Туркия Республикаси – Осиёнинг ғарбий қисмида ва бир қисми Европанинг Жанубий қисмида жойлашган. Шарқ ва ғарбни бир-бирига боғловчи кўприк саналган ушбу давлат таълим тизими Европа стандартларига мос келади. Ўқиш учун тўлов нархининг арзонлиги, ёқимли иқлим ва бой маданият унинг жозибасини янада оширади. Туркияда ўқиш учун нима қилиш керак? Қандай грантлар бор? Ўқишга борган талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши мумкинми?
Бу ҳақда Kun.uz`га Туркиянинг Карабук университетида таҳсил олаётган Сарвиноз Омонова батафсил сўзлаб берди.
Сарвиноз Омонова 1996 йилнинг 17 февралида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида туғилган. У 24 ёшда. Туркиядаги Карабук университетининг социология йўналишида таҳсил олади. Рус ва инглиз тилларини билади.
Туркияга келишим ҳақида
Болалигимда кўп соҳаларга қизиқардим, лицейни битиргунимча фикрим жуда кўп ўзгарган. Тасвирий санъат, дизайн, адабиёт, журналистика... Ахийри психологияда тўхталдим. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига ҳужжатларимни топширдим. Контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Нега Тошкент? Пойтахт имкониятлар шаҳри эди, ҳам ижодий юксалиш, ҳам фан билан шуғулланиш учун. Аммо бир йил ўтиб, кўп талабаларнинг ўқиши бошқа-бошқа вилоятларга кўчирилди. Самарқанд давлат университетида ўқишни танладим. Кейинги уч йил шу ерда ўқидим. Бакалавриатда олган билимларим қониқтирмади. Магистратурани чет элда ўқишни хоҳлардим. Туркия энг маъқул танлов эди.
Ҳар бир одамнинг боришни орзу қилган, кўнглига яқин мамлакати бўлади. Масалан, Америкага боришни умуман орзу қилмаганман, Европага эса қизиқишим бор, аммо орзу даражадасидамас. Туркияга келишни эса доим ният қилганман. Турк тилини 4-5 йил олдин ўрганишни бошладим. Келганимда фойдаланиш иккинчи даражали сабаб эди, асосан, бу тил жуда ёққани учун ўргандим. Денгиз, гўзал манзаралар, ўзига хос архитектура – тасвирий санъатга ошуфта одамни булар ҳам жалб қилиши тайин.
Ўтган йили бакалавриатни тугатгач, магистратурада ўқиш учун Туркиянинг Карабук университетига ҳужжатларимни онлайн топширдим. Университет айни вақтда дунёнинг энг яхши университетлари мингталигига киради. Психология бўйича магистратура дастури йўқлиги учун унга яқин социология йўналишини танладим. Ҳеч қандай имтиҳон бўлгани йўқ. Диплом баҳоларимнинг юқорилиги ва хорижий тилларни билишимга қараб шартнома асосида қабул қилишди. Ҳозир 1-курсда ўқияпман.
Илк таассуротлар
Истанбул аэропортидан чиққач, биринчи навбатда орзуимни амалга оширганимдан хурсанд бўлдим. Тасаввурим торлик қилгани илк бор ўзимга ёқарди: чунки ўйлаганимдан-да чиройли жойлар экан. Инфратузилманинг яхши ривожлангани, ҳар қадамда аҳоли ва туристлар учун яратилган қулайликлар эътиборимни тортди. Ҳам Осиё, ҳам Европа нафаси бор. Архитектурасида, одамларида, ҳар ерда. Хилма-хилликнинг гўзал уйғунлигидан ҳайратда қолдим.
Туркия – яшаш учун қулай мамлакат. Тўғри турмуш тарзи кечирадиган кишига ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Кўпчилик баъзи стереотиплари туфайли Туркияда ўқиш фикридан мени қайтармоқчи бўлган. Ҳозир уларнинг қўрқув ва хавотирлари асоссиз эканини кўриб турибман.
Истанбул гўзал бўлса-да, жуда шовқинли, юқори темпли шаҳар. Аммо ишлаш ва ўқиш учун тинч шаҳарлар ҳам бор. Энг муҳими, қаерга борманг, ривожланишдан ортда қолиб кетмаган жой эканига гувоҳ бўласиз. Хизмат кўрсатиш соҳалари яхши йўлга қўйилган.
