15:26 / 09.02.2019
17 215

“Биби сешанба” ва “Мушкулкушод” Исломда борми?

“Биби сешанба” ва “Мушкулкушод” Исломда борми?
Сўнгги вақтларда аёллар орасида “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби маросимларни тез-тез ўтказиш одат тусига кирган. Баъзан ушбу маросимларда истасак-истамасак қатнашишга ҳам тўғри келиб қоляпти. Яқинда бир суҳбатдошим: “Онам уйда мушкул кушод қиламан, деяпти. Бу маросимни ўтказиш шариатимизда йўқлигини тушунтирмоқчи бўляпману, улар мени эшитишни ҳам хоҳламаяптилар, қандайдир адабиётларни менга асос қилиб кўрсатишга ҳаракат қиляптилар”, деб қолди. Унинг айтишича, бу маросим учун қўни-қўшнилар, қариндошлар уйга чақирилиб, дастурхон ёзилар, ис чиқариш учун деб турли таомлар, масалан, чалпак, бўғирсоқ, ҳолвалар пиширилар ва уларга Қуръон тиловат қилинаркан. Маросим сўнгида эса ҳар бир келганларга дастурхондан еган нарсаларидан қолганларини тугунча қилиб бериларкан...

Хўш, суҳбатдошимнинг онаси айтганидек, ушбу маросимлар ҳақида адабиётлар мавжудми? “Биби сешанба” ўзи ким? Маросимларда қилинаётган амаллар шариатимизда жоизми?

“Биби сешанба” ким?
Турли маросимлар учун асос бўлаётган адабиётлардан бири “Қиссаи Биби Сешанба” ҳақидаги китобдир.Ундаги қиссага кўра, бир етим қиз ўгай она қўлида хорлик тортар экан. Онаси ҳар куни қизнинг қўлига пахта бериб, “Пахтани йигириб, сигирни ўтлатиб кел!” дер экан. Ип йигирмай келган кун ўгай она қизга кўп азоб-уқубатлар берар экан. Бир куни қиз сигирини олиб, пахтани йигириш учун кетаётганда сигир қочиб бир ғорга кириб кетади. Қиз ҳам сигирини кетидан ғорга кирган эди, у ерда бир аёлга кўзи тушади. Қиз салом бериб киради. Биби саломига алик олиб, аҳволини сўрайди. Қиз маъюслик билан аҳволини гапириб беради. Шунда Биби “Мен сени дуо қиламан, мушкулларинг енгиллашади, сен эса мени йўқлаб тургин” деб тайинлайди. Қиз тез-тез келиб йўқлаб туради. Кунлардан бир у қиз яшайдиган шаҳар катталаридан бирининг тўйига бормоқчи бўлганда Биби жаннатга қўл узатиб жаннатдан кийим-кечаклар олиб берибди. Қиз тўйда ўгай онасини кўриб қолиб, у ердан чиққанда кавуши тушиб қолади, кавушини топиб олган тўй хонадони ўғли кимга бу кавуш тўғри келса, унга уйланишини айтади. Хуллас ковуш қизга тўғри келади ва қизга уйланади. Биби қизга васият қилиб: “Меҳнатинг роҳатга, машаққатинг давлатга айланди, Мени ҳаққимга таом қилиб, бу қиссани баён қилиб тур деб тайинлайди.

Ушбу қисса машҳур “Зумрад ва Қиммат” ёки “Золушка” эртакларини эслатади. “Қиссаи Биби Сешанба” шу эртаклар асосида тўқиб чиқарилган бўлиши мумкин.

“Мушкулкушод” мушкулларни осон қиладими?
“Биби мушкулкушод”, яъни мушкулларни кушойиш қилувчи аёл ҳақидаги қиссада келтирилишича, ўтин йиғиб юрган чол ўроғини қидириб, Биби Мушкулкушод яшайдиган ғорга кириб боради. Шунда Биби Мушкулкушод чолга унга атаб ҳар чоршанба куни зиёфат ўтказса, ўроғи топилишини ва бунданда кўпроқ ўтин йиғиши мумкинлигини айтади. Чол бу талабни бажаради ва иши юришиб кетади. Чол эҳтиётсизлик қилиб бир сафар чоршанбани ўтказиб юборади ва яна оғир аҳволга тушиб қолади. Хатосини тузатгач, яна иши яхшиланиб кетади.

Биби Мушкулкушод қиссасидаги Биби - Баҳоуддин Нақшбанднинг холалари деб келтирилган.

Тарихий манбаларда нима дейилади?
Бир неча тарихий манбаларда қайд этилишича, “Биби сешанба” келиб чиқиш моҳиятига кўра, маъбуда рамзи бўлиб, унинг илдизи Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқда Ислом дини келгунига қадар кенг ёйилган маъбуда Анахита (Ноҳид)га бориб тақалади. Анахита деҳқончилик ва чорвачилик, ҳосилдорлик ва пишиқчилик маъбудаси ҳисобланиб, гўё унинг қудратига инсон ва ҳайвонлар, қушлар ва барча жониворлар ҳам бўйсунган, деб ҳисобланар эди. Шу тариқау “Биби мушкул кушод”, яъни кишини ҳар қандай мушкулдан халос этувчи Она образига айланган.

Бошқа бир манбада келтиришича, маросим кўпгина турк халқлари орасида кенг тарқалган. Туркистон ҳудудларида Биби Сешанба, Туркияда Пайшанба қари (Пейшенбе-кары) ёки Паршамба пари, Эронда Биби-ҳур ва Биби Нур, Афғонистонда Биби Рисинда, Биби Чархи, уйғурларда эса Сешамба Биби деб аталган.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Биби Сешанба (Сешанба она) маросими сешанба кунлари отинойи бошчилигида ўтказилади. Ўзбек ва тожик халқларида Биби Сешанба оилавий бахт, тикувчи ва йигирувчи аёллар ҳомийси рамзидир. Одатга кўра, маросим турмушга чиқмаган қизи бор хонадонларда аёллар томонидан ўтказилган. Бунда албатта умоч оши (хамир овқат), 7 та чалпак (ёғда пишириладиган юпқа нон), 7 та оби нон, суюқ ва қуюқ таомлар пиширилган. Шунингдек, 2 та шамдан ҳам фойдаланилган.

Маросимга қадар хонадоннинг тўрт бурчагига ликопчaга ун солиб қўйилган. Баъзи ҳудудларда хамир райҳон солинган сувдан тайёрланган. Бу биринчидан, райҳон жаннат ўсимлиги деб ҳисоблангани билан, иккинчидан, таомга хушбўй ҳид бериши билан боғланган.

Маросимнинг асосий рамзларидан бири супра ҳисобланган. Супрада ун элаш билан боғлиқ турли одатлар бажарилган. Бундай маросимларда хонадон эркаклари иштирок этмайди. Иштирок этувчи аёллар сони чегараланмаган. Отинойга оқ рўмолча, ширинликлар, пул совға қилинган.

Мушкулкушод – бидъат!
Фотима Ҳабибуллоҳ қизи, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи:
— Мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларида яшовчи аҳоли орасида “Мушкулкушод” ва “Биби Сешанба” маросимлари сақланиб қолган. Бу маросимлар бидъат маросимлардан бўлиб, аёлларнинг хурофий тасаввурларидан келиб чиққан одатлардир.

Маросимлар асосан, аёллар орасида мушкулни осон қилиш мақсадида, иш юришмай қолса, қиз ёки йигитга тенги топилмай қолганда, ҳомиладор аёлларнинг эсон-омон қутилиб олишлари учун етти чоршанба мушкул кушод ўқитилади. “Мушкулкушод” ўқитишда бу маросимни қилувчи аёл (яъни мушкулини осон қилувчи аёл) нон, майиз, қанд, чой ва бошқа нарсаларга дам уриб беради. Дам солинган чойни дамлаганда қайтариб бўлмайди, дами кетади, деб ҳам нотўғри эътиқод қилинади.

Бундай бидъат ва хурофотларни эл орасида тарқатишда фолбинлар ҳам етакчилик қилишади. “Мушкулларингизни бартараф қилиш учун, албатта мушкулкушод қилдириб юборинг”, деган қуруқ сафсата билан бошига мушкул иш тушган мижозларига тавсия беради.

“Мушкулкушод” сўзи “қийинчиликларни очувчи”, “муаммоларни бартараф этувчи” маъносини англатади. Омма хотин-қизлар тасаввурида Мушкулкушод одамлар мушкулини осон қилувчи, муаммоларини бартараф этувчи, бахт, омад ва бойлик келтирувчи авлиё хотиндир.

“Мушкулкушод” маросими ҳалигача ўзбек халқи орасида сақланиб келмоқда ва бу “исломий маросим” деган номда нишонланади. Аслида унинг Ислом билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Баъзи содда аёллар мушкулкушод маросимида Қуръон ўқилади, ҳадис айтилади, деб ўзларига тасалли бермасинлар. Сабаби,бу номига қилинадиган ишлар. Аслида маросимнинг асосини руҳлардан мадад сўраш, фолбинлик қилиш, туморларга дам солиш, иссиқ-совуқ қилиш каби мардуд амаллар ташкил қилади.

Аллоҳ инсонларга берган энг буюк неъматлар ичида бу ақлдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бирон бир ишни қилишдан олдин тафаккур қилинса, фойдадан ҳоли эмас. Қўлимизга тушган ҳар қандай китобларни кўр-кўрона ўқиб кетавериш эмас, балки китоб мазмун моҳиятини чуқур англаб, уқиш лозим. Аллоҳ таоло ирода этган ишни дунёда ҳеч бир куч Ўзининг изнисиз бартараф этолмайди.

“Биби сешанба”, “Биби Мушкулкушод” каби бидъатлар шариатда йўқ маросимлар бўлиб, булар ширк амаллардан эканлигини англаб етишимиз керак. Табиийки, ҳар бир инсон синовга учраганда, уни бартараф этиш йўлларини ахтара бошлайди. Инсон бошига оғир мусибат, мушкул иш тушганда буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қазойи-қадаридан, Ўзининг иродасидан деб билиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадиси шарифлар асосида, Қуръони Карим оятларидан ўқиб, саловотлар айтиб, Аллоҳ таолодан мушкулини осон қилишни сўрамоғи лозим.
Муниса АЛИЕВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Биби сешанба” ва “Мушкулкушод” Исломда борми?