Сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов китоб ўқиш заруратини ўз ҳаётий кузатишлари асосида «Миядаги кинотеатр» мақоласи орқали изоҳлашга ҳаракат қилган.
Мақолада АҚШда таниқли режиссёр билан «Энг яхши кинотеатр ва кино» мавзусида бўлиб ўтган учрашувда энг зўр ва сифатли кинотеатр ўзимизнинг миямиз эканлиги исботлаб берилгани баён этилади.
Ёшлигимда уйимизда энг кўп эшитганим бу: «Бадиий китоб ўқигин»,— бўларди. Менда эса доим бир савол туғиларди: «Нима учун бадиий китоб ўқишим керак?».
Бироқ бу саволга ўзим кутган жавобни ҳеч кимдан олмаганман. Лекин барибир бадиий китобларни ўқирдим. Йиллар ўтиб бу саволга жавоб топдим.
2012 йили АҚШда хорижий стажировкада бўлдим. Ўшанда Калифорния штатидаги бир учрашув бир умр ёдимда қолди. Унда таниқли бир режиссёр билан ижодий учрашув ўтказилган ва барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин эди. Мавзу «Энг яхши кинотеатр ва кино». Бундай вазиятдан фойдаланиш мақсадида мен ҳам ушбу учрашувга бордим. Бинода мен каби юзга яқин қизиқувчилар келишган. Барчамиз режиссёрни кутмоқдамиз. Ҳаммамиз ундан қандайдир бир фалсафий ёки профессионал маъруза кутардик.
Ниҳоят режиссёр кириб келди. Оддий ва камтарона кийимда. Ташриф буюрганлар кўплигини кўриб ҳайрон ҳам қолди. Салом-аликдан сўнг бир қизиқ савол билан барчамизга мурожаат қилди. «Дунёдаги энг сифатли ва қулай кинотеатр қаерда жойлашган?». Кўпчилик ҳайрон қолди кутилмаган саволдан.
Шунда биринчи қаторда ўтирган қиз Сан-Францискода жойлашган The Castro Theatre кинотеатри»,— деб жавоб берди.— Сабаби у АҚШдаги энг қадимий кинотеатрлардан биридир». Жавоб нотўғри.
Иккинчи қаторда ўтирган кореялик йигит ҳам ўз вариантини айтди: «Сеул шаҳридаги ‘Sine de Chief’ кинотеатри. Унда сиз кино вақтида бемалол овқатга буюртма қилишингиз, бир вақтнинг ўзида ҳам кинодан, ҳам овқатдан завқланишингиз мумкин. Шуниси билан ҳам қулай». Жавоб яна йўқ.
Тепароқда ўтирган қиз қўлини кўтариб ишонч билан деди: «Мен дунёнинг кўп мамлакатларида саёҳатда бўлганман ва албатта кўп кинотеатрларга ташриф буюрганман. Сизнинг саволингизга жавоб бу - Афинадаги ‘Sien Thisio кинотеатридир. Ушбу кинотеатр очиқ осмон остида жойлашган. Шундоққина Акропол ва Пантеон ёнида сиз ўзингизни антик даврга саёҳат қилгандай ҳис қиласиз». Жавоб яна йўқ.
Шундан сўнг аудиториядагилар Лондон, Москва, Берлин, Токиодаги 10га яқин кинотеатрлар номлари ва у ердаги қулайликлар ҳақида сўзлашди. Барчасига режиссёр томонидан жавоб «йўқ» бўлди. Сўнг барча ташриф буюрувчилар бир овоздан топа олмадик: «Ўзингиз айтинг»,— дейишди.
Режиссёр томонидан берилган жавоб мени бутунлай ўйлантириб қўйди.
У ўнг қўли билан пешонасига уриб: «Мана энг зўр ва сифатли кинотеатр»,— деди. Бутун зал бир овоздан кулиб юборди. Шунда у шошилмасдан фикрини асослашга ўтди.
