“Бало келса ботмонлаб келади”, деганларича бор экан. Ҳали бўй қизлигидаёқ прокурордан бу қадар шармандали сўзларни эшитиб, ўзининг нақадар ожиза эканини ҳис этиб, боши берк кўчанинг дим ҳавосидан нафас олишга-да улгурган Нафиса ҳали хаёлларини йиғиштириб, ўзини қўлга олиб улгурмай, хона эшиги безовта тақиллади. У кутмаганди. Қўрқувданми, ё бошқа сабабданми, сал қурса юраги ёрилиб кетаёзди. Худди бировнинг уйига ўғирликка кирган-у, кутилмаганда уй эгаси келиб қолиб ғафлатда қолган ўғри каби шоша-пиша кафтларига кўз ёшларини артди-ю, бор овозда қичқирди.
— Киринг! Ким у?..
Эшик оҳиста очилиб, остонада узун бўйли, ингичка мўйлаби ўзига ярашиб тушган, худди кўчадаги модапараст йигитлар каби жинси шим, қора футбол майкаси кийган, тахминан 25-27 ёш атрофидаги йигит ҳозир бўлди.
Нафиса бу йигитни илгари кўрмагани учунми, ё ҳали прокурор етказган аламлар қаҳратони нари чекинмагани сабабми, йигитга совуқ тикилиб худди шундай совуққон оҳангда сўради:
— Сизга нима керак?
— Кирсам майлими?
— Кириб бўлдингиз-ку! Тағин қаёққа кирасиз?
— Ўтирсам майлими?
Агар бошқа қиз бўлса, бу йигитни кўрганданоқ ҳеч бўлмаганда ўрнидан қўзғалиб илиқ қарши оларди. Аммо Нафиса ундай қила олмади. Дарди ўзига етиб турганди. Уни ҳам навбатдаги юзсиз, фирибгар, зўравонлардан бири ҳисоблаб, нафрат аралаш боқди. Ҳозир уни йигитнинг қадди-қомати, ҳусни умуман қизиқтирмаётганди…
Қўрқарди…
Чув тушиб қолишдан, бу йигит ҳам қандайдир бир ёмонлик тошини мана-мана отади-ю, тошнинг заҳри кўксини парча-парча қилишидан чўчирди. Ҳа, агар шундай қилса, ҳаммаси тугайди. Орзулари, армонлари, ғам-андуҳлар, ҳамма-ҳаммаси ўзи билан арши аълога учади-ю- кетади…
Шундай бўлса-да, барибир ўзини қўлга олди. Ҳарқалай, ўғил болалар билан спортзалда узоқ вақт бирга машғулотлар ўтаган. Уларнинг феъл-атвори озми-кўпми вужудига сингган. Шу нарса Нафисага пича дадиллик берди шекилли, қўли билан курсига ишора қилди.
— Ўтиринг!
Йигит кўрсатилган жойга ўтирди-да, шу баҳонада хона шифтлари, деворларини зимдан кузатган бўлди.
— Қулоғим сизда, — деди Нафиса тоқатсизланиб. — Илтимос, тезроқ гапирсангиз! Ишларим жуда кўп.
— Тушунаман, — деди йигит. — Ўзим ҳам сизга ўхшаган тадбиркорман. Уч-тўртта дўконим бор. Лекин сиз каби ўзим ўтириб иш юритмайман. Ишончли одамларни қўйганман, ўшалар ишлайди.
— Жуда хурсандман, — юзларига сал ранг югургандек енгил тортди Нафиса. — Менда нима ишингиз бориди?
— Биласизми, ҳозир шу яқин атрофдан ўтиб кетаётгандим. Тилаш деган ходимингизни кўриб қолдим. Дўконга келиб кетаётган экан. Шу одам билан анчадан бери танишман. Ажойиб инсон.
— Хўш, Тилаш ака сизга нима деди? Мен… Тушуна олмадим муддаонгизни!
— Ҳа-я, — йигит кулимсираган кўйи мушти билан стол устига оҳиста уриб олиб давом этди. — Менинг исмим Фаррух. Сизнинг исмингизни биламан. Айтмасангизам бўлади. Хуллас, Тилаш ака Азизов деган прокурор сизга зуғум қилаётганини айтиб қолди. Шу ростми?
Нафиса бу гапни эшитди-ю, дафъатан сергак тортди.
— Хўш, рост бўлганда нимайди? — сўради Фаррухга беихтиёр илгаригидан-да совуқроқ тикилиб. — Прокурор қариндошингизми?
— Йўғ-э, Нафисахон, бу нима деганингиз, — кулди Фаррух. — Худога шукр, прокурордан қариндошим йўқ. Агар бўлган тақдирдаям, ернинг бетида яшаттириб қўймасдим… Кўришга кўзим йўқ ментларни…
— Кечирасиз-у, — деди Нафиса чуқур хўрсиниб. — Ҳалиям сизнинг асл ниятингизни англай олмадим. Мендан нима истайсиз?
— Менми? Мен ҳам худди ўша Азизов деган прокурордан керагича жабр кўрганман. Кўряпман ҳам. Мениям худди сизга ўхшаб қўрқитади, улуш олиб кетади. Буям майлийди, ҳар икки-уч ойда оладиган улушини оширволади. Бермасам, ҳали СЭС, ҳали мелисаларни етаклаб келишни бошлайди. Биласиз, улар ўпқонга ўхшайди. Қанча оғзига тиқманг, барибир нафси тўймайди. Шунга… Агар йўқ демасангиз, биргаликда ўша маразга қарши курашсак девдим. Ҳарқалай, икки киши барибир икки киши-да. Балки келгусида яна кимлардир келиб қўшилар бизга. Ахир… Қачонгача пешона теримиз эвазига топган пулимизни уларминан бўлишамиз? Алам қилади-да одамга! Ё сизга алам қилмайдими?..
* * *
Бу гаплардан кейин Нафиса Фаррухга қараб ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди. Бошида унга ёмон қараганидан афсусланди. Аслида бу йигит ҳам ўзларидан экан-ку! Нимага айримларга ўхшаб дарров илғаб ола билмайди одамларнинг кимлигини? Қачон дўстни душмандан бир қарашда ажрата оладиган бўлади?..
У анча вақтдан бери илк бор майин жилмайиш қилиб, айбдорона бош эгди. Ниҳоят дардкаш, дўстлик қила оладиган одамни учратганидан мамнун тортди.
— Узр, мен бошида сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борибман, — деди Фаррухнинг кўзларига тик боқишга жазм этолмай ер чизган кўйи. — Буни тушунасиз деб ўйлайман. Ахир, оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади. Азизов юрагимни олиб қўйди шекилли. Узр!
— Узр сўрашга сира ҳожат йўқ, — янада жонланиб қаддини бир баҳя кўтарди Фаррух. — Ҳойнаҳой, катта пул сўраган бўлса керак-а?
— Нафси наҳанг балиқникидан ҳам оч экан, — деди Нафиса жиддий тортиб. — Келинг, ўша ҳақида гапирмайлик. Башарасини эсласам, асабий бузиляпти.
— Унда саволимга жавоб беринг. Жавобсиз қолдирдингиз.
— Вой, қайси саволингизга? Тушунмадим…
— Мен сизга биргаликда Азизовга ўхшаганларга қарши курашишни таклиф қилувдим. Индамадингиз.
— Ҳа-я, ёдимдан кўтарилибди, узр! Умуман, таклифингиз ёмон эмас. Тадбиркорлар бир тан, бир жон бўлса, ундай наҳанг балиқлар ҳеч нарса қила олмайди.
— Ана энди ўзингизга келдингиз. Худди шндай қилиш керак. Шундай йўл тутиш керакки, бизлардан бир тийин олиш тугул дўконларимизга яқин кела олмасин. Бир километр наридан айланиб ўтсин!
— Уйи куйсин ундайларнинг! — Нафиса ҳам дарддош топила қолганидан ўзида йўқ хурсанд бўлганди. Шу баҳонада прокурорнинг муҳаббат изҳорларини, пўписаларини унутган бўлди. Унутмаган тақдирда ҳам Фаррух каби ҳамкорлар ёнида бўлса, нимадан қўрқсин? Кўпчилик бўлиб ақлини киритиб қўйса бўлади олчоқларнинг! — Агар биргаликда ҳаракат қилсак, албатта енгамиз. Порахўрлар камайган бўларди. Ишлаб-ишлаб топганимизни уларга бериб қўйишимиз алам қилади барибир. Текинтомоқларнинг томоғи тешилсин илойим!..
— Ана, бир-биримизни тушундик, хайрият!..
Фаррух беихтиёр ўрнидан қўзғалишга тутинди. Аммо нимадир ёдига тушгандек қайтадан курсига чўкди.
— У ҳолда сизга яна бир таклифим бор, — деди Нафисага маъноли боқиб. — Фақат йўқ деманг! Хафа бўламан!
— Қанақа таклиф? — кулимсираб Фаррухга боқди Нафиса. — Қўлимдан келармикан ишқилиб?
— Албатта келади, — деди Фаррух кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Танишганимизни, бирга ишлашга келишганимизни нишонласак дейман.
— Шартми нишонлаш? Ахир ишлар…
— Ишингиз кўп, биламан. Мениям ишларим сизникидан кам эмас. Лекин ўшалардан вақтинча воз кечиб сизнинг ёнингизга келдим. Кечирасиз-у, шундай воқеани нишонламаслик гуноҳ бўлади. Қолаверса, йўл-йўлакай келгуси режаларни пухталаб олишимиз керак. Тумтарақ ҳаракатлар билан душманни енгиб бўлмайди, ахир. Режа пухта бўлса, ўқ нишонга бехато тегади.
— Жуда гапга уста одам экансиз, — кулди Нафиса. — Шунча гапларни қаерда ўргана қолгансиз?
— Кўча боласиман-да менам! Ҳар хил одам билан гаплашамиз, кўрамиз, эшитамиз. Масалан, сизниям камгап, камсуқум дейишса ишонмасдим. Тўғрими?
— Тўғри, жаҳлимни чиқаришса чидаб тура олмайман.
— Каратэ қип ташлагингиз келади, топдимми?
— Ие, — ҳайрон бўлиб илкис бошини кўтарди Нафиса. — Сизга ким айтди мени каратэчи деб?
— Ҳа энди… Тешик қулоқ эшитади-да! Шаҳарда анча номдор қизсиз, хоним! Жа камтарлик қилаверманг!
— Яхши, яхши, — дея Нафиса тўзғий бошлаган кокилларини тўғрилаган бўлди. — Хўш, қаерда нишонлаймиз ҳамкорлигимизни?
— Мен ресторан гаплашиб қўйганман. Ўша ёққа бора қоламиз.
— Унда бир шартим бор.
— Айтинг.
— Менинг машинамда борамиз ўша ресторанга! Маъқулми?
— Маъқул, — деди Фаррух даст ўрнидан туриб. — Ҳалиям сизнинг машинангизда борамиз. Мен таксида келганман.
— Нима, машинангиз йўқми? Нега таксида юрасиз шундай тадбиркор одам?
— Машинам бор, — деди Фаррух қаншарини бир-икки қашиб олган бўлиб. — Ремонтдайди. Ҳали опчиқмадим.
— Тушунарли. Унда кетдик, қиладиган ишларим ҳам кўп ҳали!
— Кетдик!..
* * *
Ўйлаб кўрса, анча вақтлардан бери бу қадар яйраб ўтирмаган экан. Айниқса, онасининг бевақт ўлимидан сўнг кўнглига ҳатто биров билан ўтириб бир пиёла чой ичиш ҳам сиғмасди. Ёлғиз қолгиси келаверадиган, ёлғиз қолгач, онасини ўйлайверадиган бўлиб қолганди. Бугунги ўтириш Нафисани азалий ҳолатига қайтаргандек бўлди. У яйраб, очилиб ўтира олди. Фаррухнинг гапдонлиги кайфиятига кайфият қўшди. Унинг билимдонлигини кўриб ҳаваси келди. Ҳатто, кўнглининг аллақаерида «танлаган турмуш ўртоғинг шу йигитга ўхшаган бўлса», деган хаёл ҳам учқунлаб қўйди. Бироқ Фаррухга сездирмади…
Ниҳоят қош қорайиш палласида ресторандан чиқишди. Нафиса Фаррухни манзилига элтиб қўйгач, кафега мўралаб ўтишни мўлжаллаётганди. Билолдан хавотир ола бошлаганди. Лекин Фаррух бошқа таклиф киритиб қолди.
— Агар йўқ демасангиз, сизни ота-онам билан таништирсам, — деди у машинага чиқиб ўтирганларидан кейин. — Ҳар ҳолда кимлар билан бирга ишлаётганимни кўришсин-да! Нима дейсиз?
— Вой, бугунгина танишдик холос-ку, — деди Нафиса хижолат тортиб. — Қандай бўларкин?
— Қанддай бўлади, — деди Фаррух. — Мана кўрасиз, ота-онам ажойиб одамлар. Албатта сизни ёқтириб қолишади.
— Майли, унда кўрсатинг йўлни, — деди кулимсираб Нафиса. — Фақат кўп ўтирмайман. Ишларим бор.
— Гап бўлиши мумкинмас! Тўғрига юраверинг! Уёғиниям ўзим кўрсатиб кетаман!
* * *
Фаррух яшайдиган ҳовли ҳақиқатан ҳашаматли ва файзли туюлди. Нафиса аёлларга хос синчковлик билан дарров бу ҳовлини ўзиники билан солиштиришга ҳам улгурди. Йўқ, барибир бу ҳовли яхшидек туюлаверди. Қийшиқ қурилса ҳам қўшнининг уйи яхши кўринавераркан шекилли-да. Ҳовлига қараб унинг ҳаваси қўзғалди. Яқин орада шундай ҳовли сотиб олишни кўнглига тугди.
Бироқ Нафисани ҳайрон қолдириб, бу уйда қўриқчи, хизматчилар кўринмади. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит. Зоғ учмасди.
— Нимага хизматчи, қўриқчилар йўқ уйингизда? — сўради ичкарига кираётиб. — Шундай катта ҳовлини қандай ёлғиз қолдириб кетасиз?
— Хизматчиларга тўлайдиган пулниям бизнесга тиркаганман, — деди кулиб Фаррух. — Қолаверса, уй ёлғиз эмас, ота-онам бор…
Ичкарига олдинма-кетин кириб боришди. Лекин ота-онаси кўрина қолмади.
«Иккинчи қаватда бўлса керак-да улар» деб ўйлади-ю, Фаррухга эргашиб юқорига кўтарилди. Аммо у ерда ҳам ҳеч ким йўқ эди.
Шу нарса Нафисани ҳушёр торттира бошлади.
— Қани ота-онангиз? — сўради каттакон залга киришгач. — Ё мени алдадингизми?..
Мана шу саволдан сўнг Фаррух бирдан жиддийлашди. Қовоқ уйган кўйи Нафисага бошдан оёқ разм солиб турди-да, масхараомуз тиржайиш қилди.
— Туя ҳаммомни орзу қилибди-да, — деди ҳануз тусини ўзгартирмай. — Мен Фаррухмас, Тилаволдиман. Эшитгандирсан шундай одамни? Каллакесар, киллер Тилаволдиман. Азизовнинг туғишган жияни бўламан.
— Нима?..
Нафиса аввалига ишонқирамади. Бу Фаррухнинг навбатдаги ҳазили бўлса керак деб ўйлади. Бахтга қарши қаршисидаги келишган, басавлат бу йигитнинг туси ўзгара қолмади. Агар ҳазиллашса, буни кўз қарашларидан ҳам илғаб олса бўларди.
— Мен тушуна олмадим, — деди Нафиса бир қадам ортга тисланиб. — Қанақа каллакесар? Қанақа киллер?
Йигит жавоб бериш ўрнига унга жуда яқин келиб қулоғига шивирлади.
— Жонинг мени қўлимда ҳозир. Каратэчилик қилиб мени синдираман деб ўйлама. Буни хаёлинггаям келтира кўрма! Қани, ўзимга кел-чи! Оҳ, тоғам мақтаганича боракансан! Жуда ширинга ўхшайсан! Ҳозир ўзим…
Нафиса йигитнинг бу номақбул қилиғидан аччиқланиб уни ўзидан нари сурди-да, яна бир қадам ортга тисланиб, қўлларини ҳимояга узатди. — Яқинлашсанг, мендан хафа бўлиб юрма! Суякларингни кўчадан териб олишади!
— Қани, ур, — деди Тилаволди. — Нега қараб турибсан? Ур дедим! Жавоб қайтаришга қурбим етади, опоқ қиз!..
Нафиса тушунди. Яна алданибди. Тағин уни синдиришга уринишибди. Шу мақсадда манави юзсизни ёллашган кўринади. Нима қилсин? Ўзини ҳимоя қилиши керак-ку барибир! Қачонгача андиша қилади? Қачонгача кечиради?..
У то ўзини йиғиштириб, бир қарорга келгунча Тилаволди қўлига узун пичоқ олишга улгурганди. У пичоқ ўқталганча Нафисага ташланди. Лекин улгурмади. Нафиса таваккал унга оёқ зарбаларини йўллади. Шу қадар усталик билан йўлладики, пичоқ бир тарафга, Тилаволди иккинчи тарафга учиб кетди.
Эҳтиёт шарт ўрнидан туришга чоғланган Тилаволдини яна бир-икки марта тепди.
Қимирламай қолганига амин бўлгачгина ортга қайтди…
* * *
Нафиса алам ва афсус-надоматлар бағрини кемирган кўйи қандай машинасига ўтирганини, қандай моторга ўт қўйиб газни босганини-да идрок этмади. Рулни бошқариб борарди-ю, гўё рулда ўзи эмас, қандайдир робот ўтиргандек эди. Нуқул қарғанарди. Хаёлан Тилаволдини лаънатларди. Туғилганларига минг афсуслар чекарди. Дунёни кўриб турган кўзларини ўйиб олгиси келарди…
Билмайди. Қайсидир жойга етганди. Кутилмаганда катта серқатнов йўлга елкасига рюкзак илинган бир йигит чиқиб келди. Бу ҳам етмагандек, қулоқларига наушник тақиб олибди.
Нафиса жонҳолатда сигнал чалди. Аммо йигитнинг парвойига ҳам келмади.
Катта тезикда келаётган машина томон қараб ҳам қўймади.
Нафиса бор кучи билан тормозни босди. Афсуски, улгурмади…
То машина тўхтагунча йигитни туртиб кетишга улгурди.
У чамаси ўн метрлар нарига учиб бориб чалқанча қулади. Нафиса эса нима қилишни билмасди. Шоша-пиша пастга тушди-да, йигитнинг тепасига бориб томирини ушлаб кўрди. Кейин нафас олишини текширди.
Хайрият, йигит тирик экан. Юзлари шилинибди.
Ҳушидан кетибди.
Нафиса унинг қулоғидаги наушникларни суғуриб олди-да, югуриб бориб машинадан сув тўла баклашкани олди ваортга қайтиб йигитнинг юзларига сепди.
У бирпас инграниб олгач, кўзларини очди.
— Ўзингиз мустақил тура оласизми? — сўради Нафиса йиғламсираб. — Гапирсангиз-чи! Тура қолсангиз-чи одамни қўрқитмай!..
— Ҳ-ҳозир… — деди йигит зўрға ўрнидан қўзғаларкан. — С-сиз… Хавотир олманг, опа… Мен…
— Қани, елкамдан маҳкам ушлаб олинг! Ана шундай-й!.. Ҳозир яқин орада касалхонага бўлса обораман! Юра қолинг!..
Нафиса бир амаллаб йигитни машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазди-да, ўзи рулга ўтириб, газни босди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”