонат уй кўзига жуда ёмон кўриниб кетди. Дарвозага бир марта туфлади-да, автобус бекати тарафга югуриб кетди.
* * *
Нодир улфати кетгач, маълум муддат вақт ўтиб аста ўрнидан турди. У ўтирган анҳор бўйи катта кўчадан узоқроқ бўлгани сабаб деярли ҳеч ким кўринмасди…
Негадир кўнгли ғалати бўлиб яна майса устига чўзилди…
Орадан беш-олти сония ўтди ё ўтмади. Бирдан аъзойи бадани ёниб, нафас олиши қийинлаша бошлади. Кўзлари катта-катта очилиб, қўллари билан майсани маҳкам ғижимлаб олди… Бу ҳолат тобора кучайиб борарди…
Нодир бақирмоқчи бўлди. Овози чиқмади… Инқиллай-инқиллай, анча ергача юмалаб борди. Куйиб бораётган юзларини муздек майсага ишқалаб кўрди… Кор қилмади…
Шу тахлит чамаси беш дақиқалар овора бўлди… Бирдан боши айланиб, кўнгли айниди. Лекин қуса олмади. Ўқчий-ўқчий ҳушини йўқотди…
Нодирнинг жасадини ярим кечада шу ердан ўтиб кетаётган маҳалла имоми кўриб қолди ва тезда маҳалладагиларни йиғиб, жасад эгасининг кимлигини суриштира кетди…
Кимдир «Тез ёрдам» чақирди. Етиб келган врачлар Нодирнинг мурдасини ўликхонага олиб кетишди…
* * *
Насиба уйига келиб онасининг тергаб, силташларига қарамай, хонасига кириб олди. Юраги ҳануз безовта урарди. Худди шу тобда Тоштемир хонасига бостириб кириб келади-ю, таппа босиб қоладигандек деразадан кўз узолмасди…
Нафосат аянинг жон-пони чиқаёзди. Қизининг ёнига кириб қанча зўрламасин, Насиба бир оғиз гапирмас, нуқул йиғларди. Қизидан бир оғиз сўз ололмаган она охири «Эри хафа қилибди шекилли», деган хаёлда тонг отишини кутишга аҳд қилди.
Ортиқ қизини безовта қилмади…
Соат чамаси бешлар бор эди. Ёз бўлгани сабаб аллақачон ерга ёруғ тушиб, ҳаммаёқ қушларнинг чуғур-чуғурига тўлган пайт. Нафосат ая таҳорат олиб бомдодни ўқигач, секин дарвозани очиш илинжида кўча тарафга қараб юрди. Шу пайт дарвоза безовта тарақлай бошлади. Нафосат ая шоша-пиша зулфинни суғурди. Остонада қудалари Фарзиниса ая ва Нозим акалар ранги-қути ўчиб туришарди.
— Ҳа, тинчликми? Келинглар!.. — деди Нафосат ая.
— Қани Насиба… — бақирди Нозим ака ҳарсиллаб.
— Нима гап? Тинчликми ўзи?..
— У ўғлимни ўлдириб қочган!.. Эшитдингизми, Нодиримни ўлдириб қочган!!!
— Нима?.. Оғзингизга қараб гапиринг!.. Нима деяпсиз?..
— Ўғлим йўқ энди, тушундингизми?.. У йў-ўқ!.. — Нозим аканинг йиғлай бошлаганини эшитиб, Фарзиниса ая ҳам унга жўр бўлди…
— Мен не ниятларда келин олсам-у… Йўқ, мен билмайман, топинг қизингизни!.. Бўлмаса… Уйингизга ўт қўйиб кетаман!.. Қани у мегажин?.. Биттагина боламни бошига етган қонхўр қани?..
Бақир-чақирни эшитиб бир-икки қўшнилар ҳам дарвозаларидан мўралаб қўйишди. Нафосат ая юраги ҳовлиқиб нима дейишни, қандай йўл тутишни билмай қолди… Бу хабар ҳақиқатан бошига кимдир гурзи билан урган каби онани довдиратиб қўйганди…
— Келинглар, ичкарига киринглар! — деди телбаларча ҳовли айланиб чопаётган Нозим акага. — Қизим шу ерда.. — Лекин нимага келганини айтмади…
Қудалар жонҳолатда ўзларини ичкарига уришди.
Бу орада Насибанинг ўзи ҳовлига чиқиб қолди. Чиқди-ю, қайнона-қайнотасини кўриб турган ерида қотиб қолди. Келинига кўзи тушган Фарзиниса ая даст ўрнидан туриб Насибанинг ёқасидан олди.
— Боламни топиб бер, қанжиқ!.. Нодиримни топиб бер!..
— Қўлингизни тортинг!.. — дея қайнонанинг қўлларини силтаб ташлади Насиба ҳеч нарсага тушунмай. — Болангиз бошингизда қолсин!..
— Вей, мегажин, Нодирни нимага ўлдирдинг?.. Нима қасдинг бор эди?
— Нима?.. — Насиба бу гапни эшитиб, турган ерида қотиб қолди. — Бу… н-нима деганингиз?..
— Боламни нимага ўлдирдинг деб сўраяпман!.. — титраб-қақшаб Насибага яқин борди қайнона. — Айт, бўлмаса, ҳозироқ мана шу қўлларимминан бўғиб ўлдираман сениям!..
— М-мен… Нимага ўлдираман уни?.. — Насиба беихтиёр ўкириб йиғлаб юборди. — Ўша ўғлингиз мени ўртоғига қўшиб бермоқчи бўлибди-ку!.. Ўзи келмай, ёнимга ўртоғини киритиб юборибди-ку!..
Насиба шу сўзларнигина айта олди. Негадир боши айланиб ёнида қалтираб турган Нафосат аянинг елкасига осилиб қолди.
— Вой, болам, сенга нима бўлди?.. Вой, Худойим, кўзингни оч, Насиба!.. Нимага қараб турибсизлар? Кўтаришиб юборсаларинг-чи!..
Нозим ака ҳам, Фарзиниса ая ҳам Насибанинг гапларидан сўнг муз терга тушиб, шумшайганча бир-бирларига қараб қолишганди… Қуданинг чақириғи уларни сергак торттирди. Дарров Насибани кўтаришиб ичкарига олиб киришди. Сув сепиб ўзига келтиришди. Лекин кўзлари очиқ бўлса-да, Насиба бемажол эди.
— Қизим, — сўради Нозим ака ҳануз ўзини йиғидан тўхтата олмай. — Ким сизнинг ёнингизга кирди? Нимага киради?
Насиба бир муддат кўзларини юмиб олди. Нодирнинг ўлими ҳақидаги хабар уни ҳам буткул ҳушдан оғдираёзганди…
— Ўртоғи Тош… темир кирди. — дея олди зўрға ҳануз кўзларини очмай. — Зўрламоқчи бўлди… Энди н-нима қиламан, ойижон?.. Бу кўргуликларга қандай чидайман?..
— Нима?.. Ҳали шунақами?.. — Нозим ака кутилмаганда даст ўрнидан турди. — Ҳали ўша мишиқи шундай қилдими?.. Онаси, тур, кетамиз!.. Ўғлимни ўша ўлдирган, ҳа, ўша ўлдирган!.. Ҳозироқ топаман у маразни!.. Қуда, кечиринглар! Сизларнинг олдингизда яна айбли бўлиб қолдик… Лекин… Бизниям тушунинг!.. Биттагина ўғлимдан айрилиб ўтирибман… Боринглар, боринглар!..
Эр-хотин қандай келган бўлса, шундай шиддат билан ҳовлини такр этди. Улар чиқиб кетгандан кейингина Нафосат ая сал ўзига келиб дод деганча қизини маҳкам қучоқлаб олди…
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди