23:48 / 23.12.2018
6 263

Гўр азоби… (2-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (2-қисм) (мистика)
Одам ўлгандан кейин тошга айланишини бир пайтлар тириклигимда ўзим такрорлаб чарчамасдим. Чойхоналар, нуфузли ресторанларда керилиб ўтирганча, манаман деганнинг гапини кесардим. Худо кўрсатмасин, гапимга қарши чиққанни сезсам, жуда бўлмаганда юзига ичкилик сепиб юборардим. Ўша жойнинг ўзида шармандасини чиқарардим. Мана, ҳозир вақт асрдан ошганда ўзим билган ўша йўл бўйлаб кетиб боряпман-у, юрагимни ғашлик забтига оляпти. Қизиқ, шу туришимда менда на юрак, на оёқ-қўл, на бошқа аъзо бор. Йўқ, мен уларни вужудимда ҳис этаман, сезаман. Лекин бу аъзолардан фойдаланишга ҳақсизман. Юриб боришим ҳам қандайдир ғалати. Қадамларим гўё баракалидек. Бир неча қадам ташласам, анча жойга бориб қоляпман…

Билмадим… Билмадим…

Аммо мен, Даминбой деса от ҳуркадиган бойвачча ортга чекинмаслигим керак. Ўша мени тез кунда қувиб солишлари керак бўлган дунёсидаям ҳақиқат йўқлигига шубҳа қилмайман. Мен ҳеч кимга сўзимни бериб қўймаслигим, ҳаммасидан зўр келишим, ҳар бир гапимнинг тасдиғини оладиган даражада киройи бўлишим лозим. Акс ҳолда мени дуч келган ялангоёқ тепкилаб, эзғилаб ўтаверади, менсимай қўяди. Ит ялоғига ўхшаган кўримсиз, дарз кетган идишдан сув ичиб юрганлар мендек Дамин бойваччани кўрганда икки қўлини кўксига қўйиши, мендан қўрқиши шарт. Ҳа, мен ўша боқий дунёсидаям гапимни бериб қўймайман!.. Ахир, ўша ердаям ўзимизга ўхшаган кўча кўрган, муомала қилса бўладиган, киройилар бордир!?.

Шундай ўйлар исканжасида қабристонга яқинлашиб келганимни сезмабман. Атрофга шоша-пиша кўз югуртирдим-у, ҳов наридаги бетон девор остида ўтирган таниш башарага кўзим тушди. Таққа тўхтаб унга узоқдан яхшилаб разм солдим. Не кўз билан кўрайки, у олис вилоятдаги компаниямни бошқарган сўхтаси совуқ Умарали эди. Ахир… У нима қилиб ўтирибди бу ерда? Нега ишдамас? Нима учун ерга ястаниб ўтирволди? Нима сабабдан олдига эски дўппи қўйволди? Осмонга қараб нима деяпти? Ким билан гаплашяпти?..

Ҳайратим ошиб, кўнглим баттар ғаш тортиб унга яқинроқ бордим. Орамиздаги масофа тахминан уч-тўрт метрлар қолганда, тўсатдан Умаралининг олдини қора матога ўхшаш парда тўсиб қолди…

Ие, ким тортди пардани? Нега мендан сўрамай иш тутишади? Ахир, бу баччағар менинг қўл остимдаги югурдаклардан бири-ку! Нуқул берган пулимдан нолирди. Қачон қарасам, қовоғидан қор ёғарди. Айтганман, «Эркакмисан ўзи? Сени шундай ёғли ишга қўйдим. Тирикчилигингни қил! Менга хиёнат қилмасдан, менинг ҳақимни емасдан ишлайвермайсанми?», деявериб чарчаганман. У бўлса, ҳалол пул топишни хуш кўрармиш. Қизиталоқ, бу дунёда ҳалол пулни қаердан топардинг? Бир бурда нонга зор бўласан. Болаларинг кўчада тушиб қолган чирик мевага зор бўлади. Увоқ териб умринг ўтади, хунаса!..

Эссиз, шунча ҳаракатларим зое кетди. Мана, уям қабристонга келволибди. «Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан», деганлари шу-да! Қабристондаям тиланиб ўтирибди…

— Ҳа, Умар, ит қувдими? — савол ташладим унга жиғибийроним чиқиб. — Шу ердаям тиланяпсанми дейман? Вей, баччағар, анави пардани олиб ташласанг-чи! Башарангни кўрай-чи!

— Бу парда олинмайди, — деди Умар самодан кўз узмай. — Сендақалар билан фақат шу парда ортидан туриб гаплашиш мумкин холос. Акс ҳолда худонинг ғазаби келади.

— Ие, тилинг чиқиб қоптими? — қичқирдим турган еримда. — Менинг кимлигимни биласанми ўзи? Шунча йил сени боқдим-ку, хунаса! Берган тузимга раҳматинг шуми? Юрардинг чориғингни зўрға судраб! Янги этикли қип қўйдимми? Ёғли-ёғли, сергўшт овқатларим оғирлик қиляптими сапчийсан?.. Қаранглар-а, ялоғимни ялаб кун кўрган баччағар бу ерга келиб одам бўп қопти!..

— Тузингам, ялоғингам бошингда қолса яхшийди. Афсус, сенга қўшилиб, иймонимни бой берган эканман! Мана, энди ҳар куни кўкка боқиб худойимдан иймонимни қайтаришини сўраяпман! Худоё сендайларнинг охирати куйсин, ҳаромилар!..

Билмадим… Агар тириклигимдаги даврим бўлса, бу мишиқининг терисини шилволардим. Ҳозир эса Умарга қарши бир оғиз сўз айтишга-да ожиз қолдим. Айниқса, охирги гапидан кейин беихтиёр жоним худди биров игна санчаётган каби чимиллаб оғрий бошлади. Бу оғриққа чидашнинг ўзи даҳшат эди. Номаълум куч мени ўша оғриқлар исканжасида қабристон ичкарисига етаклади. Ҳа, мен қўл остимда итдай ишлаб, керак бўлганда, ялоғимдан овқат еган бир ялангоёққа қарши ҳаракатлар содир эта олмадим. Ожиз қолдим, ожиз!..

Қабристон ичкариси ҳам Умар кабиларга лиқ тўла экан. Воажаб, биринчи кун танамни бу ерга олиб келишганда зоғ учмаганди. Демак, тунда пайдо бўларкан-да булар! Унда нега мени ҳис этишмаяпти? Нима учун мендан мартабаси пастлигини тан олишни хоҳлашмаяпти? Кўриниб турибди-ку орамиздаги фарқ!..

— Эй, боқимандалар, — кутилмаганда қичқирдим жазавага тушиб. — Келмайсанларми буёққа? Аканг ташриф буюрди! Саройлардек ҳашаматли уйидан хабар олиб яна сен итваччаларнинг даврасига қайтди! Келиб саломлашмайсанларми? Тавоб қилмайсанларми изимни?.. Ўпмайсанларми қўлимни?..

Бу ҳайқириғим қабристон бўйлаб жаранглади. Четдаги улкан дарахтларга қўнган қушлар чамаси ҳайқириғимнинг залворига дош бера олмай гуриллаганча осмон-у фалакка кўтарилди. Лекин анавилар миқ этишмасди. Бировлари ер остидан менга менсимай қараб қўйиш билан чекланар, бошқалари эса нафратини сир тута олмаган кўйи янада нарироқ кетиш ҳаракатида эди.

— Сен кўпам чиранаверма, — деган овоз келди ниҳоят оломон орасидан. Аммо ким бақирганини англашнинг сира имкони йўқ эди. Оломон овоз соҳибини тўсиб қолганди. Шунда ҳам у кексалардан бири эканини дарров илғадим. — Ҳали сўроқ-савол деган амаллар турибди. Ўзинг-ча бу ердагиларни ерга урма! Сенинг давринг ўтди! Суф сендай ҳаромиларга! Қани, халойиқ, тошбўрон қил уни! Аяб ўтирма! Токи қилмишларига тавба қилмагунча отавер тош!..

Мен бундан-да баттарроқ даҳшатни Азроилга жонимни бераётиб ҳам кўрмагандим. Ундан-да қўрқинчлироқ, шиддатлироқ, шафқатсизроқ лаҳзаларга рўбарў бўлдим. Оломон отаётган тошлар менга келиб тегар, оғриқлар шунчаки оғриқмас, гўё оловда куяётган паллани эслатарди. Инграна-инграна, дод сола-сола қоча бошладим. Тошлар ёмғири эса барибир менга етиб олар, ит азобини беришдан тийилмасди.

Шу қочиш асносида қайсидир очиқ гўрга тушиб кетдим ва дарров кўз ўнгимни зулмат қоплади.

Товушлар, қичқириқлар, ҳақоратлар, тошлар ёмғири тинди.

Аниқ ҳис этдим.

Мени номаълум, кўринмас қудрат эгаси судраклаганча зулмат қаърига, янада ичкарироққа олиб кетди…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (2-қисм) (мистика)