
2003-йил 14-август куни АҚШ ва Канадада 50 миллиондан ортиқ одам йирик электр узилишидан азият чекди. Иссиқ ёз кунида юз берган бу ҳолат Нью-Йорк шаҳрини ҳам тўлиқ электрсиз қолдирди. Тиғиз соатларда юз берган узилиш транспортни издан чиқарди, метро ва йўловчи поездлари тўхтаб қолди, юзлаб одамлар лифтларда қамалиб қолди.
Кондиционерлар ишламай қолгач, кўчаларда одамлар сони кескин ошди. Мобил алоқа ва телевидение ишламади, айримлар вазиятни террор ҳужуми деб ўйлади. Минглаб одамлар парк ва пиёдалар йўлакларида тунашга мажбур бўлди.
Шам ёқиш оқибатида шаҳарда кўплаб ёнғинлар юз берди — фақат Бруклинда бир суткада 25 йирик ёнғин қайд этилди.
Текширувлар узилишнинг сабаби сифатида Оҳио штатидаги FirstEnergy компаниясининг станциясида кабел қизиб, дарахтларга тегиб кетгани, ҳимоя тизимлари ишга тушиб, занжирсимон ҳодиса юзага келганини аниқлади. Дастурий носозлик сабаб операторлар вазиятни вақтида баҳолай олмади.
29 соат ўтиб Нью-Йоркда электр тикланди. Мутахассислар бу воқеани АҚШ электр тармоқларининг эскирган инфратузилмаси ва кам инвестиция оқибати деб баҳоламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар