21:17 / 28.10.2018
10 728

Бир кечалик келинчак… (9-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (9-қисм. Биринчи фасл)
Холида қатнайдиган бозор шаҳардан унчалик узоқ бўлмаса-да, етиб олиш жуда мушкул экан. икковлари то чегарадан ўтиб олгунларича, ярим тун бўлди.

— Сира бўшаша кўрманг, — тайинлади Холида Насибага. — Бўлмаса чув тушириб кетишади. Пишиқ бўлинг!

— Менам анойимасман. — кулди Насиба шеригига кўз қисиб. — Ҳаққимни бериб қўймайман!

Насиба ҳам Холида каби ўзи билан катта қоп олганди. Уни болалар кийимлари билан тўлдирди. Лекин анча оғир экани унга бироз қийинчилик туғдирар, инқиллаганча қоп орқалаб бораркан, олдинда мол тўла қопни шунчаки қўлтиқлаб кетаётган Холидага қараб бош чайқаб қўярди.

— Ана энди эски кийимларни кийиб олиш пайти етди. — деди Холида эски, ташландиқ уй рўпарасига етганларида бирдан тўхтаб.

— Вой, нега? — ҳайрон бўлиб сўради Насиба.

— Ҳов анави ердаги анҳорни кўряпсизми?

— Ҳ-ҳа.

— Агар ҳозир чегарага кириб борсак, ҳаётда шунча молминан ўтказишмайди. Ўтказгандаям, отнинг калласидай пул сўрайди. Уларга берсангиз, фойда нима бўлади?.. Шунинг учун ўша анҳорни кечиб ўтсак, уёғи катта йўл. Ўткинчи машиналарни тўхтатиб кетаверамиз. Тушундингизми?

— Ҳа, тушундим.

— Кетдик унда. Кўтардик қопни!

Насиба умри бино бўлиб бу тахлит оғир аҳволга тушмаганди. Буниси бозордаги солиқчи балосидан ўн чандон мушкул экан. Негаки, биринчидан, анҳор анча чуқур. Шариллаб оқаётган сув одамнинг нақ кўксигача етади. Қолаверса, қопни сувга теккизмай олиб ўтиш лозим. Йўқса, шунча қилган харажатлари кўкка соврилиб кетаверади…

Хайрият, бу анҳордан ўтадиган фақат улар эмас экан. Уч-тўрт нафар йигитлар Насибанинг қийин аҳволда қолганини кўриб дарров ёрдамга келишди. Қопини нариги қирғоққа ўтказиб беришди…

* * *
Шу кўйи кунлар кетидан кунлар ўтиб Насиба янги шериги билан уч-тўрт марта четга қатнаб қўйди. Бора-бора анча дадиллашди. Анҳордан ўз кучи билан ўта оладиган ҳам бўлди.

Бироқ… Холида негадир ўзгариб қолгандек эди.

— Энди иккига бўлинмасак бўлмайди. — деб қолди бир куни Насибанинг моллари битта қолмай сотилиб кетганидан хабар топгач. — Мана, ўрганиб ҳам олдингиз. Қолаверса, молингиз бозорни эгаллаб бўлди. Энди бемалол ўзингиз бориб келаверинг!..

Насиба кутмаганди. Бироз ўнғайсизланди. Шу кунгача бозори чаққон бўлаётганини ошиб-тошиб Холидага гапирганларига пушаймон еди. Тўғри-да, буни пул деб қўйибди. Ҳар қандай одам ҳам ўзганинг фойдасига ола қарайди. Минг хокисорман деб ўйлагани билан, барибир билибми-билмайми, ҳасад ўтида ёна бошлайди.

— Бўпти-да, Холидахон. — деди ҳамон хижолатини яширолмай. — Шунча ёрдам бердингиз, насиб бўлса, бир кун яхшилигингизни қайтараман.

— Қўйсангиз-чи, — кулиб қўйди Холида. — Ҳаммамизгаям Худо берсин. Мабодо кўча-кўйда кўришиб қолсак, тескари қараб кетмайсизми ишқилиб?

— Йўғ-э, бу нима деганингиз? Сизни қиёматли дугонам деганман.

— Бўпти, омадингизни берсин!..

Икки шериклар бир-бирларини қучиб хайрлашишди.

* * *
— Ие, Насибахон, келинг! Қайси шамоллар учирди? — кунларнинг бирида Насиба бозорчиларга олиб келган молларини тарқатиб эндигина уйга қайтмоқчи бўлиб турганди. Рўпарасида пайдо бўлган солиқчилар бошлиғини кўриб бирдан ранги ўзгарди. Ўша кундаги гаплари, еб қўйгудек тикилганлари эсига тушиб асабийлаша бошлади.

— Нима ишингиз бор? — қўққисдан қилинган совуқ муомала бошлиқнинг ҳам асабига тегди чоғи, лабларини асабий тишлаб, уёқ-буёққа секин қараб қўйди.

— Ў, шундай гўзал қиз совуқ гап қилса сира ярашмас экан.

— Бунинг сизга қизиғи йўқ. Муомалангизга яраша.

— Шунақами? Яхши… — Бошлиқ бирпас ўйланиб тургач, сўзида давом этди. — Билиб қўйинг, хоҳлайсизми-йўқми, барибир биз билан рўпара келасиз. Нима, бозорга мол тарқатиб юрганингизни билмайди деб ўйлайсизми? Тағин… Хафа қилиб қўймайлик!..

— Э, қўлингиздан келганини қилинг!..

— Хўп, қўлимиздан келганини қиламиз. Аммо қайсарлигингиз сизга анча қимматга тушиши мумкин.

— Кўрамиз.

Насиба ортиқ бу одамнинг қаршисида туришни истамай, шартта орқасига бурилди-да, уйига йўл олди…

* * *
— Йўқ, ойи, бунақаси кетмайди! — деди Насиба уйга келиб барчасини Нафосат аяга тўкиб солгач. — Бу солиқчига кўрсатиб қўймасам бўлмайди шекилли.

— Э, ўшаларминан олишиб нима қиласан? Тенг келиб бўлармиди уларга. Ундан кўра, ими-жимида билиб ишингни қилиб юравер!..

— Ойи, қонуний қилиб дўкон очсам-чи?

— Вой, дўконга ҳазилакам пул кетадими. Қўй-э!

Насиба кулиб юборди.

— Эҳ, ойи, соддасиз-да! Шунча пайтдан бери бекорга анҳорма-анҳор сув кечиб юрганим йўқ-ку!.. Худога шукр, озми-кўпми тўплаганим йўқ эмас, етади.

— Ўзинг биласан. — қўл силтади Нафосат ая. — Мен сенинг тинчлигингни ўйлайман. Ишқилиб, ёмонларнинг назаридан асрасин!.. Менга қара, анавинингни кўрмаяпсанми?

— Кимни? — Насиба бирдан ҳушёр тортди.

— Фурқатни айтаман-да!

— Уф-ф, қўйинг, эслатманг ўшани! Юзини тескари қилсин!.. Бошқа гапингиз йўқми?..

— Ҳа энди… Бир сўрадим-қўйдим-да, болам!..

— Ундан кўра, сиз менга пулларни санашда ёрдам беринг!..

— Бўпти, опчиқ ўша пулларингни!..

Насиба кула-кула хонасига чопқиллади…

* * *
Дўкон очиш учун аввало ҳокимиятдан рухсатнома олиш лозим эди. Бу ишни Насиба уч кун деганда ҳал қилди. Тўполон билан бозорнинг бир четига шинамгина дўкон ҳам қурдириб олди… Ана энди солиқчиларга рўбарў бўлиш қолди. У сира тап тортмай бошлиқнинг кабинетига кириб келди. Бошлиқ, албатта, қўлидаги махсус рухсатномани кўриб ҳайратдан ёқа ушлаши аниқ деб ўйлаганди. Аммо у бу гал Насибани негадир совуқ кутиб олди.

— Сизга рухсатномани ким берди? — сўради у қоғозни менсимайгина кўздан кечираркан.

— Ўша ерда ёзиб қўйибди-ку ким берганини!

— Вей, синглим, ёзаверишади-да қоғозга хаёлга келган гапларни. Олдин бизминан маслаҳатлашишингиз керак эди. Нима, бозордаги ўша сиз қўққайтириб қуриб қўйган дўконнинг жойи бўш эди деб ўйлайсизми?.. Ие, буни бир йил бурун банд қилиб қўйишган!..

Бу гапни эшитиб Насиба ростакамига тутоқиб кетди. Ахир, бу қанақаси? Ҳокимиятниям тан олмайдими бу солиқчилар?.. Жойни вакил келиб кўрсатиб кетган бўлса…

— Ўзи… Мақсадингиз нима? — деди у лаблари титраб. — Намунча менминан олишиб қолдингиз? Пора керак бўлса, очиқ айтинг, берай!

— Нима? — бошлиқнинг ранги беихтиёр оқаринқираб ўрнидан туриб кетди. — Сиз ҳали менга пора таклиф қиляпсизми? Менга-я?.. Боринг!.. Кабинетни бўшатиб қўйинг!.. Акс ҳолда… Мелиса чақириб адабингизни бердираман!

— Шунақами? — Насиба ҳам бўш келадиган эмасди. — Чақиринг ўша мелисангизни!.. Мениям сиз ҳақингизда айтадиган баъзи гапларим йўқ эмас. Нега тўхтаб қолдингиз? Чақирмайсизми?..

— Нимани айтасан-а? Зўрлади дейсанми? Шу ерда-я?.. Э, исбот қилиб бўпсан!..

— Мени ҳали яхши билмас экансиз. Ҳозир тоғамни айтиб келсам борми, суробингизни тўғрилаб қўяди. Мен-чи, сизнинг олдингизга қонуний қилиб патент олишга келганман. Пулини ҳамма қатори тўлайман. Қани, бермай кўринг-чи!..

— О, — кутилмаганда кулиб юборди бошлиқ. — Жа «шустрий» экансиз-ку-а!?. Баҳодир!..

Орадан бир-икки дақиқа ўтиб-ўтмай, остонада узун бўйли, ёши ўн саккиз-ўн тўққизлар атрофидаги йигитча пайдо бўлди.

— Хомит ака, чақирдингизми?

Бошлиқ афтини бужмайтириб Насибага ишора қилди.

— Шу… Опангнинг ишини битириб бер!..

— Хўп бўлади!..

Насиба бошлиққа ер остидан маъноли қараб қўйди-да, йигитнинг ортидан эргашди…

* * *
Ойлар кетидан ойлар ўтиб, Насибанинг ишлари тобора юриша борди. Энди у илгариги қимтинибгина юрадиган Насиба эмас. Шаҳарнинг турли бурчакларида қатор-қатор дўконларнинг эгаси, бир неча ўнлаб банклар билан ҳамкорлик қилувчи, икки ёнида тансоқчи қўриқлаб юрадиган жиддий бир аёл эди…

— Телбанинг ишини Худо ўнглабди. — дея кулиб қўярди Нафиса ая ҳаммолликни ташлаб, жиянининг тансоқчиларига раҳбар этиб тайинланган укаси Нормат полвонга қараб. — Қара, бахтини топмади-да ёлғиз қизим, деб ўксингандим. Энди кимсан Насиба бойвуччанинг онасига айланиб ўтирсам-а!..

— Машинани тўхтат! — буюрди Насиба дўконларидан хабар олиб юрган кунларнинг бирида. — Ҳов анави «Мерседес»нинг рўпарасида тўхтат!..

Шу кунларда юраги жуда ғаш бўлиб юрганди…

Фурқатнинг фирмаси (Айтишларича, унга отаси алоҳида фирма очиб берган экан) чет элдан келтириб сотиладиган телевизорларнинг катта бир партиясига буюртма берган-у, мол тахт қилиб қўйилганда сотиб олишдан бош тортган…

Албатта, иш юритувчилар оладиганини олишди.

Лекин Насибанинг ўзи у билан юзма-юз келишни истамай юрганди… Бугун…

“Ҳозир ярамасни боплайман. — хаёлидан ўтказди у машинага яқин бораркан. — Атайин шундай қилган бу ифлос. Синдирмоқчи бўлган мени. Шу йўл билан ялинтирмоқчи бўлган… Ниятингга етиб бўпсан!..”

Фурқат бамайлахотир машина эшигини очганча сигарет тутатиб ўтирарди. Насибага кўзи тушди-ю… Аввалига ранги ўзгариб шоша-пиша ўрнидан турди ва сигаретини бир четга улоқтирди. Чамаси, қўлга тушганини кўнгли сезди…

Бироқ бир зумда ўзини қўлга олиб ясама жилмайиш қилиб Насибага пешвоз чиқди…

— Йўғ-э, — деди собиқ севгилисига бошдан-оёқ разм солиб. — Наҳотки, бу ўша Насиба?.. Тўғриси, учрашиб қоламан деб ўйламагандим…

— Ифлос! — унинг пичингларига эътибор бермай сўз бошлади Насиба. — Пасткаш!..

— В-вей, оғзингизга қараб гапиринг, хоним! — тўсатдан жиддий тортди Фурқат. — Ким бўпсиз мени ҳақорат қиладиган?..

Шу аснода Насибанинг ёнидаги тансоқчиларга қараб қўйишни ҳам унутмади.

— Мени синдирмоқчи бўлдингми ҳали? — давом этди Насиба. — Шу йўл билан тағин ўзингга оғдирмоқчи бўлдингми?

— Тўхта, сен нима ҳақида гапиряпсан ўзи? Нима қипман мен?

— Билиб туриб билмасликка оласан-а?.. Қандай пасткаш одамсан-а!.. Нега бир дунё молга буюртма бериб қочиб кетдинг?..

— Ҳа-а, гап буёқда дегин?.. Ҳа… Энди… Келтирган молларинг биринчидан, сифатсиз экан. Иккинчидан… Биз сенминан қонуний ҳужжат имзолаган эмасмиз.

— Нима?.. Манави қоғозлар сенингча ҳужжат эмасми?.. Манавилар-а?..

Насиба портфелидан бир даста шартнома қоғозларини чиқарди-да, Фурқатнинг башарасига отди.

У қарши ҳеч нарса қила олмасди. Чунки, биларди. Мабодо ортиқча ҳаракат қилса, тансоқчилар танобини тортиб қўйишади. Шу сабабли ранги бўзарганча, ерга учиб тушган қоғозларни ўзи териб олди.

— Хўш, нима бўпти? Ҳа, энди… Бизнесда нималар бўлмайди?!. Ҳарқалай, рақобатчи эканмиз. Бир ҳазиллашсак, ҳазиллашибмиз-да!.. Шунгаям шунча ваҳимами?..

— Энди ўзингдан кўр! Судга бераман сени. Менга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказганинг учун жавоб берасан.

— Э, қўлингдан келганини қил! — деди Фурқат қўл силтаб. — Осмон қўлингда бўлса ташлаб юбор! Жонимни олмайсан-ку!..

Аёл экан-да, Насиба бу учрашув туфайли жуда-жуда ўксинди. Уйигача базўр чидади…

Ётоғига кириб эшикни ичидан тамбалагач, додлаб йиғлаганча ўзини каравотга отди…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (9-қисм. Биринчи фасл)