Озодалик, орасталик, кўркамлик ҳар қандай аёлу қизнинг зийнати. Бироқ янги минг йиллик остонасида, яъни ўтган асрнинг иккинчи ярмидан сўнг дунё хотин-қизлари ўртасида “сунъий гўзаллик васвасаси” деган хасталик пайдо бўлди ва у тезлик билан бутун дунёга тарқалиб, қиз-жувонларнинг онгига чуқур ўрнаша бошлади. Бугунги кунга келиб бу хасталик дунёнинг энг чекка ҳудудларидаги қизу жувонларни ҳам ўз домига тортиб улгурди. Энг ачинарлиси, “сунъий гўзаллик васвасаси”ни юзага келтираётган саноат мезонлари билан аёл гўзаллигига баҳо бериш аксарият йигитлар ва эркаклар онгига ҳам чуқур ўрнашмоқда.
Аслида Аллоҳ таоло ҳар бир бандасини, айниқса, аёл зотини гўзал қилиб яратган. Кимдир жозибали, кимдир жуда истарали, латофатли, дилбар, зебо, қошлари пайваста, кўзлари юлдуздек чақноқ... Хуллас ҳар бир аёлнинг Аллоҳ тарафидан ато этилган ўзига хос табиий чиройи, кўркамлиги бор. Бироқ Аллоҳнинг ато этганидан кўнгли тўлмаётган, бунга ношукрлик қилиб, юзи-қошу кўзини ўзгартириш учун қайта-қайта косметик муолажалар, уколлар олишдан ва ҳатто жарроҳлик столига ётишдан-да ўзларини тия олмаётган қиз-жувонлар сафи ортиб бормоқда. Бироқ уларнинг ҳеч бири бу ишлар аёлни икки дунё ҳалокати сари етакловчи омиллардан бири эканини ўйламаяпти!
“Кўзгу, кўзгу айт менга ким ҳаммадан чиройли?”
Беҳуда ишларга ҳавас кучайган замон олимлари ҳам беҳуда тадқиқотлар билан чалғиб яшар экан. Австралиялик олимлар, хотин-қизларнинг ўз ташқи қиёфасига муносабатини ўрганишганида ер куррасидаги аёлларнинг тенг ярми ўз чиройидан норози эканлиги маълум бўлган. 10 ёшгача бўлган қизалоқларнинг 81 фоизи ўзларини гўзал деб ҳисобласа, балоғат ёшига етган 57 фоиз қизлар ўзининг ташқи қиёфасидан кўнгли тўлмаслигини эътироф этишган.
Ижтимоий сўровномалар натижасида дунё аёлларнинг 40 фоизи юз-кўзини, 24 фоизи кўкрак қисмини ўзгартириш, 36 фоизи қорнидаги ортиқча ёғларни кетказиш учун жарроҳлик операцияларига рози эканини билдиришган. Тирноқ устига тирноқ, киприк устига киприк ўрнатишларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Дунё аёлларининг деярли 70 фоизи татуаж орқали қоши ва лабини ҳам ўзгартириб улгурди. Афсуски, уларнинг орасида мусулмон ота, муслима оналарнинг қизлари ҳам бор... Пластик жарроҳлик столига ётиш, ўз қиёфасини ўзгартириш учун миллион-миллион доллар пулларини ҳамда Аллоҳ тарафидан бебаҳо неъмат сифатида ато этилган умрининг энг азиз дақиқаларини ҳавога совураётганларнинг 80 фоизи ҳам афсуски аёллардир.
Саломат бўлиш учун эмас, қайси йўл билан бўлса-да озиш учун (!) турли парҳезлар, машғулотлар ўйлаб топилди. Узлуксиз оч юриш, нотўғри парҳез, ортиқча жисмоний юкламалар оқибатида саломатлигида тиклаб бўлмас муаммолар юзага келган, ногирон бўлиб қолаётганлар, нотўғри пластик жарроҳлиги муолажалари сабаб қиёфаси қўрқинчли тусга кираётганлар сони йилдан йилга ортиб бораётган бўлса-да, бу ҳалокатлар аёлларни “сунъий гўзалликка интилиш васвасаси”дан халос этолмаяпти.
Социологларнинг яна бир тадқиқотига кўра 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган қизалоқлар ҳар куни 7 дақиқа вақтини, 10-15 ёшдагилар эса кунига ярим соатни, 15-20 ёшдаги қизлар ҳар куни кам деганда 30-40 дақиқани кўзгу олдида ўтказишар экан. 20 ёшдан кейин эса қиз-жувонлар кунига бир соат ўзларини кўзгуга солишармиш.
Бироқ 60 ёшдан кейин бу ҳолат аста камайиб борар экан. Соғлом фикрли кекса аёллар кунига 10 дақиқа ойнага қараши мумкин, бироқ қаришдан қўрқиб, турли гўзаллик муолажаларига ружу қўйганлар 60 ёшдан кейин ҳам ҳар куни бир соат ойнага термилишдан тийила олмайди.
Агар ҳисоблаб кўрилса, бир аёл ўртача ҳаёти давомида 7 минг соат вақтини, яъни умрининг 10 ойини ойнага термилиб (!)ўтказар экан.
Профессионал пардозчилар, сартарошларга мурожаат қилганлар эса ҳар бир муолажа учун бир соатдан уч соатгача вақт сарфлайди. Тўй-тантаналарга қилинадиган пардозлар камида 3-5 соат вақтни олиши эндиликда ҳаммага маълум.
“Гўзаллик салонлари”да сочни турмаклатиш, кестириш, бўятиш, оёқ-қўл тирноқларига, қошу киприклар ва юзга оро бериш муолажаларига сарфланадиган вақтлар қўшилса, “бир-икки соат чиройли бўлиш учун” аёллар ва қизлар умрининг қанчасини ҳавога совураётгани ойдинлашади.
“Гўзаллик пойгаси”да ғолиблар бўлмайди
Натижада асл вазифаси – оналик ва тарбиячиликдан чалғиб, фақат ўзига маҳлиё бўлаётганлар, замондошлари, тенгқурлари билан “гўзаллик пойгаси”га умрини бахш этаётганлар сони ортмоқда.
“Ҳомиладор бўлиш, фарзандни дунёга келтириш ва эмизиб вояга етказиш аёллар қоматини бузади”, деган ақида аллақачон милионлаб хотин-қизлар онгига сингдириб юборилган. Натижада ривожланган мамлакатларда аксарият аёллар она бўлишдан бош тортмоқда. Фарзандни дунёга келтираётганлар эса унга эътибор ва меҳр бериш, ғамхўрлик қилиш ўрнига ўз қомати ва қиёфаси ҳақида қайғурмоқда. Юз-кўзларини пардозлаш, қош чиздириш, татуж, лабини шишириувчи уколлар қабул қилиш каби муқаддас динимизда таъқиқланган амалларга ружу қўяётганлар афсуски, ҳамюртларимиз орасида ҳам тез-тез учрамоқда.
“Гўзаллик салон”ларида бугун навбат кутаётган жувонларнинг аксарияти ёш оналар экани, айримлари ҳатто боласини уйда ёлғиз қолдириб чиқаётгани ҳам сир эмас. Бундай аёлларга танбеҳ берсангиз, “Нима энди боламни деб ўзимга қармаслигим керакми”, деб ўзларини оқлашга уринишади.
Афсуски, бу “гўзаллик пойгаси”да ғолиблар бўлмайди. Чунки бу пойга аёлнинг энг улуғ мақоми оналикка путур етказади.
– Аёл ораста бўлиши, ҳар доим покиза кийиниши, айниқса боалалик бўлганидан кейин озодаликка қаттиқ эътибор бериши керак, – дейди икки келиннинг қайнонаси Анорхон Нишонова.
– Бироқ ҳар хил пардоз бўёқларни юзига чаплаб, ювилмаган қўли билан болани овқатлантириш, пардозли юзини боланинг юзига, лабларига яқинлаштириб уни эркалаш менимча, мутлақо нотўғри. Аёл она бўлдими, энди у энг аввало фарзанди камолини, унга дину диёнатдан сабоқ беришни ўйлаши керак.
Аслида “сунъий гўзаллик” тарғиботи замирида хотин-қизларни пардоз воситалари ва муолажалари технологияларига қизиқтириш, турли рекламалар ва тарғибот усуллари орқали “гўзаллик васвасаси” хасталигини авж олдириш ва “гўзаллик саноатини” янада ривожлантириб, мўмай пул топиш мақсади ётганини англаб етаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.
Аёл ўзининг асл вазифаси – оналик, солиҳа аёллик ва Аллоҳга ибодат қилиш эканини англаган кунидан бошлаб, кўнглидаги ҳар қандай ҳавойи интилишни бир меъёрда ушлаб туриш қудратига ҳам эга. Бу қудрат ҳам унга Аллоҳ таоло тарафидан ато этилган буюк неъматдир. Аёллар ана шу қудратга таянсагина гўзаллигини асраган ҳолда ўзини ҳам оиласини ҳам фарзандларини ҳам чиройли келажак сари етаклаб бора олади.
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди