Инсон ҳаётнинг турли босқичларида ўзига хос муаммоларга дуч келади ва шароитга, мавқеи, заковати, иқтисодий ҳолатига мослаб, уларни ҳал қилади.
Масалан, уйланиш, турмушга чиқиш, фарзанд тарбияси, мартабага эришиш, уй-жойли бўлиш, бу ёғи невара-чевара, хуллас, булар ҳаммамизнинг ҳаёт йўлимиздаги босқичлар.
Баъзан оила бекаси вафот этиб, хонадон ташвиши эр зиммасига тушади. Ўйлаб кўрсангиз, бу жуда нозик ҳолат. Эркак — ҳарқалай, эркак-да, кўча одами. Хонадонда аёл ўрнини эркак эплай олмас экан.
Болаликдан бирга ўсган дўстим бор. Нафақага чиққан, фарзандларидан қутулган, ўзига яраша эрмаги бор — товуқ боқади, эски машинасини ҳар замонда кўчага олиб чиқади. Бекор қолса, китоб ўқийди, чойхонага чиқади. Вақтини бошқа нафақахўрлар каби ўтказади.
Аёли тўсатдан бетоб бўлиб, ҳаётдан кўз юмгач, унинг турмуш тарзи бутунлай ўзгариб кетди. Нима бўлса, кампири билан ҳал қиладиган одам довдираб қолар экан. Гарчи ёлғиз қолмаслиги учун ёнида доим неваралари бирга бўлишса ҳам, ҳеч нима татимас экан. Илгари ҳазилкаш, некбин, серғайрат дўстим камгап, ҳорғин, зардали бўлиб қолди. Қарилик-да, дейиш мумкин. Ҳаммамизда «қайғу кишини не кўйларга солиши мумкин», деган хаёл бор эди. Бир кун дўстим ёрилиб, дилидагини менга очди.
— Ярим кечагача телевизор кўраман. Уйқу келмайди. Бирор фикр кўнгилга келса, кимга айтишни билмай қолар экансан. Илгари туш кўрсам, дарров хотинимни уйғотиб, унга айтиб, ўзимизча таъбир қилардик. Бир биримизга доим кўз-қулоқ бўлардик. Энди бўлса... Ёлғизлик одамни довдиратиб қўяр экан. Ҳеч нима ёқмай қолган. Болалар ўз уйида, неваралар донг қотиб ухлашади. Худога шукр, қорним тўқ, устим бут, ташвишларим йўқ. Аммо ёлғизлик ҳам қаттиқ жазо экан...
Дўстимнинг ҳолатини тушунгандек бўлдим. Гап орасида унга уйланишни маслаҳат бердим.
— Қаёқдаги гапларни айтасиз? Менга, аввало, ким тегади? Энг муҳими, болалар бунга қандай қарайди? Янги она бу уйда ўзини қандай ҳис қилади? Унинг бола-чақаси нима дейди? Борди-ю, кимдир менга турмушга чиқишга рози бўлди ҳам, дейлик. Унинг ҳам бирор умиди бордир, кўнглини ола оламанми? Унда оғирлик менга тушади. Бу кунимдан ҳам қийинроқ аҳволга тушмайманми?
Дўстимнинг кўнглида шунча ҳадик йиғилиб қолган экан, мен бу ёғини ўйламаган эканман.
Шундан сўнг дўстимнинг укаси, сингиллари билан фикрлашдим. Улар ҳам бу муаммога тайёр эмас экан. Фарзандлар эса отасини уйлантириб қўйиш масаласига батамом қарши эканини айтишди.
— Дадамга нима етмаяпти? Нима керак бўлса, муҳайё қиламиз. Бирор енгил иш билан овунмоқчи бўлсалар, ташкил қилиб берамиз. Товуқларни кўпайтириб берайликми? Той боқадиларми? Тўртта қўзичоқ олиб берайликми? Дала-ҳовлига бориб, ҳовуз бўйида дам олса, меваларга қараб, кўнгиллари очилармиди? Улфатларини чақирсинлар, биз кутиб оламиз, — деди тўнғичи.
— Неваралар билан маза қилиб юрмайдиларми? Қани энди менда шунақа имконият бўлса. Қайси аёл кела солиб, бизга оналик қила олади? Бизнинг онамиз ўлиб кетган! — гапни чўрт кесди яна бири.
— Дадамнинг нафақаси ўзига. Харажатини биз кўтарамиз. Чойхонага чиқиб, ошхўрлик қилсин. Уйда ҳамма нарса айтганидек бўлади. Зерикса, қариндошларникига борсин, ярим йилда бир бор айланиб чиқади. Янги хотин олиб бериш — мутлақо нотўғри фикр, — дея очиқ қаршилигини билдирди кенжатой.
Дўстимнинг куюнганича бор экан. Мен бироз вақт ўтказиб, улар билан кейинроқ бафуржа гаплашишга қарор қилдим.
Мен бир одам мисолида гапиряпман. Орамизда бундайлар анчагина. Бу борада мен аёлларни ҳам шу гуруҳга қўшаман. Баъзи аёллар ёлғиз қизи билан қолган. Вақти-соати билан қизи турмушга чиқса, аёл ёлғиз қолиши керакми? Неваралар қачон келади деб, эшик пойлаб умрини ўтказадими?
Тиббиётга оид статистик маълумотларга қараганда, оила қурганлар бошқалардан ўртача саккиз — ўн йил узоқроқ умр кўраркан.
Ёлғизлик — оғир. Кўпинча бундай ҳолатни тақдир деймиз. Кексаликда эркак ва аёлнинг бир-бирини топиши, турмушга чиқиш имконияти жуда қийин бўлади. Минг хил истиҳола қилинади. Ўзбекчилик менталитети кучли. Аммо уйланиш ва янги турмушга чиқиш имконияти бўлиб қолса-чи? Бу ишни уларнинг қариндошлари, дўстлари, дугоналари, кейин, албатта, фарзандлари амалга ошириши керак. Бу улар учун қиёматли бурч бўлиши лозим! Бу билан уларнинг ҳаёт тарзи ўзгариб, умри узайишига сабаб бўлади.
Анвар ТОЖИЕВ
Манба: Od-press.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”