Турк халқи хушмуомала, меҳмондўст ва бағрикенг. Ёрдам беришга доим шай. Уларнинг ёрдамсеварлигига қойил қолдим. Ҳайвонларга муносабатини-ку, ҳамма билса керак: мушук ва итларга озор берадиган одамни кўрмайсиз, бу жониворларнинг бемалоллигига баъзан ҳавас ҳам қиласиз.
Ўқишни “музлатиб” қўйиш мумкин
Туркиянинг таълим тизими анчайин ривожланган. Турк ва инглиз тилларидаги дастурлар бор. Асосан тўлов-шартнома асосида ўқиш мумкин. Бироқ ўқиш даврида грант ютиб олиб, харажатларингизни қоплай оласиз. Хилма-хил грантлар мавжуд. Контракт нархлари университет нуфузи, жойлашган ери, таълим йўналишига қараб фарқланади. Мен ўқиётган университетда ўртаҳол ўзбек оиласининг фарзанди қийналмай, контракт тўлаб ўқиши мумкин.
Талабалар турар жойлари кўп. Давлатга тегишлилари ҳам, хусусийлари ҳам бор. Жой топиш муаммо эмас. Кўпчилиги икки ёки уч маҳал овқат ҳам беради. Истаганлар ижарага уй топиб, яшаши ҳам мумкин.
Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечакларнинг нархлари Ўзбекистондагидан унча фарқ қилмайди. Бу борада талабалар қийналмайди.
Талабаларга яратилган яна бир қулайлик ҳақида гапириб ўтмасам бўлмайди. Университетларга йилига икки марта қабул очилади: ёзда ва қишда. Университетга қабул қилингач, маълум бир сабабларга кўра ўқишга бора олмасангиз ёки контракт тўлашга имконингиз бўлмаса, ўқишингизни “музлатиб” қўйишингиз мумкин. Кейинги семестрдан бошлай оласиз. Кейинги курсларда ҳам шундай қилиш мумкин.
Университетда ўқиш осонми?
Талабаларга максимал даражада қулайликлар яратилган. Айниқса магистратура талабаларига. Ҳафтада бир кун ўқишга бораман. Танлаган фанларимдан дарсларнинг ҳаммаси бир кунда бўлар экан. Бошқа талабалар икки кун бориши ҳам мумкин. Оилали, ишли ёки бошқа шаҳарда яшовчи талабалар учун бу жуда қулай. Ҳафтанинг бир кунини университетда ўтказсам, қолган кунлари хонамда масофавий ишлайман, севимли машғулотларим билан шуғулланаман, кутубхонага бораман.
Университет кутубхонаси ҳафтада етти кун ишлайди, дам олиш кунлари барвақтроқ ёпилади, бошқа кунларда соат 22.00 гача очиқ бўлади. Имтиҳонлар вақтида эса 24 соат. Фанга шўнғишни истаган талаба учун яхши жой.
Туркияга ўқишга бориш учун нима қилиш керак?
Туркияда ўқишнинг икки кўриниши бор. Биринчиси – ҳар йили бўладиган “Türkiye Bursları” грантлар дастурига онлайн ҳужжат топшириш. Дастур бакалавриат, магистратура, докторантурада ўқиш имконини беради. Бепул турар-жой, суғурта, бир марталик бориб-келиш чиптаси, стипендия тақдим этилади. Номзоднинг диплом баҳолари, ният мактуби (мотивацион хат), сертификатлар ва яна бир қанча кўрсаткичлар инобатга олинади. Аммо дастурга дунё бўйлаб бир неча юз минг талаба топширгани учун ютиш имконияти кам.
Иккинчи йўл – контракт асосида ўқиш. Университетларда ҳужжат қабул қилиш ва имтиҳон вақтлари турлича. Ҳар бирининг расмий сайти орқали кузатиб бориш керак. Ҳужжатлар асосан онлайн қабул қилинади.