«Тўғри, бу жавобим сизларга ғалати туюлаётгандир ёки мени қариб қолган, деб ўйлаётгандирсизлар. Йўқ! Фикримни сизларга исботлаб берсам. Ҳар бир инсон бадиий китоб ўқиганида унинг ўз кинотеатри ишга тушади ва ўқиётган воқеани сюжет шаклида кўришни бошлайди. Кино бу режиссёр тасарруфидаги ҳолатнинг тасмага тушган шакли. Шунинг учун аввал китоб ўқиб, сўнг ушбу асарга ишланган кинони кўрсангиз биринчи берадиган саволларингиз шундай бўлади: «Мен воқеани ёки актёрларни бошқача тасаввур қилган эдим. Ўхшамабди, менинг Жюльеттам бошқачароқ, сал бўйи узунроқ эди. Кинода эса пастроқ».
Яъни китоб ўқиш жараёнида ўз кинотеатрингиз ишга тушади ва ушбу кинонинг режиссёри ўзингиз бўласиз. Бу ерда савол туғилади, яъни нега баъзи кинолар зерикарли бўлади ёки кинотеатрлар ҳувиллаб қолган. Бунинг жавобини сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Келинг, аввал ҳар биримиз ўзимизнинг кинотеатрни қандай қуриш мумкинлиги ҳақида гаплашсак. Агар сиз кўп бадиий китоб ўқимаган бўлсангиз, демак сизда 1920 йиллардаги, яъни Чарли Чаплиннинг оқ ва қора тасмали кинотеатри ишламоқда.
Шунинг учун сизнинг кинотеатрингиз жуда зерикарли ва сифатсиз. Бундай ҳолатда китоб ўқиганингизда кўнгил айниш, бош оғриғи ва уйқу каби ҳолатларга дуч келасиз ҳамда китоб бошланмасдан ёпилади. Тасаввур қилинг, ҳозирги энг кассабоп кинони олайлик, ҳозир масалан «Аватар» киносини ҳам оқ-қора тасмада қўйиб берсам, 10 дақиқадан сўнг залда деярли ҳеч ким қолмайди. Худди шундай, бадиий китобни ҳам замонавий 3D кўзойнагида кўриб ўқиш лозим».
Шунда залдан савол бўлди, қандай қилиб ўз кинотеатримизни замонавий 3D ҳолатига олиб келишимиз мумкин?
«Кўпроқ китоб ўқиш билан. Сиз дастлабки 5та бадиий китобингизни ўқиш жараёнингизда сюжетларни оқ ва қора ҳолатда кўрасиз. Шунинг учун дастлабки жараёнда жуда ҳам қизиқарли ва ҳажми катта бўлмаган китобни ўқишни тавсия этаман. 5-10та бадиий китобни ўқиганингиздан кейин сиз рангли тасмага ўтасиз. Мисол учун, ‘Граф Монте Кристо’ни ўқиётганингизда Марселнинг, ҳатто лабини ва кўз рангини кўришни бошлайсиз.
Дейлик, 15-бадиий китобни ўқиганингиздан сўнг кинотеатрингиз барча сюжетларни ва қаҳрамонларни Full HD форматида кўришни бошлайсиз. Бунда муаллиф томонидан таърифланган барча воқеаларни ипидан игнасигача аниқ равшан кўришни бошлайсиз. Бу ҳолатда сизни ярим кечаси уйғотиб, ўқиган китобингиз ҳақида сўрашса, ҳеч иккиланмай ҳар бир бетини айтиб бериш ҳолатига борасиз».
Аудиториядан қизиқувчан талабалар томонидан яна савол бўлди: «15-китобдан кейин қандай кинотеатр бўлади?».
«Даҳшат бўлади. Сиз 3D тасвирдаги кинони кўришни бошлайсиз. Сиз энди тизимли фикрлашга ўтасиз. Тасаввур қилинг, 1000 бетли китобни ўқияпсиз. Бунда сиз биринчи бетдаги сюжет билан 875-бетдаги сюжет ўртасидаги воқеаларни боғлай оласиз. Сиз муаллиф ёзмаган, бироқ айтмоқчи бўлган гапини ҳам тушуна бошлайсиз. Шунингдек, сиз мутолаа қилишни бошлайсиз.
