Жазоир.
– Хавотирланма, хотин. Мен, албатта, қайтаман. Бу шунчаки англашилмовчилик…
Уни олиб кетишди.
Хотин эса ағдар-тўнтар бўлиб ётган уйни йиғиштиришга тушди.
Шундан сўнг аёл эрини интизорлик билан кута бошлади.
Кунлар, ойлар ўтди. Биринчи қишдан чиқиш анча қийин кечди. Эри ташлаб кетган озгина пулнинг ҳам таги кўринди. Ўғлининг иштаҳаси жуда яхши эди. Аллоҳга шукурки, йигитча анча бақувват чиқди. “Ўғлимга кўз тегмаса бўлгани”, – она ичида ўз-ўзига такрорларди.
У сабрли эди. Ахир, эри унга кетишидан аввал: “Қайтаман…” демаганмиди? Бекорга бундай демайди-ку. Эри ҳеч қачон ҳеч кимни алдамас эди. Уни ростгўйлиги учун ҳам қўшнилари ҳурмат қилишарди.
У эрини соат санаб кута бошлади. Эрини олиб кетишга ҳеч қандай асос йўқ эди. Ҳатто энг ҳасадгўй қўшнилар ҳам, ҳеч кимга гап бермайдиган, ҳаммомда учрашиб қолишсада доим фисқу фасод гап сотадиган, ўтакетган ғийбатчи хотинлар ҳам бу одам ҳақида ҳурмат билан гапиришарди.
Албатта, у тез орада қайтиб келади…
Иккинчи қиш яна ҳам оғир келди. Аёл бирин-кетин зеб-зийнатларини сота бошлади, ҳар бир буюми билан юрагининг бир парчаси қўшилиб кетганга ўхшарди. Чунки бу тақинчоқларни эри ҳаётининг энг бахтли кунларида: никоҳ тўйларида, суюкли ўғли туғилганида совға қилганди. Аёл ҳам бу қимматбаҳо буюмларни фарзандининг тўйига асраб қўйганди. Бироқ нима ҳам қила оларди, ахир, яшаш керак! Ўғли ҳам катта бўлиб қолди, ўқишини ташламаслиги лозим. Тағин унга китоб сотиб олиш керак.
Тез орада эри қайтиб келади ва ҳаммаси ўз ўрнига тушади, яна тақинчоқлар олиб беради. Олиб бермаса ҳам майли, ўйлаб қараса, зеб-зийнатсиз ҳам бемалол бахтли яшаса бўлади. “Мендайин қари аёлни безак яшартира олмайди.”, деб ўз-ўзига таскин беради.
У чидам билан кутарди. Баъзида эшикни кимдир оҳиста тақиллатгандай бўлар, шунда аёлнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзарди. Чунки фақат эригина шундай эшик қоқарди. Бироқ у ҳар сафар янглишар, бу бошқа биров бўлиб чиқарди. Нега эри бунчалик ҳаяллаб қолди экан? Ҳарчанд ўйласа ҳам сабабини топа олмасди.
Уйи унинг учун бутун бир олам эди. Ҳаммомга борса хотинлар билан лақиллаб қолиб кетмас, дўконга кирса, шошиб харид қилганча чиқиб кетарди. Таниш-билишлари эса бармоқ билан санагулик эди.
“Тартибли аёл оиласи ва уйига қараши керак!”, – эри доимо шундай дерди ва у ҳақ эди. Хотини эса миқ этмай унга итоат қиларди…
Биринчидан, саводи йўқ, иккинчидан, ўғли ярим тунгача эшитадиган радиодан нимани гапиришаётганининг фарқига бормасди.
Кейинги қишда ўғли ҳам кетди. Она ҳеч нарсани билмасди. Қаёқдан ҳам билсин?
Охирги пайтларда ўғли ўзгариб қолди: ўртоқлари билан учрашмас, аввалгидек кулмасди (авваллари ўғли доимо онасининг кўнглини кўтариш учун ҳазил қиларди), онаси тайёрлаган мазали таомларга базўр қўл урарди.
Ўғли хонасида ўтириб, радио тинглар ва мутолаа қиларди; газеталарнинг шитирлаши қулоққа чалинарди. “Ўғлимга нимадир бўлди, – ўйларди она, – балки, севиб қолгандир? Ростдан ҳам, балоғатга етиб қолди, тезроқ уйлантириш керак…” Она шундай ўй билан уйқуга кетар, тушига невараларига энагалик қилаётгани кирарди.
Бир куни ўғли уйга турли егуликлар билан қайтди. Ўзида йўқ хурсанд эди.
– Китобларимни сотдим, – деди у, – энди уларнинг менга кераги йўқ. Ўқишни ташладим…
Она ўғлини бироз койиди. Ахир китоблар унинг учун қанчалик қадрли эди-да. Кейин овқат тайёрлашга тутинди. У шундай бахтиёр эдики, ҳатто бир зумгагина эрини ёдидан чиқарди!
Анчадан бери бундай лаззатли таомни татиб кўришмаганди. Овқатдан сўнг ўғил онасидан чой дамлаб беришини ва у билан бирга ўтиришини сўради. Она ўғли маҳбубаси ҳақида гапирса керак, деб ўйлади. Негаки фақат севиб қолган ўсмиргина шундай жиддий бўлиб қолади, севган кишининггина кўзлари шундай чақнайди…
Ўғлининг гапларидан унинг юраги қинидан чиққудек бўлди. У жимгина тингларди. Йўқ, тўғрироғи, ўғлининг оғзига шунчаки термулиб турарди. Чунки бу оғиздан чиқаётган сўзлар гўё анҳорга қуйилаётган тошқиндай нотаниш ва бегона эди.
– Тушунинг, ойи, шундай қилиш керак. Озодлик… Жазоир мустақиллиги…
Ўғил завқ-шавқ билан тўхтовсиз гапирар, тушунтиргандек бўларди. Аёл уни сира бундай ҳолатда кўрмаганди.
– Тушунинг, ойи. Ватан мустамлакачиликдан қутулиши керак. Агар отам ҳозир шу ерда бўлганида бизга қўшилган бўларди.
Лекин она бу нарсаларни тушунишга қодир эмасди.
Кўнгли чилпарчин бўлган бир алфозда ўйга толарди: отаси қайтсагина ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Эҳ, фақат тезроқ қайта қолсайди! Қулоқларида эрининг хотиржам товуши ҳамон янграрди: “Хавотирланма, мен қайтаман”. Ахир, шундай деганидан кейин…
Эрталаб, одатдагидек, ўғлига қаҳва олиб кирди. Хона бўм-бўш эди. Онанинг кўнгли чил-чил бўлди. Эри, фарзандини интиқ кутаётган ёлғиз она учун энди кунлар бир-бирига ўхшайди: совуқ, рангсиз, бўм-бўш…
У доим ўғлига атаб бирор бир ширинлик олиб қўяр, унга қандай таом тайёрласам экан, дея ўйланиб қоларди. “Бугун кечаси, албатта, уйга қайтади”, – дерди ўзига ўзи дастурхон тузаётган маҳали ёки ўчоқ бошида куймаланаётиб. Аммо тайёрлаган таомлари қандай қўйган бўлса, шундайича қолиб кетарди.
Бегона кишиларникида хизмат қилишга, кир ювишга, супур-сидир қилишга тўғри келди. Барибир тирикчилик қилиш керак, ахир, битта ўзи бўлса-да, жиғилдонини тикиб қўйиб бўлмайди-ку.
Шу зайлда яшашда давом этди, гўё соядек, жимгина. Йиллар эса бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнарди. Гоҳо қулоғига узуқ-юлуқ гап-сўзлар чалиниб қоларди: “Бечора… ёлғиз қолди… ўйлаб кўргин, ахир, эри ҳам, ўғли ҳам… улардан бирон бир хабар йўқ…”.
У кексайиб, кучдан қолди. Кечалари исиниш учун қимир этмай ўчоқ ёнида ўтирар, қалбида биргина милтиллаб турган кучсиз умид уни ҳаётга боғлаб турган илинж эди: у ҳануз эри ва ўғлининг қайтишини кутар, агар шу умид бўлмаганида, ҳаёт унинг учун ўз маънисини йўқотган бўларди.
Бир тонг шаҳар аҳолиси ҳаяжон билан уйғонди. Пастак томлардан аёлларнинг шод-хуррам қийқириқлари янгради. Тинмай куйлаб, бутун шаҳарни бошларига кўтаришди. Ҳар ёқдан оломоннинг: “Улар қайтишди! Бизнинг жасур қаҳрамонларимиз! Яшасин, озод Жазоир! Аллоҳ шаҳидларни раҳматига олсин!..” деган хитоблари эшитилди.
Кейин ҳаммаси сув қуйгандек тинчиди.
… Яна кумуш қиш оппоқ тўшагини ёйди. Энди у аёл эмас, кўзлари хиралашган, серажин кампир эди. У ҳамон кутарди.
Оналар доим кутишади. Оналарнинг қисмати шундай. Кутишдан чарчайдиган она топилармикин?!
Қулоқлари остида ҳануз эрининг овози жаранглайди. Ўғлига насиҳат қилаётганлари ёдида: “Кўчада бошингни тик кўтариб юр, бу ернинг асл эгаси сенсан, ўғлим’’. Ўғли эса диққат билан тинглайди. Ахир, оталар доимо ҳақиқатни гапирадилар…
Қайсидир оқшом кўчадан, дераза тагидан кампирнинг қулоғига таниш қадам товушлари чалинди, балки, шундай туюлгандир.
“Бу аниқ икковининг қадам олишлари… мен биламан-ку… Мана, отасининг оғир, бир маромда қадам босиши, мана ўғлимники… Ҳа, албатта, уларники, бошқа кимники ҳам бўлсин! Қодир эгам, ўзингга шукур, ичимдаги ўт сўнай деб қолганди-я…”
– Энди у ғам-андуҳ бўлмайдиган масканда, – дейишди тонгда кампирнинг вафотидан хабар топган қўшнилари. – Ниҳоят, яқинларининг ёнига борадиган бўлди…
Рус тилидан Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади