Родриқо Неймар билан ишлаш тажрибаси ҳақида гапириб берди

"Реал Мадрид" ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Родриқо ўз ватандоши Неймардан қандай илҳомланиши ҳақида гапириб берди. 23 ёшли футболчи терма жамоа сафида афсонавий ҳужумчи билан бирга тўп суриш унинг учун катта шараф эканини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Родриқо ҳам Неймар каби "Сантос" клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2010 йилда Неймар Бразилия терма жамоасида дебют қилганида бор-йўғи тўққиз ёшда бўлган.

Орадан тўққиз йил ўтиб, улар терма жамоада жамоадошга айланишди.
«Неймар каби қаҳрамоним билан бирга ўйнаш ақл бовар қилмас тажриба бўлди. Унинг машғулотлари, фикрлаши ва муҳим ўйинларга ёндашувини кузатиб, жуда кўп нарсани ўрганиш мумкин», — деди Родриқо GOAL нашрига берган интервьюсида.
Ҳозирда Родриқо ҳам янги авлод учун намуна бўлишга интилмоқда. У Сан-Паулу чеккасидан чиқиб, "Реал Мадрид" каби гранд клубда 297 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлди.
Футболчи ёшларни майдонда қувонч билан ўйнашга ва интизомли бўлишга чақирди.
Афсуски, Родриқо тиззасидан олган оғир жароҳати сабабли операция қилинди ва бир муддат майдонга туша олмайди. Бироқ у янада кучли бўлиб қайтишга ва келажакда катта ғалабаларга эришишга ваъда берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!