Туркиядаги давлат университетларининг бакалавриат босқичига кириш учун YÖS (Yabancı Uyruklu Öğrenci Sınavı) имтиҳони топширилади. У математика ва мантиқ бўйича 100та саволдан иборат. Имтиҳонда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 100. Абитуриент қанча кўп балл тўпласа, обрўли факультетларга кириш имкони шунча ортади. Имтиҳон асосан апрель-май ойларида бўлиб ўтади.
Ҳозир Ўзбекистонда ҳам Туркия университетларининг баъзилари YÖS синовларини ташкиллаштирмоқда. Хабардор бўлиш учун янгиликларни, Туркиядаги таълимга оид интернет саҳифаларини кузатиб бориш керак. Турк тилини билсангиз ва белгиланган амалларни бажара олсангиз, ўзингиз мустақил ўқишга киришингиз мумкин. Йўқса, баъзи фирмаларга мурожаат қилиб, ёрдам олса ҳам бўлади. Аммо уларнинг хизмат сифати, ҳалоллиги ва нархлари ҳақида бир нима дея олмайман.
Таълим тизимининг фарқли томонлари
Бу ерда ҳам талабалар, ҳам ўқитувчилар учун жуда қулай таълим тизими яратилган. Талабаларнинг кийиниши, кўриниши борасида ҳеч қандай қоида йўқ. Ҳар қандай иш университет сайти орқали олиб борилади. Талабалар (кўп бўлмаган) бир неча мажбурий фандан ташқари тақдим этилган фанлардан ўзига мақбулларини танлаб олади. Дарс жадвали, имтиҳонлар куни, талабанинг ўқиши билан боғлиқ барча масалаларни сайтдаги ўз саҳифасидан кўриб олиши мумкин.
Фан ўқитувчилари талабаларга семестр давомида маълум бир миқдоргача сабабсиз дарсга келмаслик имконини беради. Масалан, мен танлаган бир фандан 4 тагача дарс қолдиришим мумкин. Бундан ошиб кетса, тўплайдиган баллга таъсир қилади.
Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш имкони борми?
Ўқишга келишдан олдин xabardor.uz сайтида журналист сифатида иш бошлаган эдим. Ҳозир ҳам масофадан ишлашни давом эттиряпман. Бундан ташқари, daryo.uz сайтида ҳам колумнист сифатида психологик таҳлилий мақолалар бериб боряпман.
Бу ердаги талабаларнинг ишлашига кўп ҳолларда рухсат берилмайди. Аммо шунга қарамай, официантлик, сотувчилик ва шу каби ишлар билан шуғулланадиган талабалар бор.
Масофадан туриб, ўзбек сайтларида ишлаш имконига эгалигим учун хурсандман. Ўзимга ёққан фаолият билан шуғулланяпман. Ҳамма харажатларим учун ўзим пул ишлаб топяпман.
Турк тилини яхши билмаслигим ўқишни бошлашимга халал бермади
Дарслар турк тилида олиб бориладиган магистратура дастурига топширмоқчи бўлсангиз, турк тилини яхши билмаслигингиз ёки умуман билмаслигингиздан хавотир олманг. Турк тилида фикримни бемалол ифодалаш даражасида сўзлай олмасам-да, бу ўқишни бошлашим учун халал бермади. Бир йил ичида турк тилини B2 ёки C1 даражада билишимни тасдиқловчи сертификатни университетга топширсам етарли. Чет эллик талабаларни ўқитувчилар “аяйди”, осонроқ топшириқлар беради. Араб тилли талаба дарсни тушунмаганида ўқитувчи танаффус вақтида мавзуни унга араб тилида қисқача тушунтириб берганига ҳам гувоҳ бўлдим. Ўқитувчининг ҳам кўп тил билиши, ҳам бағрикенглигидан тўлқинланиб кетдим.
Мусофирлик – руҳият учун яхшигина синов
Мусофирлик – инсон ҳаётида юз бериши мумкин бўлган жуда фойдали тажриба. Руҳият учун яхшигина синов. Бегона мамлакатга келганда ақлни максимал даражада ишлатишга, доим сергак бўлишга тўғри келади. Чунки одатий муҳитдан йироқ бўлади одам. Бирор иши ўхшамаса, ёрдамга етиб келадиган яқинлари йўқ. Том маънода улғайиш юз беради.
Хорижий давлат қанчалик қулай, ривожланган, “жаннатмакон” туюлмасин, “маданий шок” ҳолатини ҳис қилишингизга тўғри келади. Бир ойлик эйфориядан кейин бегона муҳитнинг ноқулайликлари, янги жиҳатлари ёқмай қолади. Ўз мамлакатингиз, оилангиз, яқинларингиз, дўстларингизни соғинасиз, ўрганган таъмларингиз (миллий таомлар)ни қўмсайсиз. Мана шу даврда жуда кўп нарсалар ҳақида фикрлайсиз, турли ҳисларни бошдан кечирасиз.
Тушкунликнинг янги кўринишини енгиб ўтсангиз, янада кучли инсонга айланганингизни ҳис қиласиз. Ўйлашимча, ҳар бир инсон буни бошидан кечириши лозим. “Ватанимни севаман, шу ерда қоламан” деган баландпарвоз баҳоналар билан хорижда яшаб кўриш қўрқувидан қочмаслиги керак. Албатта, ривожланишни, дунёқарашини кенгайтиришни истайдиган одам бўлсангиз.
Коронавирус туфайли интернет ва телевизор орқали масофавий таълим Туркияда илк марта амалга ошириляпти
Туркияда илк бор коронавирус юқтириш ҳолати маълум бўлгач, зудлик билан касаллик тарқалмаслиги чора-тадбирлари кўрила бошлади. Университетларнинг талабаларига 16 мартдан эътиборан уч ҳафталик таътил берилди. Кўпчилик талабалар уйига кетиш тараддудига тушди. Одатда автобусларга интернет орқали чипта сотиб олишади.
Аммо таътил ҳақидаги хабар чиқиши билан интернет орқали чипта сотуви тўхтатилди. Талабалар чипта сотиб олиш учун автобус бекатларига шошилди. Натижада юзлаб одамларнинг бир жойга тўпланиши ҳолатлари кузатилди. “Бу таътил эмас, вирус тарқалмаслиги учун ҳимоя чораси эди. Касалликнинг олдини олиш ўрнига унинг тарқалишига имкон яратяпмиз. Италияда ҳам вирус шундай тарқалганди”, - деб ёзмоқда баъзи интернет фойдаланувчилари.
Мактаб ва лицейлар учун бир ҳафталик таътил эълон қилинди. Бу вақтда интернет ва телевизор орқали масофавий таълим берилар экан. Бу Туркияда илк бор амалга оширилаётган тажриба. Ҳозирча ҳамма ҳайрон. Дарслар қандай ўтилади? Ота-онаси ишда бўлган болалар масофавий дарсга уланиш ва билим олишни мустақил эплай оладими? Уйида компьютери бўлмаганлар нима қилади? Бу каби саволлар кўп.
Туркияда туризм ортидан кун кечирадиган жуда кўп бизнесларга зиён етмоқда. Аммо ҳукумат уларни ҳимоя қилиш чораларини амалга оширса керак.
Режаларим ҳақида
Магистратурани битиргач, нима иш билан шуғулланишим ҳақида аниқ қарорга келмадим. Замон шиддат билан ўзгармоқда, қизиқишларим ҳам кўп. Айни вақтда телеграмда психологияга доир “Фрейднинг чевараси” (https://t.me/sarvinoz_omonova) номли блогни юритяпман. Яқин ойлар учун асосий режам – блогни ривожлантириш ва психологияга оид барча учун долзарб мавзуларда илмий-оммабоп мақолалар бериб борувчи сайт очиш.
Бошида ўзим мақолалар ёзиб, забардаст психологларнинг асарларидан таржималар бериб бормоқчиман. Ҳозир бошлаб юборганман. Кейинчалик таржимонлар ва мутахассислар билан бу ишни янада ривожлантириш ниятидаман. Ўзбекзабон ўқувчиларнинг илмий-психологик асарларга чанқоғи кучли. Жаҳоннинг буюк психологлари 50 йил олдин ёзган китоблар ҳали-ҳамон ўзбек тилига таржима қилинмаган. Жамиятнинг психологлар, психологияга эҳтиёжи кучайиб бораётган даврда бу режамни амалга ошириш жуда зарур.
Қайси соҳада фаолият юритмай, энг асосий мақсадим одамларга зиё улашиш бўлиб қолаверади.
Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди