Инсон саломатлигида сувнинг аҳамияти беқиёс экани кўп марта таъкидланса-да, янги тадқиқот унинг стрессга жавоб бериш жараёнида қай даражада ҳал қилувчи ўрин тутишини яна бир бор намоён қилди. American Journal of Physiology-Endocrinology and Metabolism журналида эълон қилинган илмий хулосаларга кўра, кунлик сув истеъмоли миқдори инсон организмида гормонал ўзгаришларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин.
Тажриба жараёнида 32 нафар ихтиёрий иштирокчилар икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ вакиллари кунига ўртача 1,3 литр сув ичиш билан чекланишди, иккинчи гуруҳ эса 4 литрдан ортиқ суюқлик истеъмол қилди. Иккала гуруҳга ҳам стандарт стресс тестлари қўлланилганда, камроқ сув ичган иштирокчиларда стресс гормони сифатида танилган кортизолнинг кўтарилиши анча юқори қайд этилди. Шу билан бирга, кўпроқ сув ичганларда бу кўрсаткич сезиларли даражада паст бўлган.
Олимлар бундай ҳолатни субоптимал гидрация — яъни организмнинг етарли сув билан таъминланмаганлиги — эндокрин тизимнинг реакциясига салбий таъсир кўрсатиши билан изоҳлашмоқда. Уларга кўра, сув танқислиги кўпинча кам баҳоланади, бироқ у узоқ муддатли саломатлик хавфларини оширувчи омил сифатида катта аҳамиятга эга.
Тадқиқот муаллифлари етарлича сув ичишнинг афзалликларини алоҳида қайд этар экан, бу ҳолат нафақат умумий соғлиқни, балки инсоннинг психофизиологик барқарорлигини ҳам таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Яъни, оддий сув танқислиги ҳам стрессга нисбатан жавоб реакциясини кучайтиради ва инсонни ортиқча руҳий босим остида қолдиради.
Шу боис, мутахассислар ҳар куни етарли даражада суюқлик қабул қилишни тавсия этмоқда. Чунки сув ичиш орқали нафақат стресснинг таъсирини юмшатиш, балки умумий ҳаётий фаолиятни барқарорлаштириш мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!