2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимиз туризм соҳаси яна бир бор ижобий рақамлар билан эътироф этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–июн ойлари оралиғида 783,7 минг нафар хорижий фуқаро Ўзбекистонга туризм мақсадида ташриф буюрган. Бу кўрсаткич, ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда, 255,1 минг нафарга кўп бўлиб, ўсиш суръати 48,3 фоизни ташкил этди.
Туризм бозоридаги рақобат муҳитига қарамасдан, Ўзбекистонга қизиқиш ортиб бораётгани бу рақамлардан яққол кўриниб турибди. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида юртимизга келган сайёҳлар ичида Россия Федерацияси фуқаролари мутлоқ етакчилик қилди — 166,6 минг киши. Уларнинг орқасидан Туркманистон сайёҳлари 123 минг нафар билан иккинчи ўринни эгаллади. Мазкур рейтингда кучли учликни Қозоғистон якунлаб, мамлакатимизга 77,7 минг киши ташриф буюрди.
Шунингдек, Қирғизистондан 71,6 минг, Тожикистондан 49,1 минг, Хитойдан 39,1 минг сайёҳ келгани қайд этилди. Туркиядан келган меҳмонлар сони 29,3 минг нафарни ташкил этган бўлса, Ҳиндистондан 22 минг, Италиядан 18,6 минг ва Жанубий Кореядан 14,9 минг киши Ўзбекистонда меҳмон бўлди.
Туризм соҳаси мутахассисларига кўра, бундай ўсиш бир неча омиллар билан боғлиқ: визасиз режим кенгайиши, йўл инфратузилмасининг яхшиланиши, халқаро реклама кампаниялари ва маданий тадбирларнинг кўпайиши. Шу билан бирга, мамлакатнинг бой тарихи, бетакрор меъморий ёдгорликлари ва миллий ошхонаси ҳам хорижий меҳмонларни ўзига чорлаб турибди.
Мамлакат раҳбарияти томонидан туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган дастурлар амалга оширилиши натижасида, 2025 йил якунида ушбу кўрсаткич янада юқори бўлиши кутилмоқда. Туризм индустрияси вакиллари эса бу йил рекорд кўрсаткичлар қайд этилишидан умидвор.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!