Мутахассислар таъкидлашича, ёши улғайган соғлом инсонлар учун ҳар куни ўртача 7–9 соат уйқу тавсия этилади. Бироқ турли илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёллар, одатда, эркакларга нисбатан бироз кўпроқ ухлайди.
Бу ҳолат аёллар шунчаки хоҳлагани ёки кўп ухлаш одатини шакллантиргани учун эмас. Уйқудаги бундай тафовут турли физиологик омиллар, организмнинг ички хусусиятлари ва турмуш тарзига боғлиқ.
Аёлларга кўпроқ уйқу зарур бўлишининг асосий сабаблари
Биринчидан, гормонал ўзгаришлар. Аёллар организмидаги айрим гормонлар уйқу эҳтиёжига бевосита таъсир кўрсатади. Улар инсоннинг “биологик соат”и сифатида машҳур бўлган сиркад ритмларини бошқаради ва кун-тунинг алмашишига мос равишда уйқу жараёнини тартибга солади.
Иккинчидан, уйқу билан боғлиқ хасталиклар хавфи. Аёллар эркакларга нисбатан уйқусизлик, безовта оёқлар синдроми ёки сифатли уйқу етишмаслиги каби муаммоларга кўпроқ дуч келади. Бу эса организмда сурункали чарчоқ йиғилишига сабаб бўлади. Мутахассислар фикрича, бундай ҳолат кўпинча икки жинс ўртасидаги руҳий ҳолат ва эмоционал реакциялардаги фарқ билан изоҳланади.
Учинчидан, руҳий саломатлик омиллари. Аёлларда депрессия, хавотир ва айрим руҳий касалликлар учраш эҳтимоли юқори. Бу ҳам уйқунинг бузилишига ва дам олиш эҳтиёжининг ортишига олиб келиши мумкин.
Тўртинчидан, ортиқча юклама. 2021 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳақ тўланмайдиган уй-рўзғор ишларининг 75 фоизи аёллар зиммасида. Бу оила ва яқинлар саломатлиги учун ғамхўрлик қилиш, болаларни тарбиялаш, уй ишларини бажариш каби масъулиятларни ўз ичига олади. Бундай юклама кўпинча стресс ва уйқусизликка сабаб бўлиб, организмнинг тикланиши учун қўшимча уйқу талаб этади.
Етарлича ухлашнинг аҳамияти
Уйқу — бу фақат дам олиш эмас, балки соғлиқни асраш ва организмнинг барқарор ишлаши учун муҳим жараён. У диққат ва хотирани мустаҳкамлайди, стрессни енгишда ёрдам беради, тана вазнини назорат қилишга ва иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
Инсон ухлаётганда юрак фаолияти пасайиб, қон босими ва юрак уриш тезлиги меъёрлашади. Етарли уйқудан маҳрум бўлиш гипертония, юрак ишемик касаллиги, инсульт ва семизлик хавфини оширади.
Бундан ташқари, уйқу гормонлар ишлаб чиқарилишини назорат қилади. Бу гормонлар ўсиш, жинсий етилиш ва моддалар алмашинувига таъсир кўрсатади. Уйқу етишмаслиги эса иштаҳа ва кайфиятга таъсир этувчи моддалар мувозанатини бузиши мумкин.
Уйқу сифатини яхшилаш усуллари
– Тартибга риоя қилиш. Ҳар куни, ҳатто дам олиш кунларида ҳам, бир вақтда ётиб, бир вақтда туриш уйқу сифатини яхшилайди.
– Ётишдан олдин хотиржамлик. Телефон ёки планшет экрани ўрнига мусиқа, китоб ёки медитацияни танланг. Кўк нур уйқу жараёнига салбий таъсир кўрсатади.
– Хавотирли фикрларни камайтириш. Эртанги режаларни ёзиб қўйиш ёки ташвишли фикрларни қоғозга тушириш орқали мияни бўшатинг.
– Қулай муҳит яратиш. Жим, қоронғи ва салқин хона чуқур уйқуга ёрдам беради. 18–20 °C ҳарорат идеал деб ҳисобланади.
– Ўзингизни мажбурламаслик. Агар ухлай олмасангиз, тўшакдан туриб, тинч машғулот билан шуғулланинг, сўнг уйқу келганда яна ётинг.
Мутахассислар таъкидлашича, уйқуга етарлича вақт ажратиш ва уни сифатли қилиш нафақат кайфият, балки умумий соғлиқ учун ҳам жуда муҳим.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!