date

Рўзиқул Бердиев: «Ҳужумда совуққонлик етишмади, омад ҳам рақиб томонда бўлди»

Рўзиқул Бердиев: «Ҳужумда совуққонлик етишмади, омад ҳам рақиб томонда бўлди»

Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ва мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотган “Нефтчи” — “Насаф” (1:0) учрашувидан сўнг қашқадарёликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида ўз фикрларини баҳам кўрди.

Тажрибали мураббий аввало ўйин ҳақида сўзлаб, бугунги беллашувда “Нефтчи” жамоаси ҳақиқий қаҳрамонларча ҳаракат қилганини, қаттиқ ва зич ҳимоя услубини қўллаб, шу йўл билан муҳим ғалабани қўлга киритганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Насаф” аъзоларида ташаббус ва ҳужумлар бўлган бўлса-да, айниқса зарба беришдаги совуққонлик ва вазиятларни голга айлантириш маҳорати етишмади.

Бердиев, рақиб майдонда тўлиқ таркиб билан ҳаракат қилган вақтда ҳам, битта ўйинчи кам қолганидан кейин ҳам ташаббус кўпроқ “Насаф”да бўлганини айтди. Бироқ омад охиригача юз ўгиргани учун натижа кутилганидек чиқмади. “Агар ғалаба қозонганимизда, турнир жадвалидаги ҳолатимиз анча яхшиланган бўларди. Футболчиларимизга жиддий эътироз йўқ, аммо ҳужумчиларимиздан кўпроқ аниқлик ва совуққонлик кутигандик”, — деди у. Шу билан бирга, у Зафармуродга нисбатан жарима майдони ичида содир этилган йиқитиш эпизоди ҳақида ҳам эътироз билдирганини қўшимча қилди.

Амалдаги чемпион сифатида нега сўнгги ўйинларда омад юз ўгиргани ҳақидаги саволга Бердиев: “Ўзимиз ҳам бунга бироз ҳайронмиз. Рақиблар бизга қарши қаттиқ ва кўпқаватли ҳимоя тактикаси қўлламоқда, уни ёриб ўтиш эса осон эмас. Ҳатто уйда ‘Андижон’га қарши ўйинда ҳам шу ҳолат такрорланганди. Бу, албатта, ёқимсиз, лекин барчаси ўз қўлимизда. Мавсум давом этяпти ва кейинги ўйинларга жиддий тайёргарлик кўрамиз”, — дея жавоб берди.

Акмал Мозговойнинг жамоани тарк этиши ёрдамчи зонани заифлаштирдими, деган саволга эса мураббий: “Акмалнинг кетиши тарихда қолди. Биз қўлимиздаги футболчилар билан мақсадимиз сари интилишимиз лозим. Сардор ва Мурод ярим ҳимояда унинг йўқлигини билдирмаяпти. Футболда кимдир кетса, бу бошқа бир ўйинчининг очилишига йўл очади. Ёшларимиз борасида умидимиз катта”, — деди.

Бердиев “Нефтчи”нинг кучли жиҳатларини ҳам тилга олди: “Улар асосан ҳимояга таянади. Бугун ҳам шундай бўлди. Бир киши кам қолгач, ҳимояга янада кўпроқ эътибор беришди ва ҳужумда фақат битта ўйинчи қолдириб, қолганлари асосан вақтни ўтказиш ва ҳисобни сақлаш билан банд бўлишди. Бу эса уларга керакли натижани олиб келди”.

Мухлислар учун бу беллашув ва Бердиевнинг сўзлари яна бир бор шуни кўрсатдики, футболда майдондаги маҳорат билан бир қаторда, руҳий тайёргарлик ва омад ҳам катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам “Насаф”нинг кейинги ўйинлардаги ҳаракатлари янада қизиқиш билан кутилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: «Ҳужумда совуққонлик етишмади, омад ҳам рақиб томонда бўлди»