Сиз савол беришни бошлайсиз, нега бундай бўлди, нима учун ёзувчи қаҳрамонни ўлдирди, бошқача йўл тутса ҳам бўларди-ку ва ҳоказо. Мана шу ҳолатга етган инсонлардагина фикрлаш пайдо бўлади, фикр мукаммаллашса у ғояга айланади, ғоя ноодатий ҳолатни талаб қилса бу креативлик бўлади. Агар сиз креативликни ҳаётга татбиқ этсангиз, бу инновация бўлади».
Мана сизларга ҳурматли тингловчилар, қаердан инновация пайдо бўлиши мумкин.
Ушбу воқеани куни кеча Президентимизнинг «Ҳар бир раҳбар кунига камида 50 бет китоб ўқиши керак», деган сўзларидан сўнг ёзишга киришдим.
Сабаби бугун давлат бошқарувида ОАВ ва жамиятимизда энг кўп ишлатилаётган сўзлардан бири бу, албатта, инновациядир. Фақат кунига 1000 марта ушбу сўзни ишлатганингиз билан бирор соҳага инновация ўз-ўзидан кириб қолмайди. Агар биз давлат ва жамият бошқарувида инновацияни қўлламоқчи эканмиз, аввал ҳар биримиз ўзимизнинг кинотеатримиз қайси аҳволдалигига назар солайлик. Оқ ва қора тасмали кинотеатр билан ҳеч қандай инновация қўллаб бўлмайди.
Агар ҳар биримизнинг кинотеатримиз қайси ҳолатдалигини аниқлайдиган ускуна бўлганда борми, кўпчилик XXI асрда яшаб ҳалиям оқ ва қора «Чайка» телевизорларда яшаб келаётганига гувоҳ бўлармидик...
Балки шунинг учун ҳам инновация жуда қийинчилик билан жамиятимизга кириб келаётгандир. Давлат хизматида фаолият юритаётганларнинг кўпчилигидан охирги ўқиган бадиий китоб номини айтиш сўралса, жавоб оддий: иш кўп китоб ўқишга вақт йўқ. Шу ерда савол туғилади, нима учун баъзи давлат ходимлари берилган топшириқларни тўлиқ тушунмайди ёки ўз соҳасига янгилик кирита олмайди? Нега жудаям юмуши кўп Билл Гейтс, Барак Обама ёки Илон Маск ҳар йили ўзи ўқиган 10та китоб рўйхатини эълон қилади? Билл Гейтс билан интервьюда журналист унга савол берганди: «Жаноб Гейтс, сизнинг доим янгилик қилишингизга биз кўникиб бормоқдамиз. Ушбу янгиликларни қаердан оласиз?». Жавоб жуда оддий бўлганди: «Мен кунига оз бўлса ҳам китоб мутолаа қиламан. Бу доимо фикрларим тиниқлигига ва янгилик қилишга куч беради».
Ҳар йили дунё мамлакатларининг китобхонлик рейтинги эълон қилинади. 2017 йил якунларига кўра, Хитой, Испания ва Россия давлатлари фуқаролари ҳафтасига 7-9 соат китоб мутолаа қилиши маълум бўлган. Шунингдек, ушбу тадқиқотда аҳоли сонига нисбатан китоблар савдоси сони таққосланар экан. Лекин Ўзбекистон кучли 100 таликда ҳам йўқ. Кучли 20 таликдаги давлатлар билан давлат бошқарувида инновацияни аниқлайдиган рейтингни солиштирсак, аксарият давлатлар мос келади. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, китобхонлик ривожланган мамлакатлар инновацион ғоялар билан ўзаро боғлиқдир.
Савол: сизнинг кинотеатрингиз қай аҳволда?
Манба: Daryo.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади